10
1
Аҳарўннинг ўғиллари Надаб ва Абиҳу, иккалови ўз тутатқидонларини олиб, унда олов ёқишди ва устига тутатқилар қўйиб, Раббийнинг қаршисига У буюрмаган бегона оловни олиб келишди.
2
Шунда Раббийдан олов чиқиб, уларни ёндириб юборди ва улар Раббийнинг қаршисида ҳалок бўлишди.
3
Сўнг Мусо Аҳарўнга: “Раббий: Менга яқинлашувчиларда муқаддасланаман ва бутун халқнинг олдида шуҳратланаман, деганида, мана шуни назарда тутган эди”,- деди. Аҳарўн эса жим турар эди.
4
Мусо Аҳарўннинг амакиси бўлмиш Уззиэлнинг ўғиллари Мишаэл ва Элзафанни чақириб, уларга: “Боринглар, биродарларингизни Муқаддасгоҳдан олиб, қароргоҳдан ташқарига чиқаринглар”,- деди.
5
Улар Мусо айтганидек, бориб, биродарларини кўйлакларида қароргоҳдан ташқарига чиқаришди.
6
Сўнг Мусо Аҳарўн ва унинг қолган ўғиллари Элеазар ҳамда Итамарга деди: “Сизлар ўлмаслигингиз ва бутун жамоанинг устига ғазабни келтирмаслигингиз учун, бошларингизни яланғоч қилманглар ва кийимларингизни йиртманглар. Бутун Исроил хонадони эса Раббий оловда ёндирган, ёниб кетган биродарларингиз ҳақи йиғлаши мумкин.
7
Сизлар эса ўлмаслигингиз учун Йиғин Чодирининг кириш жойидан чиқманглар, чунки Раббийнинг мойлаш мойи сизларнинг устингиздадир”. Улар Мусонинг сўзлари бўйича қилдилар.
8
Сўнг Раббий Аҳарўнга сўзлаб деди:
9
“Бу – авлодларингиз оша абадий низомдир: Йиғин Чодирига кираётганингизда, сен ва сенинг ўғилларинг ўлмаслигингиз учун май ва кучли ичимликларни ичманглар,
10
токи сизлар муқаддасни муқаддас бўлмагандан ва нопокни покдан ажрата олинглар
11
ҳамда Исроил ўғилларига Раббий Мусо орқали амр қилган барча низомларни ўргата олинглар”.
12
Кейин Мусо Аҳарўн ва унинг қолган ўғиллари Элеазар ҳамда Итамарга деди: “Раббийнинг олов қурбонлигидан қолган нон бағишловини олиб, қурбонгоҳ ёнида ачитқисиз нонни енглар, чунки бу – буюк муқаддасворликдир.
13
Уни муқаддас жойда енглар, чунки бу – Раббийнинг олов қурбонликларидан сенинг ва ўғилларингнинг улушидир. Зеро Раббий менга шундай амр қилди.
14
Силкитиб келтирилган кўкракни ва ҳадя қилинган елкани сен ва сенинг ўғиллару қизларинг тоза жойда енглар. Чунки булар Исроил ўғилларининг тинчлик қурбонликларидан сен ва ўғилларингга улуш қилиб берилган.
15
Улар силкитиб келтирилган кўкракни ва ҳадя қилинган елкани ёғ қурбонлиги билан бирга Раббийнинг юзи қаршисида силкитиб келтиришлари керак. Раббий амр қилганидек, булар сенга ва сен билан бирга сенинг ўғилларингга абадий улуш бўлсин”.
16
Сўнг Мусо гуноҳ қурбонлигининг такаси ҳақида сўради ва, мана, у ёндирилган эди. У Аҳарўннинг қолган ўғиллари Элеазар ва Итамардан ғазабланиб деди:
17
“Нима учун сизлар гуноҳ қурбонлигини муқаддас жойда емадинглар? Зеро бу – буюк муқаддасворликдир. Жамоанинг гуноҳларини олишингиз ва уларни Раббийнинг қаршисида поклашингиз учун у сизларга берилган.
18
Мана, унинг қони Муқаддасгоҳ ичига киритилмаган, шунинг учун сизлар, менга амр қилинганидек, уни муқаддас жойда ейишингиз керак эди”.
19
Шунда Аҳарўн Мусога: “Мана, бугун улар ўз гуноҳ қурбонлиги ва тамоман ёндириш қурбонлигини Раббийнинг қаршисида келтиришди. Менинг бошимга эса шу қайғу тушди. Агар мен гуноҳ қурбонлигини бугун есам, бу Раббийга маъқул бўлармиди?”- деди.
20
Мусо буни эшитгач, буни маъқуллади.