21
1
Исо маъбаднинг хазина қутисига эҳсон ташлаётган бойларга қараб,
2
икки чақа ташлаган бир камбағал бева аёлни ҳам кўрди.
3
Шунда Исо деди: “Сизларга ростини айтаманки, бу камбағал бева ҳаммадан кўра кўпроқ ташлади.
4
Чунки уларнинг ҳаммаси ўзларининг мўлчилигидан Худога бағишлади. Аммо бу аёл ўзининг ночорлигидан бор-йўғини берди”.
5
Баъзилар эса маъбаднинг нақадар гўзал тошлар ва иловалар билан безатилгани ҳақида гапираётганларида, Исо бунга деди:
6
“Шундай кунлар келадики, сизлар кўриб турган бинолардан тош устида тош қолмайди, ҳаммаси вайрон қилиб ташланади”.
7
Шогирдлар эса Ундан сўрадилар: “Устоз, булар қачон юз беради? Булар содир бўлишидан олдин қандай аломат бўлади?”
8
Исо деди: “Сизларни янглиштирмасликлари учун эҳтиёт бўлинглар! Чунки кўплар: Бу менман,- деб Менинг номимдан келадилар, уларнинг кетидан борманглар. Бу вақт эса яқиндир.
9
Уруш ва исёнлар ҳақида эшитганингизда, ваҳимага тушманглар. Чунки булар олдин бўлиб ўтиши керак, лекин охират дарров келмайди”.
10
Кейин Исо уларга яна деди: “Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади.
11
Айрим жойларда кучли зилзилалар, қаҳатчиликлар ва ўлатлар бўлади. Осмондан келган ваҳимали кўриниш ва буюк аломатлар бўлади.
12
Лекин буларнинг ҳаммасидан олдин сизларни қўлга олиб қувғин қиладилар, синагогаларга топшириб, зиндонларга ташлайдилар. Менинг номим учун сизларни подшоҳ ва ҳокимларнинг олдига олиб борадилар.
13
Булар сизларнинг гувоҳлик беришингиз учун содир бўлади.
14
Шундай қилиб, нима деб жавоб бериш ҳақида олдиндан қайғурмасликни юрагингизга солинглар.
15
Чунки Мен сизларга шундай оғиз ва донолик бераманки, сизларга қарши чиққанлардан бирортаси ҳам уни инкор этиб, қарши чиқа олмайди.
16
Ҳатто ота-она, ака-ука, қариндош ҳамда дўстларингиз сизларга хоинлик қиладилар, баъзиларингизни эса ўлимга топширадилар.
17
Менинг номим учун ҳамма сизлардан нафратланади.
18
Лекин бошингиздаги бир дона соч ҳам йўқолмайди.
19
Ўз сабр-тоқатингиз билан жонингизни сақлаб қолинглар.
20
Йерусалимни қўшинлар қуршаб олганини кўрганингизда, билингларки, унинг хароб бўлиш вақти яқинлашди.
21
Ўшанда Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочсин, шаҳарнинг ичида бўлганлар ундан чиқсин, шаҳар атрофида бўлганлар унга кирмасин.
22
Чунки барча қадимги Ёзувлар бажо этилиши учун бу кунлар қасос кунлари бўлади.
23
У кунларда ҳомиладор ва эмизувчи аёлларнинг ҳолига вой! Чунки ер юзида буюк офат бўлади ва бу халқнинг бошига қаҳр-ғазаб ёғилади.
24
Улар қилич тиғидан ўладилар ва барча миллатларга асирликка олиб кетиладилар. Мажусийларнинг даври тугамагунча, Йерусалим мажусийлар томонидан оёқ ости қилинади.
25
Қуёш, ой ва юлдузларда аломатлар содир бўлади. Ер юзида эса халқлар маъюсликка тушиб эсанкираб қоладилар. Денгиз шовуллаб тўлқинланади.
26
Одамлар оламга келаётган офатларни кутишдан ва қўрқувдан жонларини ҳовучлаб адо бўладилар. Чунки самовий кучлар ларзага келади.
27
Ўшанда булут устида, қудрат ва буюк шуҳрат билан келаётган Инсон Ўғлини кўрадилар.
28
Булар бажо бўла бошлаганида, халос бўлиш вақт-соатингиз яқинлашгани учун қаддингизни ростлаб бош кўтаринглар”.
29
Сўнг Исо уларга бир масални айтиб берди: “Анжир дарахтига ва бошқа дарахтларга қаранглар:
30
Улар куртак чиқариб барг ёзаётганини кўриб, ёз яқинлашиб қолганини ўзларингиз ҳам биласизлар.
31
Худди шунга ўхшаб, буларни содир бўлаётганини кўрганингизда, билингларки – Худонинг Шоҳлиги яқиндир.
32
Сизларга ростини айтаманки, бу авлод ҳали ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси бажо бўлади.
33
Еру осмон ўтиб кетади, лекин Менинг сўзларим ўтиб кетмайди.
34
Ўзларингизни эҳтиёт қилинглар! Айш-ишрат, майхўрлик ва ҳаётнинг ташвишлари билан юракларингизни юк босмасин, токи ўша кун бошингизга кутилмаганда тушмасин!
35
Чунки ўша кун ер юзидаги ҳар бир яшовчининг устига тўр каби тушади.
36
Шунинг учун доимо бедор бўлинглар ва ибодат қилинглар, шунда юз берадиган бу мусибатлардан халос бўлиб, Инсон Ўғли олдида ҳозир бўлишга сазовор бўласизлар”.
37
Шундай қилиб, Исо кундузи маъбадда таълим берар, тунларни эса шаҳардан чиқиб, Зайтун тоғида ўтказар эди.
38
Бутун халқ эса Исони маъбадда тинглаш учун эрталабдан Унинг ҳузурига келар эди.