9
1
Саккизинчи куни Мусо Аҳарўн билан унинг ўғилларини ва Исроил оқсоқолларини чақириб,
2
Аҳарўнга шундай деди: “Гуноҳ қурбонлиги сифатида ёш буқачани ва тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида бенуқсон қўйни олиб, уларни Раббийнинг юзи қаршисида келтиргин.
3
Исроил ўғилларига эса: "Гуноҳ қурбонлиги сифатида такани, тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида бенуқсон бир ёшар буқача ва қўзини,
4
тинчлик қурбонлиги сифатида эса ҳўкиз ва қўйни қурбонлик қилиш учун Раббийнинг қаршисига олиб келинглар, шунингдек, мой аралаштирилган нон бағишловини олиб келинглар, чунки бугун Раббий сизларга намоён бўлади",- дегин”.
5
Мусо буюрганларнинг барчасини Йиғин Чодири олдига олиб келдилар ва бутун жамоа келиб, Раббийнинг юзи қаршисида турди.
6
Шунда Мусо: “Раббий буларни бажаришимизни буюрди ва Раббийнинг шуҳрати сизларга намоён бўлади”,- деди.
7
Сўнг Мусо Аҳарўнга: “Қурбонгоҳ ёнига келиб, ўзинг учун гуноҳ қурбонлиги ва тамоман ёндириш қурбонлигини келтириб, ўзингни ҳамда халқни покла. Кейин халқ учун қурбонликни келтириб, Раббий буюрганидек, уларни покла”,- деди.
8
Аҳарўн қурбонгоҳ ёнига келиб, ўзи учун буқачани гуноҳ қурбонлигига сўйди.
9
Аҳарўннинг ўғиллари унга қонни олиб келишди ва у бармоғини қонга ботириб, қурбонгоҳнинг шохларига қўйди, қолган қонни эса қурбонгоҳнинг тагига тўкди.
10
Ёғи, буйраклари ва жигари устидаги ёғни эса, Раббий Мусога буюрганидек, қурбонгоҳда ёндириб юборди,
11
гўшти билан терисини эса қароргоҳдан ташқарида оловда ёндириб юборди.
12
Сўнг Аҳарўн тамоман ёндириш қурбонлигини сўйди. Аҳарўннинг ўғиллари унга қонни олиб келишди ва у қонни қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркади.
13
Сўнг унга тамоман ёндириш қурбонлигининг бўлаклари ва бошини олиб келишди. У буни қурбонгоҳда ёндириб юборди,
14
ички аъзолари ва оёқларини эса ювиб, тамоман ёндириш қурбонлиги билан бирга қурбонгоҳда ёндириб юборди.
15
Кейин халқ учун қурбонликни келтирди. У халқнинг гуноҳи учун такани олиб, уни сўйди ва аввалгиси каби уни гуноҳ қурбонлигига келтирди.
16
Шу тариқа тамоман ёндириш қурбонлигини келтириб, уни низом бўйича бажарди.
17
Сўнг нон бағишловини олиб келиб, шулар билан ҳовучини тўлдирди ва тонгги тамоман ёндириш қурбонлигига қўшиб, буни қурбонгоҳда ёндириб юборди.
18
Шунингдек, халқ учун тинчлик қурбонлигига ҳўкиз ва қўйни сўйди. Аҳарўннинг ўғиллари унга қонни олиб келишди ва у қонни қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркади.
19
Ҳўкизнинг ёғини, қўйнинг қуйруғини, ички аъзоларини қоплаб турган ёғни, буйракларни ва жигари устидаги ёғни ҳам олиб келишди.
20
У ёғни қурбонликнинг кўкраги устига қўйиб, ёғни қурбонгоҳда ёндириб юборди.
21
Кўкрак ва ўнг сонни эса, Мусо буюрганидек, Аҳарўн Раббийнинг юзи қаршисида силкитиб, Унга тақдим этди.
22
Сўнг Аҳарўн халқ томонга қаратиб қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди ва гуноҳ қурбонлиги, тамоман ёндириш ҳамда тинчлик қурбонликларини амалга оширгач, тушиб келди.
23
Сўнг Мусо Аҳарўн билан бирга Йиғин Чодири ичига киришди ва чиқиб, халқни дуо қилишди. Шунда Раббийнинг шуҳрати бутун халққа намоён бўлди.
24
Раббийдан эса олов чиқиб, қурбонгоҳдаги тамоман ёндириш қурбонлиги ва ёғни ютиб юборди. Буни кўрган бутун халқ қувонганидан ҳайқириб юборди ва юз тубан йиқилди.