20
1
Кўп ўтмай, ўша кунларнинг бирида Исо маъбадда халққа таълим бериб, Хушхабарни воизлик қилаётганида, олий руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар унинг олдига келиб,
2
Унга шундай дедилар: “Бизга айт-чи, Сен бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсан? Сенга бу ҳокимиятни ким берган?”
3
Исо эса уларга жавобан деди: “Мен ҳам сизлардан бир нарсани сўрайман, Менга айтинглар-чи:
4
Яҳёнинг чўмдириши Осмондан эдими, ёки инсонларданми?”
5
Улар эса ўзаро мулоҳаза қилиб шундай дедилар: “Агар Осмондан десак, У: Унда нима учун Яҳёга ишонмадингизлар?- дейди.
6
Лекин агар инсонлардан десак, бутун халқ бизни тошбўрон қилади, чунки улар Яҳёнинг пайғамбар эканлигига аминдирлар”.
7
Шунда улар: “Қаерданлигини билмаймиз”,- деб жавоб бердилар.
8
Исо эса уларга деди: “Мен ҳам бу ишларни қандай ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман”.
9
Кейин У халққа шундай масални сўзлай бошлади: “Бир одам узумзор ўтқазиб, уни боғбонларга топшириб, ўзи узоқ вақтга бошқа юртга кетди.
10
Вақти келганида, у боғбонлар олдига бир қулини юборди, токи улар узумзор ҳосилидан унга берсинлар. Лекин боғбонлар уни уриб, қуруқ қайтариб юбордилар.
11
Шунда у яна бошқа қулини юборди. Лекин уни ҳам уриб, ҳақорат қилиб, қуруқ қайтариб юбордилар.
12
У яна учинчисини юборди, аммо улар уни ҳам ярадор қилиб, қувиб юбордилар.
13
Шунда узумзор эгаси деди: Нима қилсам экан? Севимли ўғлимни юбора қолай. Улар уни кўрганларида, балки уни ҳурмат қилишар.
14
Лекин боғбонлар ўғлини кўрганларида, ўзаро мулоҳаза қилиб: Бу меросхўр! Уни ўлдирамиз, ўшанда унинг мероси бизники бўлади,- дедилар.
15
Шундай қилиб, ўғлини узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдирдилар. Узумзор эгаси уларни нима қилар экан?
16
У келиб ўша боғбонларни қириб ташлайди, узумзорни эса бошқаларга топширади”. Буни эшитганлар: “Худо асрасин!”- деб айтдилар.
17
Исо эса уларга қараб деди: “Унда: Қурувчилар рад этган тош бурчакнинг асосий тоши бўлди,- деб ёзилган оятнинг маъноси нима?
18
Бу тошга йиқилган ҳар бир киши парчаланиб кетади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб ташлайди”.
19
Олий руҳонийлар ва уламолар Исонинг бу масални улар ҳақида айтганини тушуниб, шу вақтнинг ўзида Уни қўлга олмоқчи бўлдилар, лекин халқдан қўрқдилар.
20
Шунинг учун улар Исони кузатиб, Унинг олдига ўзларини художўй қилиб кўрсатувчи маккор одамларни юбордилар, токи улар Исони ҳокимнинг қўлига ва ҳукмига топшириш учун Унинг айтаётган бирон сўзида Уни тузоққа илинтирсинлар.
21
Шундай қилиб, улар Исодан: “Устоз! Биз биламизки, Сен тўғри сўзлайсан ва таълим берасан, ҳеч кимга юз-хотирчилик қилмасдан, Худонинг йўлини ҳақиқатда ўргатасан.
22
Императорга солиқ тўлаш биз учун жоизми ёки йўқми?”- деб сўрадилар.
23
Лекин Исо уларнинг маккорлигини англаб, уларга деди: “Нима учун Мени васвасага соляпсизлар?
24
Менга бир динорни кўрсатинглар-чи! Ундаги сурат ва ёзув кимники?” Улар эса: “Императорники”,- деб жавоб бердилар.
25
Исо уларга: “Унда императорникини императорга, Худоникини Худога беринглар”,- деди.
26
Шундай қилиб, улар Исонинг халқ олдида айтган биронта сўзида Уни тузоққа илинтира олмасдан, Унинг жавобидан ҳайрон қолиб, жим бўлдилар.
27
Сўнг тирилиш бўлишини рад этадиган саддуқийлардан баъзилари келиб, Исога шундай дедилар:
28
“Устоз! Мусо бизга: Агар хотини бор одам фарзандсиз ўлиб кетса, унда укаси унинг хотинини олиб, ўз акасининг зурриётини тикласин,- деб ёзиб қолдирган.
29
Шундай қилиб, етти ака-ука бор эди. Биринчиси уйланиб, фарзандсиз ўлди.
30
Иккинчиси ўша хотинни олиб, фарзандсиз ўлди.
31
Шунингдек, учинчиси ҳам, ҳатто еттинчисигача ҳаммаси ўша хотинни олиб, фарзандсиз ўлдилар.
32
Ҳаммасидан сўнг ўша хотин ҳам ўлди.
33
Хўш, тирилишда у қайси бирининг хотини бўлади? Чунки еттовлари ҳам уни хотинликка олган эдилар-ку?!”
34
Исо уларга жавоб бериб деди: “Бу дунёнинг одамлари уйланадилар ва эрга тегадилар.
35
Лекин у дунёга ҳамда ўликлардан тирилишга сазовор бўлганлар эса уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар.
36
Улар энди ўла олмайдилар, чунки улар фаришталардек бўладилар. Улар тирилиш ўғиллари бўлиб, Худонинг ўғилларидир.
37
Мусонинг ўзи ҳам ёнаётган бута ёнида Раббийни “Иброҳимнинг Худоси, Исҳоқнинг Худоси ва Ёқубнинг Худоси”, деб атаб, ўликларнинг тирилишини кўрсатган эди.
38
Худо эса ўликларнинг эмас, балки тирикларнинг Худосидир, чунки Унда ҳамма тирикдир”.
39
Бунга жавобан уламолардан баъзилари: “Устоз, Сен яхши айтдинг”,- дедилар.
40
Бундан сўнг Исога бирон савол беришга ботина олмадилар.
41
Исо эса уларга деди: “Қандай қилиб Масиҳни Довуднинг ўғли дейишади?
42
Мана, Довуднинг ўзи Санолар китобида айтмоқда: Раббий менинг Раббимга айтди:
43
“Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтириб тургин”.
44
Шундай қилиб, Довуд Масиҳни Раббим, деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ унинг ўғли бўлади?”
45
Сўнг бутун халқ Уни тинглаб турганида, Исо шогирдларига деди:
46
“Узун кийимлар кийиб юришни, бозор майдонида олқиш олишни, синагогаларда юқори ўринда ва зиёфатларда тўрда ўтиришни яхши кўрадиган уламолардан эҳтиёт бўлинглар!
47
Улар беваларнинг уй-жойларини шилиб, риёкорлик билан узоқ ибодат қиладилар. Улар оғирроқ ҳукмга дучор бўладилар”.