18
1
Исо шогирдларига нолимасдан доимо ибодат қилиш кераклиги ҳақидаги шу масални айтиб берди:
2
“Бир шаҳарда Худодан қўрқмайдиган, одамлардан ҳам уялмайдиган бир судья бор эди.
3
Ўша шаҳарда бир бева хотин ҳам яшар эди. У судьянинг олдига келавериб: Мени рақибимдан ҳимоя қилинг,- деб ўтиниб сўрар эди.
4
У эса анча вақтгача бунга эътибор бермаган эди. Охирида ўз ўзига деди: Мен Худодан қўрқмайман, одамлардан ҳам уялмайман,
5
бироқ бу бева менга тинчлик бермаётгани учун уни ҳимоя қилай, токи у яна келавериб, мени безовта қилмасин”.
6
Шунда Раббий деди: “Ноҳақ судья нима деганини эшитяпсизми?
7
Худо уларга узоқ сабр-тоқат қилса-да, наҳотки Унга кечаю кундуз фарёд қилаётган Ўзининг танланганларини ҳимоя қилмаса?
8
Сизларга айтаманки, уларни тез орада ҳимоя қилади. Бироқ Инсон Ўғли келганида, ер юзида имон топармикан?”
9
Ўзининг ҳақлигига амин бўлиб, бошқаларни эса камситиб юрган баъзи одамларга Исо шу масални айтиб берди:
10
“Икки киши ибодат қилиш учун маъбадга кирдилар. Улардан бири фарзий, бошқаси эса солиқчи эди.
11
Фарзий туриб, ўз ўзича шундай ибодат қилар эди: Ё, Худо! Мен бошқа одамлардай талончи, жиноятчи, зинокор ёки бу солиқчи каби бўлмаганим учун Сендан миннатдорман.
12
Ҳафтада икки марта рўза тутяпман. Топганимдан ушр беряпман.
13
Солиқчи эса узоқда туриб, ҳатто кўзларини осмонга қаратишга ҳам ботина олмай, аммо кўкрагига уриб: Ё, Худо! мен гуноҳкорга раҳм шафқатли бўл!- деб айтар эди.
14
Сизларга айтаманки, бу одам уйига бояги одамдан кўра кўпроқ оқланиб кетди. Чунки ўзини юксалтирган ҳар бир киши пасайтирилади, ўзини пасайтирган эса юксалтирилади”.
15
Чақалоқларга қўлини тегизиши учун уларни Исонинг олдига олиб келар эдилар. Аммо шогирдлар буни кўриб, уларга тақиқлар эдилар.
16
Исо эса уларни ёнига чақириб, шундай деди: “Болаларни Менинг олдимга келишига ижозат беринглар ва уларга ман этманглар. Чунки Худонинг Шоҳлиги бундайларникидир.
17
Сизларга ростини айтаманки, кимки Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга кира олмайди”.
18
Бошлиқлардан бири Исодан: “Эзгу Устоз! Абадий ҳаётни мерос қилиб олишим учун нима қилмоғим керак?”- деб сўради.
19
Исо унга деди: “Нима учун сен Мени эзгу, деб атаяпсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким Эзгу эмас.
20
Амрларни биласан-ку: Зино қилма, Одам ўлдирма. Ўғирлик қилма. Сохта гувоҳлик берма. Ота-онангни ҳурмат қил”.
21
У эса жавобан: “Буларнинг ҳаммасини ёшлигимдан бери сақладим”,- деди.
22
Буни эшитиб Исо унга: “Сенга яна бир нарса етишмайди: эга бўлган ҳамма нарсангни сотиб, қашшоқларга тарқатиб бер ва Осмонда хазинага эга бўласан. Кейин келиб, Менинг ортимдан эргаш”,- деди.
23
Ўша одам бу сўзни эшитгач, жуда хафа бўлди, чунки у жуда бой эди.
24
Исо унинг хафа бўлганини кўриб деди: “Бойликка эга бўлганларнинг Худонинг Шоҳлигига киришлари нақадар қийиндир!
25
Бой одамнинг Худонинг Шоҳлигига киришидан кўра, туянинг игна тешигидан ўтиши осонроқдир!”
26
Шунда буни эшитганлар: “Ундай бўлса, ким нажот топа олар экан?”- дедилар.
27
Исо эса деди: “Одамларга имконсиз бўлгани Худога имконлидир”.
28
Шунда Петъёр: “Мана, биз ҳамма нарсани қолдириб, Сенинг ортингдан эргашдик-ку!”- деб айтди.
29
Бунга Исо деди: “Сизларга ростини айтаманки, Худонинг Шоҳлиги учун уй-жой, ота-она, ака-ука, опа-сингил ёки хотин-боласини қолдириб,
30
шу ҳозирги даврда янада ортиқроғини олмайдиган ва келгуси дунёда эса абадий ҳаётга эга бўлмайдиган киши йўқ”.
31
Исо ўн икки шогирдини четга чақириб, уларга деди: “Мана, биз Йерусалимга боряпмиз. У ерда пайғамбарлар томонидан Инсон Ўғли ҳақида ёзилганларнинг барчаси бажо этилади.
32
Чунки Уни мажусийларга топширадилар, Уни масхаралаб ҳақорат қиладилар, Унинг юзига тупурадилар.
33
Уни қамчилайдилар ва ўлдирадилар. Лекин У учинчи куни тирилади”.
34
Аммо шогирдлари ҳеч нарсани тушунмадилар. Бу сўзларнинг маъноси улар учун яширин эди, шунинг учун улар айтилганларни англамадилар.
35
Исо Йерихо шаҳрига яқинлашаётганида, бир кўр одам йўл чеккасида садақа сўраб ўтирган эди.
36
Унинг олдидан халойиқ ўтиб кетаётганини эшитиб: “Нима бўляпти ўзи?”- деб сўради.
37
“Нозарий Исо ўтяпти”,- деб унга айтдилар.
38
Шунда у: “Эй, Довуд Ўғли Исо, менга раҳм қил!”- деб бақирди.
39
Олдинда кетаётганлар эса уни жим бўлишга мажбурлашар эди. Лекин у янада баландроқ бақира бошлади: “Эй, Довуд Ўғли, менга раҳм қил!”
40
Исо тўхтаб, уни ёнига келтиришларини буюрди. Кўр келгач, Исо ундан сўради:
41
“Мен сен учун нима қилишимни истайсан?” У эса деди: “Ҳазратим, кўзларим кўрсин!”
42
Шунда Исо унга деди: “Кўзларинг кўрсин! Сенинг имонинг сени қутқарди”.
43
Шу заҳоти унинг кўзлари кўра бошлади. У Худога ҳамду санолар айтиб, Исонинг ортидан эргашди. Бутун халқ эса буни кўрганда, Худони улуғлади.