3
1
Агар унинг қурбонлиги тинчлик қурбонлиги бўлса ва уни катта қорамолдан келтирса, унда бенуқсон эркак ёки урғочи жинсидаги ҳайвонни Раббийга келтирсин.
2
Қурбонликнинг бошига қўлини қўйиб, уни Йиғин Чодирининг кириш жойида сўйсин, Аҳарўн ўғиллари руҳонийлар эса унинг қонини қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркасинлар.
3
У тинчлик қурбонлигидан Раббийга қурбонлик сифатида ички аъзоларини қоплаб турган ёғни, ички аъзоларидаги ҳамма ёғни,
4
иккала буйраги ва уларнинг устидаги ҳамда биқинидаги ёғни, жигари устидаги ёғни келтирсин. У буларни буйраклари билан бирга ажратиб олсин.
5
Аҳарўннинг ўғиллари буларни қурбонгоҳдаги оловда ёнаётган ўтинлар устида, тамоман ёндириш қурбонлиги билан бирга ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонликдир.
6
Агарда Раббийга кичик қорамолдан тинчлик қурбонлигини келтирмоқчи бўлса, унда бенуқсон эркак ёки урғочи жинсидаги ҳайвонни келтирсин.
7
Агар у қурбонлик сифатида қўйни олиб келса, унда уни Раббийнинг қаршисига олиб келсин.
8
Қурбонликнинг бошига қўлини қўйиб, уни Йиғин Чодири олдида сўйсин. Аҳарўннинг ўғиллари эса қўйнинг қонини қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркасинлар.
9
У тинчлик қурбонлигидан Раббийга қурбонлик сифатида унинг ёғини, умуртқа суягигача кесилган бутун думбасини, ички аъзоларини қоплаб турган ёғни, ички аъзоларидаги ҳамма ёғни,
10
иккала буйраги ва уларнинг устидаги ҳамда биқинидаги ёғни, жигари устидаги ёғни келтирсин. У буларни буйраклари билан бирга ажратиб олсин.
11
Руҳоний буларни оловда ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга қурбонлик, оловнинг озиғидир.
12
Агарда у қурбонлик сифатида эчкини олиб келса, унда уни Раббийнинг қаршисига олиб келсин.
13
Қурбонликнинг бошига қўлини қўйиб, уни Йиғин Чодири олдида сўйсин. Аҳарўннинг ўғиллари эса унинг қонини қурбонгоҳнинг ҳар томонига пуркасинлар.
14
Раббийга қурбонлик сифатида оловда ёндиришга эчкининг ички аъзоларини қоплаб турган ёғни, ички аъзоларидаги ҳамма ёғни,
15
иккала буйраги ва уларнинг устидаги ҳамда биқинидаги ёғни, жигари устидаги ёғни келтирсин. У буларни буйраклари билан бирга ажратиб олсин.
16
Руҳоний буларни қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Бу ― оловнинг озиғи, Раббийга ёқимли бўлган хушбўй ҳиддир. Ҳамма ёғи эса Раббийга тегишлидир.
17
Бу барча хонадонларингизда авлодларингиз аро абадий низомдир ― ҳеч қандай ёғни, ҳеч қандай қонни еманглар”.