7
1
Мана бу – айбдорлик қурбонлиги қонуни, бу – буюк муқаддасворликдир:
2
Айбдорлик қурбонлигини тамоман ёндириш қурбонлиги сўйиладиган жойда сўйиш керак, унинг қонини эса қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркаш керак.
3
Руҳоний унинг ҳамма ёғини, қуйруғини, ички аъзоларини қоплаб турган ёғни,
4
шунингдек, иккала буйрагини, уларнинг устидаги ҳамда биқинидаги ёғ ва жигари устидаги ёғни келтирсин. Уни буйраклари билан ажратиб олсин.
5
Руҳоний буларни Раббийга олов қурбонлиги сифатида ёндириб юборсин. Бу – айбдорлик қурбонлигидир.
6
Руҳоний авлодининг ҳамма эркаклари буни ейиши мумкин. Муқаддас жойда буни ейиш керак. Бу – буюк муқаддасворликдир.
7
Гуноҳ қурбонлиги ҳақидаги каби, айбдорлик қурбонлиги ҳақида ҳам қонун бир: у руҳонийга тегишлидир, ва шу орқали руҳоний одамни поклайди.
8
Руҳоний эса бирор кишининг тамоман ёндириш қурбонлигини келтирганида, келтирган қурбонлигининг териси руҳонийга тегишлидир.
9
Шунингдек, ўчоқда пиширилган ва хумда ёки товада пиширилган ҳар қандай нон бағишлови ҳам буларни келтираётган руҳонийга тегишлидир.
10
Ҳар қандай нон бағишлови: мой билан аралаштирилгани ҳам, қуруғи ҳам Аҳарўн ўғилларининг ҳар бирига тегишлидир.
11
Мана бу ― Раббийга келтириладиган тинчлик қурбонлиги ҳақидаги қонун:
12
Кимки миннатдорчиликда уни келтирса, унда у миннатдорлик қурбонлиги билан бирга мой аралаштирилган ачитқисиз нонларни, мой суртилган ачитқисиз кулчаларни, мой шимдирилган ун ва мойда пиширилган қотир нонни келтирсин.
13
Боз устига, тинч миннатдорчилик қурбонлиги билан у бағишлов сифатида кулчадан ташқари ачитқили нон ҳам келтириши керак.
14
Ушбу ҳамма бағишловлардан бирортасини у ҳадя сифатида Раббийга тақдим қилсин. Бу ― тинчлик қурбонлигининг қонини пуркаётган руҳонийга тегишлидир.
15
Тинч миннатдорчилик қурбонлигининг гўшти эса келтирилган куни ейилиши керак, ундан тонггача қолдирмаслик шарт.
16
Агарда кимдир атаган назри бўйича ёки ихтиёрий равишда қурбонлик келтирса, унда қурбонлигини келтирилган куни уни ейиш керак, ундан қолганини эртаси куни ҳам еса бўлади.
17
Аммо қурбонлик гўштидан учинчи кунга қолганини оловда ёндириб юбориш керак.
18
Агарда тинчлик қурбонлигининг гўштини учинчи куни ейишса, унда қурбон қабул бўлмайди, уни келтирган кишининг фойдасига ҳисобланмайди, чунки бу булғанишдир. Ким уни еса, гуноҳини ўзида кўтариб юради.
19
Агарда тинчлик қурбонлигининг гўшти бирор нопок нарсага тегиб кетса, унда уни ейиш мумкин эмас, уни оловда ёндириб юбориш керак. Тоза гўштни эса ҳар бир пок одам ейиши мумкин.
20
Кимки ўзи нопок бўлиб, Раббийнинг тинчлик қурбонлигининг гўштини еса, унда ўша одам ўз халқининг орасидан қириб ташланади.
21
Агар кимдир бирор нопок нарсага: одамнинг нопоклигига ёки нопок ҳайвонга, ёки бирор нопок жирканч нарсага тегиниб, сўнг Раббийнинг тинчлик қурбонлигининг гўштини еса, унда ўша одам ўз халқининг орасидан қириб ташланади”.
22
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
23
“Исроил ўғилларига айтгин: На молнинг, на қўйнинг, на таканинг ёғини еманглар.
24
Ўлган жониворнинг ёки ҳайвон тилка-пора қилган жониворнинг ёғини ҳар қандай ишда қўллаш мумкин, аммо уни асло еманглар.
25
Кимки Раббийга қурбонликка келтирилаётган молнинг ёғини еса, ўша одам ўз халқининг орасидан қириб ташланади.
26
Шунингдек, хонадонингиздаги ҳеч ким на қушнинг, на жониворнинг қонини еманглар.
27
Кимки қандайдир қонни ейдиган бўлса, ўша одам ўз халқининг орасидан қириб ташланади”.
28
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
29
“Исроил ўғилларига айтгин: Ким Раббийга тинчлик қурбонлигини тақдим қилса, у тинчлик қурбонлигидан бир қисмини Раббийга олиб келиши керак.
30
У қурбонликни ўз қўллари билан Раббийга олиб келиши керак: Раббийнинг юзи қаршисида қурбонликнинг кўкрагини силкитиб, ёғи билан кўкрагини олиб келиши керак.
31
Руҳоний ёғни қурбонгоҳда ёқиб юбориши керак, кўкрак эса Аҳарўн ва унинг ўғилларига тегишлидир.
32
Тинчлик қурбонликларингизнинг ўнг елкасини ҳадя сифатида руҳонийга беринглар.
33
Аҳарўн ўғилларидан қайси бири тинчлик қурбонлигининг қони ва ёғини қурбонликка келтирса, ўнг елка ўшанинг улушидир.
34
Зеро Исроил ўғилларининг тинчлик қурбонликларидан Мен силкитиб келтирилган кўкракни ва ҳадя қилинган елкани олиб, уларни руҳоний Аҳарўн ва унинг ўғилларига Исроил ўғилларидан абадий улуш қилиб бердим”.
35
Бу – Раббийнинг қаршисида руҳонийлик хизматини бошлаган кунларидан бошлаб, Раббийнинг қурбонликларидан Аҳарўннинг улуши ва унинг ўғилларининг улушларидир.
36
Раббий Исроил ўғилларига амр этдики, руҳонийлар мойланган кундан бошлаб, бу улушлар уларга берилсин. Бу – уларнинг авлодлари оша абадий низомдир.
37
Мана, бу – тамоман ёндириш қурбонлиги, нон бағишлови, гуноҳ қурбонлиги, айбдорлик қурбонлиги, аташ қурбонлиги ва тинчлик қурбонлиги ҳақидаги қонундир.
38
Синай чўлида Исроил ўғилларига ўз қурбонликларини келтиришларини амр этган кунда Раббий Синай тоғида бу қонунни Мусога берди.