13
1
Раббий Мусо билан Аҳарўнга сўзлаб деди:
2
“Агар кимнингдир танаси терисида шиш ёки темиратки, ёки доғ пайдо бўлиб, танасининг терисида мохов ярасига ўхшаш яра бўлса, унда бундай одамни руҳоний Аҳарўннинг олдига ёки унинг руҳоний ўғилларидан бирининг олдига олиб келиш керак.
3
Руҳоний эса танадаги терининг ярасини кўриб чиқади. Агар ярадаги туклар оқ рангга ўзгарган бўлса ва яра танасининг териси ичига чуқур ботган бўлса, унда бу мохов ярасидир. Руҳоний уни кўздан кечиргач, уни нопок, деб эълон қилади.
4
Агар унинг танаси терисидаги доғ оқ бўлса, лекин у терига чуқур ботган бўлмаса ва ундаги туклар оқ рангга ўзгармаган бўлса, унда руҳоний бу одамни етти кунга ёлғизлатиб қўйиши керак.
5
Еттинчи куни руҳоний уни кўздан кечиради. Агар яра ўз ҳолида қолиб, яра тери бўйлаб тарқалмаган бўлса, унда руҳоний уни яна етти кунга ёлғизлатиб қўйиши керак.
6
Еттинчи куни руҳоний уни яна кўздан кечиради. Агар яра қизарган тус олган бўлса ва тери бўйлаб тарқалмаган бўлса, унда руҳоний уни пок, деб эълон қилиши керак. Бу темираткидир. У кийимларини ювиши керак ва пок бўлади.
7
Агарда пок бўлиш учун руҳонийга кўриниб кетганидан сўнг, темиратки унинг териси бўйлаб тарқалиб кетса, унда у иккинчи бор руҳонийга келиши керак.
8
Руҳоний унинг териси бўйлаб темиратки тарқалаётганини кўриб, уни нопок, деб эълон қилади: бу – мохов касаллигидир.
9
Агар бирор кишида мохов яраси бўлса, унда уни руҳонийнинг олдига олиб келиши керак.
10
Руҳоний уни кўздан кечиради. Агар теридаги шиш оқ рангда бўлиб, туклари ҳам оқ рангга ўзгарган бўлса ва шиш устида очиқ тирик гўшт бўлса,
11
унда бу – унинг танаси терисидаги эски мохов ярасидир. Руҳоний уни нопок, деб эълон қилади, лекин ёлғизлатиб қўймайди, чунки унинг нопоклиги аёндир.
12
Агар мохов касаллиги терида гулласа ва руҳоний кўра олгани қадар касалнинг бутун терисини бошидан оёғигача мохов қоплаган бўлса,
13
руҳоний касалнинг бутун танасини мохов қоплаганини кўрса, унда у касални пок, деб эълон қилади, чунки ҳаммаси оққа айланди: у покдир.
14
Бироқ унда тирик гўшт пайдо бўлган заҳоти, у нопок бўлади.
15
Руҳоний тирик гўштни кўриб, уни нопок, деб эълон қилади. Тирик гўшт нопокдир, бу – моховдир.
16
Бироқ тирик гўшт ўзгариб, оқ рангга айланса, у руҳонийнинг олдига келиши керак.
17
Руҳоний уни кўздан кечиради. Агар яра оқ рангга айланган бўлса, руҳоний беморни пок, деб эълон қилади; у покдир.
18
Агар кимнингдир танаси терисида йирингли яра пайдо бўлиб, кейин тузалган бўлса,
19
яранинг ўрнида оқ шиш ёки оқ ёки қизғиш доғ пайдо бўлса, ўша одам руҳонийга келиб кўриниши керак.
20
Руҳоний уни кўздан кечиради. Агар доғ теридан чуқурроқ бўлса ва ундаги туклар оқ рангга ўзгарган бўлса, руҳоний уни нопок, деб эълон қилади: бу – мохов ярасидир, у йирингли ярада ёриб чиққан.
