11
1
Раббий яна Мусо ва Аҳарўнга сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига айтинглар: Мана булар – ер юзидаги ҳайвонларнинг орасидан сизлар ейишингиз мумкин бўлган ҳайвонлардир:
3
Туёқлари иккига бўлинган ва туёқларида чуқур кесим бўлган ҳамда сақич чайнайдиган ҳар қандай жониворларни енглар.
4
Аммо сақич чайнайдиган ва туёқлари иккига бўлинганлардан қуйидагиларни еманглар: туяни, чунки у сақич чайнаса-да, лекин унинг туёқлари иккига бўлинмаган, у сизлар учун нопокдир;
5
қўшоёқни, чунки у сақич чайнаса-да, бироқ унинг туёқлари иккига бўлинмаган, у сизлар учун нопокдир;
6
қуённи, чунки у сақич чайнаса-да, бироқ унинг оёқлари иккига бўлинмаган, у сизлар учун нопокдир;
7
чўчқани, чунки унинг туёқлари иккига бўлинган ва туёқларида чуқур кесим бор, бироқ у сақич чайнамайди, у сизлар учун нопокдир.
8
Уларнинг гўштини еманглар ва жасадларига ҳам тегинманглар, улар сизлар учун нопокдир.
9
Сувдаги жониворлардан қуйидагиларни енглар: сувлардаги – хоҳ денгизлардаги, хоҳ дарёлардаги – сузгич пат ва тангачалари бўлганларини енглар.
10
Сувларда барча сузувчилардан ва сувларда барча яшовчилардан – хоҳ денгизларда, хоҳ дарёларда – сузгич пат ва тангачалари бўлмаган барчаси сизлар учун жирканчдир.
11
Улар сизлар учун жирканч бўлиши керак, уларнинг гўштини еманглар ва уларнинг жасадларидан жирканинглар.
12
Сувдаги сузгич пат ва тангачалари бўлмаганларининг ҳаммаси сизлар учун жирканчдир.
13
Қушларнинг эса қуйидагиларидан жирканинглар, уларни еманглар, улар жирканчдир: бургут, ўликхўр қора қуш, денгиз бургути,
14
калхат, лочин ва унинг турлари,
15
ҳар қандай қарға ва унинг турлари,
16
туяқуш, бойўғли, чайка, қирғий ва унинг турлари,
17
укки қуш, балиқчи қуш, ибис,
18
оққуш, сақоқуш, жўрчи,
19
лайлак, қарқара ва унинг турлари, шунингдек сассиқпопишак ва кўршапалак.
20
Ҳашаротлар, тўрт оёқда юрадиган қанотлиларнинг барчаси сизлар учун жирканчдир.
21
Тўрт оёқда юрадиган, қанотли ҳашаротларнинг барчасидан фақатгина ерда сакрай олиши учун оёқлари тепасида болдири бўлганларини ейишингиз мумкин.
22
Улардан қуйидагиларни ейишингиз мумкин: чигиртка ва унинг турлари, солам ва унинг турлари, харгол ва унинг турлари, хагаб ва унинг турлари.
23
Аммо тўрт оёқли ва қанотли ҳашаротларнинг бошқа барчаси сизлар учун жирканчдир.
24
Улардан сизлар нопок бўласизлар. Уларнинг ўлигига тегинган ҳар ким кечгача нопок бўлади.
25
Уларнинг ўлигини олган ҳар ким кийимларини ювиши керак, у кечгача нопок бўлади.
26
Туёқлари иккига бўлинган, аммо чуқур кесими бўлмаган ва сақич чайнамайдиган ҳар қандай ҳайвон сизлар учун нопокдир. Уларга тегинган ҳар ким нопок бўлади.
27
Тўрт оёқли жониворларнинг барчасидан, панжаларида юрадиганлари сизлар учун нопокдир. Уларнинг ўлигига тегинган ҳар ким кечгача нопок бўлади.
28
Уларнинг жасадини олган ҳар ким кийимларини ювиши керак, у кечгача нопок бўлади. Улар сизлар учун нопокдир.
29
Ерда судралиб юрувчи жониворлардан қуйидагилари сизлар учун нопокдир: кўрсичқон, сичқон, тошбақа ва унинг турлари,
30
ерқазар, тимсоҳ, калтакесак, эчкемар ва буқаламун.
31
Судралиб юрувчиларнинг барчасидан шулари сизлар учун нопокдир, уларнинг ўлигига тегинган ҳар ким кечгача нопок бўлади.
32
Ўшалардан бирортасининг ўлиги устига тушиб кетган ҳамма нарса: бирор ёғоч идишми, кийимми, чармми, қопми ёки ишда фойдаланадиган бирор нарсами – нопок бўлади. Бундай нарсаларни сувга солиб қўйиш керак ва улар кечгача нопок бўлади, сўнг пок бўлади.
33
Агар ўшалардан бирортаси бирор сопол идишнинг ичига тушиб кетса, унда унинг ичидаги нарса нопок бўлади, идишни эса синдиринглар.
34
Шундай идишда сув солинган, ейиладиган ҳар қандай озиқ нопок бўлади ва шундай идишдан ичиладиган ҳар қандай ичгулик нопок бўлади.
35
Ўшаларнинг жасадидан бир қисми тушган ҳамма нарса нопок бўлади. Тандир ёки ўчоқни синдириб ташлаш керак, чунки улар нопокдир ва сизлар учун нопок бўлиши керак.
36
Фақат булоқ ва ичида суви бўлган қудуқ пок қолади, бироқ ким уларнинг жасадига тегинса, у нопок бўлади.
37
Шунингдек, экиладиган бирор уруғнинг устига тушса, уруғ пок қолади.
38
Бироқ уларнинг жасадидан бир қисми сув қуйилган уруғнинг устига тушса, унда у сизлар учун нопок бўлади.
39
Сизлар озиққа ишлатадиган чорвадан бирортаси ўлса, унинг жасадига тегинган ҳар ким кечгача нопок бўлади.
40
Ким унинг ўлигини еса, ўша одам кийимларини ювиши керак, у кечгача нопок бўлади. Шунингдек, ким унинг жасадини кўтарса, ўша одам кийимларини ювиши керак, у кечгача нопок бўлади.
41
Ердаги ҳар қандай судралиб юрувчи ҳайвонлар сизлар учун жирканчдир, уларни ейиш мумкин эмас.
42
Ердаги ҳар қандай қорнида судралиб юрувчини, ҳар қандай тўрт оёқда юрувчини ҳамда кўп оёқли судралиб юрувчи жониворларни еманглар, чунки улар жирканчдир.
43
Судралиб юрувчи жониворларнинг бирортаси билан жонларингизни булғаманглар ва нопок бўлмаслигингиз учун улар орқали ўзингизни нопок қилманглар,
44
чунки Мен – сизларнинг Раббий Худойингизман. Ўзларингизни покланглар ва муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман. Ерда судралиб юрувчи жониворларнинг бирортаси билан жонларингизни булғаманглар,
45
чунки Мен Худойингиз бўлиш учун сизларни Миср еридан олиб чиққан Раббийингизман. Шундай экан, муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман.
46
Мана шу – ҳайвонлар, қушлар, ҳамма сувда яшовчи жониворлар ва ҳамма ерда судралиб юрувчи жониворлар ҳақидаги қонундир,
47
токи нопокни покдан ва ейиш мумкин бўлган ҳайвонни ейиш мумкин бўлмаганидан ажрата олишсин”.