8
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Аҳарўн ва у билан бирга унинг ўғилларини, кийимларини, мойлаш мойини, гуноҳ қурбонлиги сифатида буқани, иккита қўйни ҳамда бир сават ачитқисиз нонни олиб,
3
бутун жамоани Йиғин Чодирининг кириш жойи олдига йиққин”.
4
Раббий қандай амр қилган бўлса, Мусо шундай қилди. Бутун жамоа Йиғин Чодирининг кириш жойи олдида йиғилди.
5
Мусо жамоага: “Мана, Раббий бизга шу ишни қилишимизни буюрди”,- деди.
6
Сўнг Мусо Аҳарўнни ўғиллари билан олиб келиб, уларни сув билан ювиб,
7
Аҳарўннинг устига ички кўйлак кийдириб, унга белбоғни боғлади ва унга ридо кийдириб, устига эфодни қўйди, ва эфоднинг белбоғини унинг белига боғлаб, у билан эфодни боғлади.
8
Сўнг устидан кўкракпеч кийдириб, кўкракпечга урим ва туммимни ўрнатди,
9
бошига кидар кийдириб, кидарнинг олд томонига эса олтин лавҳа – муқаддасворлик тожини қўйди. Раббий Мусога буюрганидай, у худди шундай қилди.
10
Сўнг Мусо мойлаш мойини олиб, Чодир ҳамда ундаги барча нарсани мойлади ва буларни муқаддаслади.
11
Мойни қурбонгоҳга етти марта пуркаб, қурбонгоҳни, унинг барча ашёларини, ювингич ва унинг таглигини мойлади, токи булар муқаддас бўлсин.
12
Шунингдек, Аҳарўннинг бошига мойлаш мойини қуйиб, уни муқаддаслаш учун уни мойлади.
13
Сўнг Мусо Аҳарўннинг ўғилларини олиб келди ва, Раббий Мусога буюрганидек, уларга кўйлакларни кийдирди, уларга белбоғларни боғлаб, кидарларни кийдирди.
14
Сўнг гуноҳ қурбонлиги сифатида буқани олиб келди. Аҳарўн ва унинг ўғиллари эса гуноҳ қурбонлиги буқасининг бошига қўлларини қўйишди.
15
Мусо буқани сўйиб, қонини олди ва бармоғи билан қурбонгоҳнинг ҳар томондаги шохларига қўйди ва қурбонгоҳни поклади. Қолган қонни қурбонгоҳнинг тагига тўкиб, уни поклаш учун уни муқаддаслади.
16
Мусо буқанинг ички аъзоларидаги ҳамма ёғини, жигари устидаги ёғни, иккала буйраги ва уларнинг ёғини олиб, буларни қурбонгоҳда ёндириб юборди.
17
Буқани, унинг терисини, гўштини ҳамда нопокликларини эса, Раббий Мусога буюрганидек, қароргоҳдан ташқарида оловда ёндириб юборди.
18
Сўнг тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида қўйни олиб келди. Аҳарўн ва унинг ўғиллари эса қўлларини қўйнинг бошига қўйишди.
19
Мусо қўйни сўйиб, қонини қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркади.
20
Сўнг Мусо қўйни бўлакларга бўлиб, бошини, бўлаклари ва ёғини ёндириб юборди,
21
Ички аъзолари ва оёғини эса сувда ювиб, Мусо қўйни қурбонгоҳда бутунлай ёндириб юборди. Бу – Раббий Мусога буюрганидек, Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида тамоман ёндириш қурбонлигидир.
22
Сўнг Мусо бошқа қўй, аташ қўйини олиб келди. Аҳарўн ва унинг ўғиллари эса қўлларини қўйнинг бошига қўйишди.
23
Мусо қўйни сўйиб, унинг қонини олиб, Аҳарўннинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг катта бармоғига ҳамда ўнг оёғининг катта бармоғига қўйди.
24
Шунингдек, Мусо Аҳарўннинг ўғилларини олиб келиб, уларнинг ҳам ўнг қулоқлари солинчагига, ўнг қўлларининг катта бармоқларига, ўнг оёқларининг катта бармоқларига қон қўйди. Кейин Мусо қонни қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркади.
25
Сўнг Мусо қўйнинг ёғини, қуйруғини, ички аъзоларидаги ҳамма ёғни, жигари устидаги ёғни, иккала буйраги ва уларнинг ёғини ҳамда ўнг елкани олиб,
26
Раббийнинг қаршисидаги ачитқисиз нонлар турган саватдан битта ачитқисиз нонни, битта мой аралаштирилган нон ва битта кулчани олиб, уларни ёғнинг устига ва ўнг елканинг устига қўйди.
27
Сўнг буларнинг ҳаммасини Аҳарўннинг қўлларига ҳамда унинг ўғилларининг қўлларига қўйиб, буларни Раббийнинг юзи қаршисида силкитиб,Унга тақдим этди.
28
Мусо қурбонликларни уларнинг қўлларидан олиб, тамоман ёндириш қурбонлиги билан биргаликда қурбонгоҳда ёндириб юборди. Бу – Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида аташ қурбонлигидир.
29
Сўнг Мусо кўкракни олиб, Раббийнинг юзи қаршисида силкитиб, Унга тақдим этди. Бу – Раббий Мусога буюрганидек, аталган қўйдан Мусонинг улуши эди.
30
Мусо мойлаш мойи ва қурбонгоҳ устидаги қонни олиб, Аҳарўн ва унинг кийимларига, шунингдек, у билан бирга унинг ўғиллари ва ўғилларининг кийимларига пуркади. Шу тарзда, у Аҳарўн ва унинг кийимларини ҳамда у билан бирга унинг ўғиллари ва ўғилларининг кийимларини поклади.
31
Сўнг Мусо Аҳарўн билан унинг ўғилларига деди: “Сизлар Йиғин Чодирининг кириш жойи олдида гўштни қайнатиб, менга амр қилиб: "Буни Аҳарўн ва унинг ўғиллари ейишлари керак", деб айтилганидек, аташ саватидаги нон билан ўша жойида буни енглар.
32
Гўшт ва ноннинг қолганини эса оловда ёндириб юборинглар.
33
Сизларнинг аташ кунларингиз тугамагунича, етти кун Йиғин Чодирининг кириш жойидан кетманглар. Чунки сизларнинг аташ маросимингиз етти кун давом этиши керак. 34.Бугун қандай қилинган бўлса, сизларни поклаш учун Раббий шундай қилишни буюрди.
35
Шунинг учун етти кун давомида куну тун Йиғин Чодирининг кириш жойида қолинглар ва ўлмасликларингиз учун Раббийнинг олдида бедорликда бўлинглар. Зеро Раббий менга шундай амр қилди”.
36
Шундай қилиб, Аҳарўн ва унинг ўғиллари, Раббий Мусо орқали буюрган барча ишларни бажардилар.