21
Агар руҳоний теридаги туклар оқармаганини ва доғ тери сатҳидан чуқур эмаслигини кўрса, боз устига, у қизарган тусга кирган бўлса, унда руҳоний уни етти кунга ёлғизлатиб қўяди.
22
Агар доғ тери бўйлаб жуда тарқалса, руҳоний уни нопок, деб эълон қилади: бу – ярадир.
23
Агар доғ ўз жойида қолиб тарқалмаса, унда бу йирингли яранинг яллиғланишидир ва руҳоний уни пок, деб эълон қилади.
24
Агар кимнингдир танасидаги териси куйиб қолса ва куйган жойи тузалган жойда қизғиш ёки оқ доғ пайдо бўлса,
25
руҳоний эса доғ устидаги туклар оқ рангга ўзгарганини ҳамда у тери сатҳидан чуқур кирганини кўрса, унда бу моховдир, у куйган ярани ёриб чиққан. Руҳоний уни нопок, деб эълон қилади: бу мохов ярасидир.
26
Агар руҳоний доғ устидаги туклар оқ рангга ўзгармаганини ва у тери сатҳидан чуқур эмаслигини ҳамда қизарган тусда эканини кўрса, унда руҳоний уни етти кунга ёлғизлатиб қўяди.
27
Еттинчи куни руҳоний уни кўздан кечиради. Агар у тери бўйлаб жуда тарқалиб борса, руҳоний уни нопок, деб эълон қилади: бу – мохов ярасидир.
28
Бироқ агар доғ ўз жойида қолиб, тери бўйлаб тарқалмаса, боз устига, қизарган тусда бўлса, унда бу терининг куйганидан пайдо бўлган шишдир. Руҳоний уни пок, деб эълон қилади, чунки бу – терининг куйганидан пайдо бўлган яллиғланишдир.
29
Агар эркак ёки аёлнинг бошида ёки соқолида яра бўлса,
30
руҳоний уни кўздан кечирганида, яра тери сатҳидан чуқур бўлса ва ундаги соч толалари ингичка сарғиш рангда эканлиги аниқланса, унда руҳоний уларни нопок, деб эълон қилади. Бу – қўтирлик, бу бош ёки соқолдаги моховдир.
31
Бироқ руҳоний қўтир ярасини кўздан кечирганида, у тери сатҳидан чуқур бўлмаса ва ундаги соч толалари қора рангда бўлмаса, унда руҳоний қўтирни етти кунга ёлғизлатиб қўяди.
32
Еттинчи куни руҳоний ярани кўздан кечиради. Агар қўтир тарқалмаётган, ундаги соч толалари сарғаймаган ва қўтир тери сатҳидан чуқур кирмаган бўлса,
33
унда бемор сочини олдириши керак, аммо қўтир жойини олдирмасин; руҳоний эса қўтирни иккинчи бор етти кунга ёлғизлатиб қўйиши керак.
34
Еттинчи куни руҳоний қўтирни кўздан кечиради. Агар қўтир тери бўйлаб тарқалмаётган ва тери сатҳидан чуқур кирмаган бўлса, руҳоний уни пок, деб эълон қилади. У кийимларини ювсин ва пок бўлади.
35
Агарда унинг покланганидан сўнг, қўтир тери бўйлаб жуда тарқалиб кетса,
36
руҳоний эса қўтир тери бўйлаб тарқалаётганини кўрса, унда руҳоний сарғиш соч толаларини қидирмасин: у нопокдир.
37
Агар қўтир ўз ҳолида қолса ва унда қора соч ўсишни бошласа, унда қўтир тузалган бўлади ва бемор покдир. Руҳоний уни пок, деб эълон қилади.
38
Агар эркак ёки аёлнинг танаси терисида доғлар, яъни оқ доғлар бўлса,
39
руҳоний эса уларнинг танаси терисида қизарган оқ доғларни кўрса, у ҳолда бу – терида ёриб чиққан темираткидир: у пок.
