19
1
Сўнгра Исо Йерихога кириб, ундан ўтиб кетаётган эди.
2
Мана, у ерда солиқчиларнинг бошлиғи бўлган Заккай исмли бир одам бор эди. У бой эди.
3
У, Исо ким экан, деб Уни кўришга интилар эди. Бироқ халойиқ кўплигидан Уни кўра олмас эди, чунки у бўйи паст одам эди.
4
Шунинг учун Заккай олдинга югуриб бориб, Исони кўриш учун анжир дарахтига чиқиб олди, чунки Исо ўша ердан ўтиши керак эди.
5
Исо эса у жойга келганида, юқорига қаради ва Заккайни кўриб, унга деди: “Заккай! Тезроқ пастга туш, чунки Мен бугун сенинг уйингда бўлишим керак”.
6
У шошилиб пастга тушди ва Исони хурсандчилик билан меҳмон қилди.
7
Буни кўрганларнинг ҳаммаси нолий бошлаб: “У гуноҳкор одамнинг уйида меҳмон бўлди”,- дедилар.
8
Заккай эса ўрнидан туриб Раббийга: “Ҳазратим, мол-мулкимнинг ярмини қашшоқларга бўлиб бераман. Агар бировнинг ҳақини еб кетган бўлсам, тўрт баробар кўпайтириб қайтариб бераман”,- деди.
9
Исо унга деди: “Бугун бу уйга нажот келди, чунки бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғлидир.
10
Чунки Инсон Ўғли ҳалок бўлганларни излаб топиш ва қутқариш учун келди”.
11
Улар ҳали буни тинглаётганларида, Исо бир масални қўшимча қилиб айтиб берди, чунки улар Исонинг Йерусалимга яқинлашиб қолгани сабабли Худонинг Шоҳлиги дарҳол намоён бўлиши керак, деб ўйлашар эди:
12
“Бир олижаноб одам ўзига салтанат олиш учун узоқ мамлакатга жўнаб кетаётган экан.
13
Ўзининг ўнта қулини чақириб, уларга ўн манеҳ пул бериб: Мен қайтиб келгунимча, пулни ишга солинглар,- деди.
14
Лекин унинг фуқаролари уни ёмон кўришар экан. Улар унинг орқасидан элчилар юбориб: Бу одам бизга подшоҳ бўлишини хоҳламаймиз,- деб айтдилар.
15
Шундан сўнг у салтанатни олиб, ўз ватанига қайтиб келганида, берган пулидан ким қанча даромад қилганини билиш учун, ўша қулларини ёнига чақиришни буюрди.
16
Биринчиси келиб: Хўжайин, сизнинг манеҳингиз ўн манеҳ даромад келтирди,- деди.
17
Хўжайин унга: Маъқул, сен яхши қул экансан. Кичик ишда содиқ бўлганинг учун ўнта шаҳар устидан ҳоким бўлгин,- деди.
18
Иккинчиси келиб: Хўжайин, сизнинг манеҳингиз беш манеҳ даромад келтирди,- деди.
19
У эса унга деди: Сен ҳам бешта шаҳар устидан бўлгин.
20
Учинчиси ҳам келиб: Хўжайин, мана сизнинг манеҳингиз. Мен уни рўмолчага тугиб асрадим.
21
Чунки мен сиздан қўрқдим, зеро сиз қаттиққўл одамсиз. Сиз қўймаганингизни оласиз, экмаганингизни ўрасиз,- деди.
22
Хўжайини эса унга деди: Эй, ёвуз қул, мен сени ўз оғзинг билан ҳукм қиламан! Менинг қаттиққўллигимни ҳамда қўймасдан олишимни, экмасдан ўришимни билар эдинг.
23
Нега сен пулимни саррофликка солмадинг? Шунда мен келиб, уни фойдаси билан қайтариб олар эдим.
24
Кейин хўжайин ёнида турганларга деди: Ундан бир манеҳни олиб, ўн манеҳи борга беринглар.
25
Унга эса: Хўжайин, унинг ўн манеҳи бор-ку!- деб айтдилар.
26
Сизларга айтаманки, кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, ундан ҳатто бори ҳам тортиб олинади.
27
Аммо менинг подшоҳлик қилишимни хоҳламаган ўша душманларимни бу ерга келтиринглар ва олдимда қириб ташланглар”.
28
Исо буни айтиб, Йерусалим томон йўлини давом эттирди.
29
Шундай қилиб, Зайтун, деб аталадиган тоққа ва Бейт-Фагея билан Бейт-Аниа қишлоқларига яқинлашганида, У икки шогирдини юбориб деди:
30
“Қаршингизда бўлган қишлоққа боринглар. Қишлоққа кирганингизда, боғлаб қўйилган, одам ҳеч қачон минмаган хўтикни топасизлар. Уни ечиб, бу ерга олиб келинглар.
31
Агар кимки сизлардан: Нима учун уни ечяпсизлар?- деб сўраса, сизлар: У Раббийга керак,- деб жавоб беринглар”.
32
Юборилганлар бориб, худди Исо айтганидек топдилар.
33
Хўтикни ечаётганларида, унинг эгалари улардан сўрадилар: “Нима учун хўтикни ечяпсизлар?”
34
Улар эса жавобан: “У Раббийга керак”,- дедилар.
35
Шундай қилиб, улар хўтикни Исонинг олдига келтирдилар ва устига ўз кийимларини ташлаб, Исони миндирдилар.
36
У миниб кетаётганида, одамлар ўз кийимларини йўлга тўшар эдилар.
37
Исо эса Зайтун тоғидан пастга тушадиган йўлга яқинлашганида, шогирдларининг кўпчилиги кўрган барча мўъжизалари учун қувонч билан баланд овозда Худони улуғлай бошладилар:
38
“Раббий номидан келаётган Подшоҳ муборакдир! Осмонда тинчлик ва юксакликда шуҳрат!”
39
Халқ орасидаги баъзи фарзийлар эса Исога дедилар: “Устоз, шогирдларингга буни ман қил!”
40
Аммо Исо уларга жавоб бериб: “Сизларга айтаманки, агар улар жим бўлсалар, унда тошлар ҳайқирадилар”,- деди.
41
Шундай қилиб, Исо Йерусалимга яқинлашганида, шаҳарга қараб унинг ҳолига йиғлаб юборди:
42
“Ҳеч бўлмаса, шу кунингда сенинг тинчлигингга нима хизмат қилишини билсанг эди! Бироқ ҳозир бу нарса кўзларингдан яшириндир.
43
Чунки бошингга шундай кунлар тушадики, душманларинг атрофингда хандақ қазиб, ҳар тарафдан қуршаб олиб эзадилар.
44
Сени ерга ағдариб ташлаб, сенинг фарзандларингни қирғин қиладилар. Сени йўқлаб келиш вақт-соатини билмаганинг учун, сенда тош устида тош ҳам қолдирмайдилар”.
45
Бундан кейин Исо маъбадга кирди ва ичкарида олди-сотди қилаётганларни қувиб чиқара бошлаб,
46
уларга шундай дер эди: “Менинг уйим – ибодат уйидир,- деб ёзилган. Сизлар эса уни қароқчилар уясига айлантирдингизлар!”
47
Исо ҳар куни маъбадда таълим берар эди. Олий руҳонийлар, уламолар ва халқ оқсоқоллари эса Уни ҳалок қилиш йўлини излар эдилар.
48
Лекин бунинг имконини топа олмас эдилар, чунки бутун халқ Исодан айрилмай, Уни тинглар эди.