12
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига айтгин: Агар аёл ҳомиладор бўлиб ўғил туғса, унда у етти кун нопок бўлади. Ҳайз кўриш кунларидаги каби у нопок бўлади.
3
Саккизинчи кун эса боланинг аъзосининг чети хатна қилинсин.
4
Туққан аёл ўттиз уч кун ўз қонларидан покланиб ўтириши керак. Покланиш кунлари тўлмагунича, у ҳеч қандай муқаддас нарсаларга тегинмаслиги ва Муқаддасгоҳга бормаслиги керак.
5
Агарда аёл қиз бола туғса, унда у ҳайз кунларидаги каби икки ҳафта нопок бўлади ва олтмиш олти кун ўз қонларидан покланиб ўтириши керак.
6
Унинг покланиши кунлари тўлгач, у руҳонийга ўзининг ўғли ёки қизи учун тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида бир яшар қўзини, гуноҳ қурбонлиги сифатида эса ёш кабутар ёки мусичани Йиғин Чодирининг кириш жойига олиб келиши керак.
7
Руҳоний эса Раббийнинг қаршисида бу қурбонликни келтириб, уни поклайди ва у ўзининг оққан қонларидан покланади. Бу – ўғил ёки қиз бола туққан аёллар ҳақидаги қонундир.
8
Агар аёлнинг қўзи келтиришга имкони бўлмаса, унда у иккита мусича ёки иккита ёш кабутарни олиб, бирини тамоман ёндириш қурбонлигига, бошқасини гуноҳ қурбонлигига келтирсин. Руҳоний уни поклайди ва у покланади”.