14
1
Раббий Мусога сўзлаб деди:
2
“Мана бу – мохов киши ҳақидаги, унинг покланиши куни нима қилиш кераклиги ҳақидаги қонун: Уни руҳонийнинг олдига олиб келиш керак.
3
Руҳоний қароргоҳдан ташқарига чиқади. Агар руҳоний мохов кишининг мохов касаллигидан тузалганини кўрса,
4
унда руҳоний покланаётган одам учун иккита тирик пок қушни, кедр дарахтини, қизил ип ва ҳиссопни олишни буюради.
5
Сўнг руҳоний қушлардан бирини сопол идиш устида, тирик сув устида сўйишни буюради,
6
ўзи эса тирик қушни, кедр дарахтини, қизил ип ва ҳиссопни олиб, тирик қуш билан бирга буни тирик сув устида сўйилган қушнинг қонига ботириб олиб,
7
моховдан покланаётган одамнинг устига етти марта пуркайди ва уни пок, деб эълон қилиб, тирик қушни очиқ далага қўйиб юборади.
8
Покланаётган одам эса кийимларини ювиб, ҳамма сочларини қирқиб ташлаб, сувда ювинади ва пок бўлади. Шундан сўнг, қароргоҳга кириб, етти кун чодиридан ташқарида яшайди.
9
Еттинчи куни у барча сочларини қириб ташлайди. Бошини, соқолини, қошлари ва барча сочларини қириб ташлаб, кийимларини ювиб, танасини сув билан ювади, шунда пок бўлади.
10
Саккизинчи куни у иккита бенуқсон қўзини, битта бенуқсон бир яшар қўйни, нон бағишлови сифатида мой билан аралаштирилган эфанинг ўндан уч қисм буғдой унини ҳамда бир лог мойни олади.
11
Поклаётган руҳоний эса покланаётган одамни қурбонликлари билан бирга Йиғин Чодирининг кириш жойида Раббийнинг қаршисига қўяди.
12
Руҳоний айбдорлик қурбонлигига битта қўзи ва бир лог мойни олиб, Раббийнинг қаршисида силкитиб, Унга буни тақдим этди.
13
Сўнг гуноҳ қурбонлиги ва тамоман ёндириш қурбонлиги сўйиладиган жойда, муқаддас жойда қўзини сўяди, чунки бу айбдорлик қурбонлиги, гуноҳ қурбонлиги каби руҳонийга тегишлидир. Бу – буюк муқаддасворликдир.
14
Руҳоний айбдорлик қурбонлигининг қонини олиб, уни покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг катта бармоғига ва ўнг оёғининг катта бармоғига қўяди.
15
Сўнг руҳоний бир лог мойдан олиб, ўзининг чап кафтига мой қуйиб,
16
ўзининг ўнг бармоғини чап кафтидаги мойга ботириб, бармоғи билан Раббийнинг қаршисида етти марта мойни пуркайди.
17
Кафтидаги қолган мойни эса руҳоний покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг катта бармоғига ва ўнг оёғининг катта бармоғига, яъни айбдорлик қурбонлиги қонига қўяди.
18
Руҳонийнинг кафтидаги қолган мойни эса у покланаётган одамнинг бошига қўяди. Шундай қилиб, руҳоний уни Раббийнинг юзи қаршисида поклайди.
19
Сўнг руҳоний гуноҳ қурбонлигини келтириб, покланаётган одамни унинг нопоклигидан поклайди, шундан кейин тамоман ёндириш қурбонлигини сўяди.
20
Руҳоний тамоман ёндириш қурбонлиги ва нон бағишловини қурбонгоҳда қўйиб, уни поклайди, шунда у пок бўлади.
21
Агар у камбағал бўлиб, моддий жиҳатдан имконсиз бўлса, унда ўзини поклаш учун айбдорлик қурбонлигига силкитиб келтирилган бир қўзини, нон бағишловига эса мой билан аралаштирилган эфанинг ўндан бир қисм буғдой уни ва бир лог мойни олиб келсин.
22
Шунингдек, маблағига кўра иккита мусича ёки иккита ёш кабутарни, бирини гуноҳ қурбонлиги сифатида, бошқасини эса тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида олиб келсин.
23
Ўз покланишининг саккизинчи куни эса у буларни руҳонийга, Раббийнинг қаршисидаги Йиғин Чодирининг кириш жойига олиб келади.
24
Руҳоний эса айбдорлик қурбонлиги қўзиси ва бир лог мойни олиб, буларни Раббийнинг юзи қаршисида силкитиб келтиради.
25
Сўнг айбдорлик қурбонлиги қўзисини сўйиб, руҳоний айбдорлик қурбонлигининг қонини олади ва покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг катта бармоғига ҳамда ўнг оёғининг катта бармоғига қўяди.
