4
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига эълон қил: Кимки хатоликда Раббийнинг бирор амрига қарши гуноҳ қилса ва қилиш мумкин бўлмаган ишни қилиб қўйса,
3
агар мойланган руҳоний гуноҳ қилиб, бутун халқни айбдор қилиб қўйса, унда қилган гуноҳи учун Раббийга катта қорамолдан гуноҳ қурбонлигига бенуқсон ҳўкизни келтирсин.
4
У ҳўкизни Йиғин Чодирининг кириш жойига, Раббийнинг олдига олиб келсин ва қўлини ҳўкизнинг бошига қўйиб, ҳўкизни Раббийнинг қаршисида сўйсин.
5
Мойланган руҳоний ҳўкизнинг қонини олиб, уни Йиғин Чодирига киритсин.
6
Руҳоний бармоғини қонга ботириб, Раббийнинг қаршисида, Муқаддасгоҳнинг пардаси олдида етти марта қонни пуркасин.
7
Сўнг руҳоний Йиғин Чодири ичида, Раббийнинг қаршисида турган хушбўй тутатқилар қурбонгоҳининг шохига қонни қўйсин, ҳўкизнинг қолган қонини эса Йиғин Чодирига кираверишда турган тамоман ёндириш қурбонгоҳининг тагига тўксин.
8
Сўнг гуноҳ учун келтирилган ҳўкиздан унинг бор ёғини, ички аъзоларини қоплаб турган ёғни, барча ички аъзоларидаги ёғни,
9
иккала буйраги ва унинг устидаги ҳамда биқинидаги ёғни, жигари устидаги ёғни чиқариб олсин. У буларни буйраклари билан бирга ажратиб олсин,
10
(худди тинчлик қурбонлиги ҳўкизидан ажратиб олингани каби ажратсин), ва руҳоний буларни тамоман ёндириш қурбонгоҳида ёқиб юборсин.
11
Ҳўкизнинг терисини, бошини, бутун танаси ва оёқларини, ички аъзолари ва ахлатини,
12
бутун ҳўкизни қароргоҳдан ташқарига, кул тўкиладиган тоза жойга чиқарсин ва уни ўтин устида оловда ёқиб юборсин. У кул тўкиладиган жойда ёқиб юборилсин.
13
Агар бутун Исроил жамоаси хатоликда гуноҳ қилиб қўйиб, жамоа кўзидан бу яширин қолса ва қилиши мумкин бўлмаган ишни қилиб, Раббийнинг амрларига қарши бирор нима қилса ва айбдор бўлса,
14
унда қилган гуноҳ аён бўлгач, бутун жамоадан гуноҳ учун қурбонликка катта қорамолдан ҳўкизни тақдим қилишсин ва уни Йиғин Чодирига олиб келишсин.
15
Жамоанинг оқсоқоллари Раббийнинг қаршисида қўлларини ҳўкизнинг бошига қўйиб, уни Раббийнинг қаршисида сўйсинлар.
16
Мойланган руҳоний эса ҳўкизнинг қонини Йиғин Чодирига киритсин.
17
Руҳоний бармоғини қонга ботириб, Раббийнинг қаршисида Муқаддасгоҳнинг пардаси олдида етти марта қонни пуркасин.
18
Сўнг руҳоний Йиғин Чодири ичида, Раббийнинг қаршисида турган қурбонгоҳ шохига қонни қўйсин, қолган қонни эса Йиғин Чодирига кираверишда турган тамоман ёндириш қурбонгоҳининг тагига тўксин.
19
Унинг бор ёғини эса чиқариб олиб, қурбонгоҳда ёқиб юборсин.
20
У гуноҳ учун келтирилган ҳўкизни нима қилишса, бу ҳўкизни ҳам шундай қилсин. Уни шундай қилиш керак ва шу тарзда, руҳоний жамоани поклайди ва улар кечирилади.
21
Ҳўкизни эса қароргоҳдан ташқарига чиқариб, аввалги ҳўкизни ёндиргани каби, уни ҳам ёқиб юборсин. Бу – жамоа гуноҳи учун қурбонликдир.
22
Агар ҳоким гуноҳ қилса ва ўз Раббий Худосининг амрларига қарши бирор нарсани хатоликда қилиб, қилиши мумкин бўлмаган ишни қилса ва айбдор бўлса,
23
унда қилган гуноҳи унга аён бўлгач, қурбонлик сифатида бенуқсон такани олиб келсин.
24
Сўнг таканинг бошига қўлини қўйиб, Раббийнинг қаршисида тамоман ёндириш қурбонликлари сўйиладиган жойда уни сўйсин. Бу – гуноҳ учун қурбонликдир.
25
Руҳоний эса бармоғи билан гуноҳ учун қурбонликнинг қонини олиб, тамоман ёндириш қурбонгоҳининг шохига қўйсин, қолган қонни эса тамоман ёндириш қурбонгоҳининг тагига тўксин.
26
Унинг ҳамма ёғини тинчлик қурбонлиги ёғи каби қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Шу тарзда, руҳоний ҳокимни гуноҳидан поклайди ва у кечирилади.
27
Агар оддий халқдан бирор киши хатоликда гуноҳ қилиб, Раббийнинг амрларига қарши бирор нарсани қилса ва қилиши мумкин бўлмаган ишни қилиб қўйса ва айбдор бўлса,
28
шунда қилган гуноҳини у англагач, ўз гуноҳи учун қурбонлик сифатида бенуқсон эчкини олиб келсин.
29
Сўнг гуноҳ учун қурбонликнинг бошига қўлини қўйиб, тамоман ёндириш қурбонлиги сўйиладиган жойида эчкини гуноҳ учун қурбонликка сўйсин.
30
Руҳоний эса бармоғи билан унинг қонини олиб, тамоман ёндириш қурбонгоҳининг шохига қўйсин, қолган қонни эса тамоман ёндириш қурбонгоҳининг тагига тўксин.
31
Унинг ҳамма ёғини тинчлик қурбонлигининг ёғини ажратгани каби ажратиб олсин ва руҳоний буни Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Шу тарзда, руҳоний уни поклайди ва у кечирилади.
32
Агар у гуноҳ учун қурбонликка қўй келтирмоқчи бўлса, унда бенуқсон урғочисини олиб келсин.
33
Сўнг гуноҳ учун қурбонликнинг бошига қўлини қўйиб, уни тамоман ёндириш қурбонлиги сўйиладиган жойда гуноҳ учун қурбонликка сўйсин.
34
Руҳоний эса бармоғи билан гуноҳ учун қурбонликнинг қонини олиб, тамоман ёндириш қурбонгоҳининг шохига қўйсин, қолган қонни эса тамоман ёндириш қурбонгоҳининг тагига тўксин.
35
Унинг ҳамма ёғини тинчлик қурбонлиги қўйининг ёғини ажратгани каби ажратиб олсин ва руҳоний буни қурбонгоҳда Раббийга қурбонликка ёқиб юборсин. Шу тарзда, руҳоний уни қилган гуноҳидан поклайди ва у кечирилади.