5
1
Кимки лаънат овозини эшитиб, бунга гувоҳ бўлган ёки буни кўрган, ёки билган бўлса-ю, лекин буни ошкор қилмаса ва шу орқали гуноҳ қилса, унда у айбдор бўлади.
2
Кимки бирор нопок нарсага тегса, нопок ёввойи ҳайвоннинг мурдасига, нопок чорванинг мурдасига ёки нопок судралиб юрувчининг мурдасига тегса, аммо буни билмаган бўлса, у нопок ва айбдор бўлади.
3
Кимки одамнинг қандайдир нопоклигига, яъни ундан булғаниш мумкин бўлган нопокликка тегса ва буни билмаган бўлса-ю, аммо кейин англаса, у айбдор бўлади.
4
Кимки қандайдир ишда, одамлар ўйламасдан гапириб қасам ичганлари каби, ўйламасдан гапириб, бирор ёвузлик ёки яхшилик қилишга қасам ичса ва у буни билмаса-ю, аммо кейин англаса, унда у шу ишда айбдор бўлади.
5
Хуллас, ким шуларнинг бирортасида айбдор бўлса ва қилган гуноҳини эътироф этса,
6
унда қилган гуноҳи учун у Раббийга айбдорлик қурбонлигига кичик қорамолдан урғочи қўй ёки эчкини гуноҳи учун келтирсин ва руҳоний уни гуноҳидан поклайди.
7
Агарда қўй келтиришга унинг имкони бўлмаса, унда ўз гуноҳининг айбдорлиги учун Раббийга иккита мусича ёки иккита ёш кабутарни: бирини гуноҳ қурбонлигига, бошқасини тамоман ёндириш қурбонлигига келтирсин.
8
У уларни руҳонийга олиб келсин. Руҳоний эса аввал гуноҳ қурбонлигининг кабутарини қурбонликка келтириб, унинг бошини бўйнидан синдирсин, аммо ажратмасин.
9
Гуноҳ қурбонлиги қонини қурбонгоҳнинг деворига сиқсин, қолган қонни эса қурбонгоҳнинг тагига тўксин. Бу – гуноҳ учун қурбонликдир.
10
Иккинчи қушни эса низомга биноан тамоман ёндириш қурбонлигига келтирсин. Шу тарзда, руҳоний уни қилган гуноҳидан поклайди ва у кечирилади.
11
Агарда иккита мусича ёки иккита ёш кабутарни келтиришга унинг имкони бўлмаса, унда у қилган гуноҳи учун буғдой унидан эфанинг ўндан бир қисмини гуноҳ қурбонлигига келтирсин. Унга мой қуймасин, ладан ҳам қўймасин, чунки бу гуноҳ қурбонлигидир.
12
Шундай қилиб, уни руҳонийга олиб келсин, руҳоний эса кафтини тўлдириб олиб, хотира учун қурбонгоҳда Раббийга қурбонликка ёндириб юборади. Бу – гуноҳ учун қурбонликдир.
13
Шу тарзда, руҳоний қилган мазкур гуноҳларнинг биридан уни поклайди ва у кечирилади. Қолган ун эса нон бағишлови сифатида руҳонийга тегишлидир”.
14
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
15
“Агар кимдир қонунбузарлик қилиб, Раббийнинг муқаддасворликларига қарши хатоликда гуноҳ қилиб қўйса, унда ўз айби учун муқаддасгоҳ шеқели бўйича кумуш шеқелда баҳоланган кичик қорамолдан бўлган бенуқсон қўйни айбдорлик қурбонлиги сифатида Раббийга келтирсин.
16
Қайси муқаддасворликка қарши гуноҳ қилган бўлса, ўшани қопласин. Бунинг устига унинг бешдан бир қисмининг нархини қўшиб, пулни руҳонийга берсин, руҳоний эса айбдорлик қурбонлигининг қўйи билан уни покласин ва у кечирилади.
17
Ким гуноҳ қилиб, Раббийнинг амрларига қарши қилиши мумкин бўлмаган ишни қилса ва билмасдан айбдор бўлса, у гуноҳини ўзида кўтариб юради.
18
Унда у айбдорлик қурбонлиги сифатида руҳоний томонидан баҳоланган бенуқсон қўйни руҳонийга олиб келсин, руҳоний эса унинг билмасдан қилган хатосидан поклайди ва у кечирилади.
19
Бу – унинг Раббийнинг қаршисидаги айби учун айбдорлик қурбонлигидир”.