40
Агар кимнингдир бошидаги сочлари тўкилса, унда бу тоз: у покдир.
41
Агарда бошининг олди томонидаги сочлари тўкилса, унда бу кал: у покдир.
42
Агар тоз ёки кал жойида оқ ёки қизғиш яра бўлса, унда унинг тоз ёки кал жойида мохов ёриб чиққан бўлади.
43
Руҳоний уни кўздан кечиради. Агар унинг тоз ёки кал жойида яра шиши оқиш ёки қизғиш эканини, кўринишидан тана териси моховига ўхшаш эканини кўрса,
44
унда у мохов: у нопок. Руҳоний уни нопок, деб эълон қилиши керак, чунки унинг бошида яра бор.
45
Бундай яраси бор моховнинг кийимлари йиртилган ва боши яланг бўлиши керак, у оғзигача ёпилган бўлиб: “Нопок! нопок!”- деб бақириши керак.
46
Яра унинг танасида бўлган барча кунларда у нопок ҳисобланади, у нопокдир. У алоҳида яшаши керак, унинг яшаш жойи қароргоҳидан ташқарида бўлиши керак.
47
Агар мохов яраси кийимда, жунли кийим ёки зиғирпоя толали кийимда бўлса,
48
зиғирпоя толадан ёки жундан қилинган матода ёки арқоқда, ёки чармда, ёки бирор чарм буюмда пайдо бўлса,
49
ҳамда кийимдаги, ёки чармдаги, ёки матодаги, ёки арқоқдаги ёки бирор чарм буюмдаги яра яшил-сарғимтир ёки қизғиш рангда бўлса, унда бу – мохов ярасидир. Буни руҳонийга кўрсатиш керак.
50
Руҳоний ярани кўздан кечириб, яра юққан нарсани етти кунга қулфлаб қўяди.
51
Еттинчи куни руҳоний яра юққан нарсани кўздан кечиради. Агар яра кийим, ёки мато, ёки арқоқ, ёки чарм, ёки чармдан ясалган бирор буюм бўйлаб тарқалган бўлса, унда бу ўювчи мохов, нопок ярадир.
52
Руҳоний эса устида яра бўлган кийимни, матони, жун ёки зиғирпоя толали арқоқни ёки ҳар қанақа чарм буюмни ёндириб ташлаш керак, чунки бу ўювчи моховдир, у оловда ёндирилиши керак.
53
Агар руҳоний яра кийимда, ёки матода, ёки арқоқда, ёки бирор бир чарм буюмда тарқалмаганини кўрса,
54
у ҳолда руҳоний устида яра бўлган буюмни ювишни буюради ва буюмни иккинчи бор қулфлаб қўяди.
55
Агар яра юққан буюм ювилганидан сўнг руҳоний яра тарқалмаганини ва кўринишини ўзгартирмаганини кўрса, унда у нопокдир, уни оловда ёндириб ташлаш керак. Бу буюмнинг ички ёки ташқи тарафидаги емирилган чуқурчадир.
56
Агар ювилганидан сўнг руҳоний яра кўринмайдиган тусга кирганини кўрса, у ҳолда руҳоний уни кийимдан, ёки чармдан, ёки матодан, ёки арқоқдан юлиб ташласин.
57
Агарда яра яна кийимда, ёки матода, ёки арқоқда, ёки бирор чарм буюмда пайдо бўлса, унда бу тарқалаётган ярадир, устида яра бўлган буюмни оловда ёндириб ташла.
58
Агар кийимни, ёки матони, ёки арқоқни, ёки бирор чарм буюмни ювганингда, яра ундан кетса, унда уларни иккинчи марта ювиш керак ва улар пок бўлади.
59
Мана, бу – жунли ёки зиғирпоя матоли кийимдаги, ёки матодаги, ёки арқоқдаги, ёки бирор чарм буюмдаги мохов яраси ҳақида ҳамда уни қандай қилиб пок ёки нопок, деб эълон қилиш ҳақида берилган қонундир”.