6
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Агар кимдир гуноҳ қилиб, Раббийнинг қаршисида қонунбузарлик қилса ва унга топширилган ёки унга қарзга берилган ёки ўғирланган нарсада у яқинига ёлғон гапирса, ёки яқинини шунчаки алдаса,
3
ёки йўқолган буюмни топиб олиб, бу ҳақида ёлғон гапирса, ёки одамлар одатан қиладиган нарса ҳақида ёлғон қасам ичса ва шу орқали гуноҳ қилса,
4
унда гуноҳ қилгани ва айбдор бўлгани учун, у ўғирланган нарсани, тортиб олган нарсани, унга ишониб топширилган нарсани ва топилган нарсани қайтариб бериши керак.
5
Агар бирор нарсада ёлғон қасам ичган бўлса, унда уни тўлиқ қайтариши ва бешдан бир қисмини қўшиб, айбдорлик қурбонлигини келтириш кунида унинг эгасига бериши керак.
6
Айби учун эса у Раббийга айбдорлик қурбонлигига, сенинг баҳолашингга кўра, подадан бенуқсон қўчқорни руҳонийга келтирсин.
7
Шунда руҳоний уни Раббийнинг қаршисида поклайди ва унинг қилган ҳар қандай айби кечирилади”.
8
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
9
“Аҳарўн ва унинг ўғилларига амр қилиб айтгин: Мана, бу тамоман ёндириш қурбонлиги ҳақида қонундир – тамоман ёндириш қурбонлиги қурбонгоҳдаги оловда туни бўйи эрталабгача қолдирилсин ва қурбонгоҳнинг олови унда ёниб турсин.
10
Руҳоний ўз зиғир кийимини кийиб, танасига ўз зиғир иштонини кийсин ва қурбонгоҳ устида оловда ёндирган тамоман ёндириш қурбонлигининг кулини олиб, уни қурбонгоҳнинг ёнига қўйсин.
11
Сўнг кийимларини ечиб, бошқа кийимларни кийсин ва кулни қароргоҳдан ташқарига, тоза жойга олиб чиқсин.
12
Қурбонгоҳ устидаги олов эса ёниб тураверсин, у ўчмасин. Руҳоний ҳар тонг унинг устида ўтин ёқиб, унинг устига тамоман ёндириш қурбонлигини қўйсин ва унинг устида тинчлик қурбонлигининг ёғини ёндирсин.
13
Қурбонгоҳ устидаги олов эса доимо ёниб турсин ва ўчмасин.
14
Мана бу― нон бағишлови ҳақидаги қонун: Аҳарўннинг ўғиллари уни Раббийнинг қаршисига қурбонгоҳнинг олдига олиб келишлари керак.
15
Руҳоний нон бағишловидан ҳовучини тўлдириб, буғдой уни, мой ва қурбонликдаги ладаннинг ҳаммасини олсин ва қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Бу ― хотира учун Раббийнинг қаршисида ёқимли бўлган хушбўй ҳиддир.
16
Унинг қолганини эса Аҳарўн ва унинг ўғиллари есинлар. Уни ачитқисиз, муқаддас жойда ейишлари керак. Уни Йиғин Чодирининг ҳовлисида есинлар.
17
У ачитқи билан пиширилиши мумкин эмас. Мен буни уларга оловда куйдириладиган қурбонликларимдан улуш қилиб бердим. Бу – гуноҳ қурбонлиги ва айбдорлик қурбонлиги каби буюк муқаддасворликдир.
18
Аҳарўн авлодининг барча эркак зоти уни ейишлари мумкин. Бу – авлодларингиз оша Раббийнинг оловда куйириладиган қурбонликларидан абадий улушдир. Унга тегинган ҳар ким муқаддасланади”.
19
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
20
“Мана, Аҳарўн ва ўғилларининг мойланиши кунида улардан Раббийга келтириладиган бағишлов шудир: доимий бағишлови сифатида бўлган буғдой унидан эфанинг ўндан бир қисми. Унинг ярмини эрталаб, ярмини кечқурун келиришсин.
21
У товада мой билан пиширилиши керак. У яхши бўкканида, уни келтир. Нон бағишловининг пишган бурдаларини Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида келтир.
22
Аҳарўннинг ўрнига унинг ўғилларидан мойланган руҳоний буни амалга ошириши керак. Бу – Раббийнинг абадий низомидир. Унинг ҳаммаси ёндирилиши керак.
23
Руҳоний келтирадиган барча нон бағишловининг ҳаммаси ёндирилиши керак, у ейилиши мумкин эмас”.
24
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
25
“Аҳарўн ва унинг ўғилларига айтгин: Мана бу ― гуноҳ қурбонлиги қонунидир: гуноҳ қурбонлиги Раббийнинг қаршисида, тамоман ёндириш қурбонлиги сўйиладиган жойда сўйилиши керак. Бу – буюк муқаддасворликдир.
26
Гуноҳ қурбонлигини келтираётган руҳоний уни ейиши керак. У муқаддас жойда, Йиғин Чодири ҳовлисида ейилиши керак.
27
Унинг гўштига тегинган ҳар кимса муқаддасланади. Агарда унинг қони кийимга сачраб кетса, у сачраган кийимни муқаддас жойда ювгин.
28
Бу гўшт қайнатилган сопол идиш эса синдирилсин, агар мис идишда қайнатилган бўлса, унда идишни тозалаб, сув билан ювиш керак.
29
Руҳоний авлодининг ҳамма эркаклари бу гўштни ейиши мумкин. Бу – буюк муқаддасворликдир.
30
Аммо қони Йиғин Чодирининг ичига, покланиш учун Муқаддасгоҳга киритиладиган гуноҳ қурбонлигини ейиши мумкин эмас, уни оловда ёндириш керак.