26
Сўнг руҳоний ўзининг чап кафтига мой қуйиб,
27
ўзининг ўнг бармоғи билан чап кафтидаги мойни Раббийнинг қаршисида етти марта пуркайди.
28
Сўнг руҳоний кафтидаги мойни покланаётган одамнинг ўнг қулоғи солинчагига, ўнг қўлининг катта бармоғига ва ўнг оёғининг катта бармоғига, яъни айбдорлик қурбонлиги қони қўйилган жойларига қўяди.
29
Унинг кафтида қолган мойни эса покланаётган одамни Раббийнинг қаршисида поклаш учун руҳоний унинг бошига қўяди.
30
Сўнг руҳоний покланаётган одамнинг маблағига кўра олиб келган мусичадан бирини ёки ёш кабутардан бирини келтиради,
31
яъни унинг маблағига кўра бир қушни гуноҳ қурбонлигига, бошқасини тамоман ёндириш қурбонлигига нон бағишлови билан бирга келтиради. Шундай қилиб, руҳоний покланаётган одамни Раббийнинг қаршисида поклайди.
32
Мана шу – покланиши учун маблағига эга бўлмаган мохов одам ҳақида қонундир”.
33
Раббий яна Мусо билан Аҳарўнга сўзлаб деди:
34
“Мен сизларга эгалик қилишингиз учун бераётган Канъан ерига кирганингизда ва Мен сизларнинг эгалик қилаётган ерингиздаги уйларга мохов ярасини юборганимда,
35
шунда у уйнинг эгаси бориб, руҳонийга: “Уйимда ярага ўхшаш бир нима пайдо бўлди”,- дейиши керак.
36
Руҳоний ярани кўздан кечириши учун киришидан аввал, уйдаги барча нарса нопок бўлмаслиги учун уйни бўшатишни буюради. Шундан сўнг руҳоний уйни кўришга келади.
37
Агар у ярани кўздан кечириб, уй деворларидаги яранинг деворга чуқур ботган яшил ёки қизғиш рангли чуқурчалардан иборатлигини кўрса,
38
унда руҳоний уйнинг ичидан уйнинг ташқарисига чиқади ва уйни етти кунга қулфлаб қўяди.
39
Еттинчи куни руҳоний яна келади. Агар у яранинг уйдаги деворлар бўйлаб тарқалиб кетганини кўрса,
40
унда руҳоний яраси бор тошларни синдиришни ва уларни шаҳардан ташқаридаги нопок жойга ташлашни,
41
уйнинг ичини эса бутунлай ўйиб чиқишни ва кўчирилган сувоғини шаҳардан ташқаридаги нопок жойга ташлашни буюради.
42
Сўнг бошқа тошларни олиб, ўша тошларнинг ўрнига ўрнатишади ва бошқа сувоқни олиб, уйни сувашади.
43
Агар тошларни синдириб, деворини ўйиб, қайта сувоқ қилганларидан сўнг яра яна пайдо бўлиб, уйда гуллай бошласа,
44
унда руҳоний келиб кўздан кечиради. Агар яра уйда тарқалиб кетган бўлса, унда бу – уйнинг ичини ўювчи моховдир. У нопокдир.
45
Бу уйни, унинг тошларини, унинг тахтаси ва бутун сувоғини бузиб ташлаб, шаҳардан ташқаридаги нопок жойга чиқариб ташлаш керак.
46
Бу уй қулфланган вақтида унинг ичига кирган ҳар ким кечгача нопок бўлади.
47
Ким бу уйда ухласа, ўша кийимларини ювиши керак. Ким бу уйда овқатланса, ўша кийимларини ювиши керак.
48
Агарда руҳоний келиб, уй қайта сувоқ қилинганидан сўнг яра уй бўйлаб тарқалмаганини кўрса, унда руҳоний уйни пок, деб эълон қилади, чунки яра тузалиб кетган.
49
Ўшанда уйни поклаш учун у иккита қушни, кедр дарахтини, қизил ип ва ҳиссопни олади.
50
Қушлардан бирини сопол идиш устида, тирик сув устида сўяди.
51
Сўнг кедр дарахтини, ҳиссопни, қизил ип ва тирик қушни олиб, уларни сўйилган қушнинг қонига ва тирик сувга ботириб, уйга етти марта пуркайди.
52
Шу тарзда, қушнинг қони, тирик сув, тирик қуш, кедр дарахти, ҳиссоп ва қизил жун билан уйни поклаб чиқади.
53
Тирик қушни эса шаҳардан ташқарида далага қўйиб юбориб, уйни поклайди ва уй пок бўлади”.
54
Бу – ҳар қандай мохов яраси, қўтир,
55
кийимдаги мохов, уйдаги мохов, шиш, темиратки, доғ ҳақида қонундир,
56
токи қачон у пок ёки нопок эканлиги белгилансин. Бу – мохов ҳақидаги қонундир.