23
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига эълон қилиб, улар муқаддас йиғин қилишлари керак бўлган Раббийнинг байрамлари ҳақида айтгин. Бу байрамлар қуйидагилардир:
3
Олти кун ишлашингиз мумкин, еттинчи куни эса дам олишнинг шаббатидир; муқаддас йиғин бўлади. Ҳеч қандай иш қилманглар. Бу сизларнинг барча турар жойларингизда Раббийнинг шаббатидир.
4
Қуйидагилар Раббийнинг байрамлари ва улар белгиланган вақтда чақиришингиз керак бўлган муқаддас йиғинлар:
5
Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун Раббийнинг Песаҳидир.
6
Ўша ойнинг ўн бешинчи куни эса Раббийга нишонланган Ачитқисиз нонлар байрами – етти кун ачитқисиз нон енглар.
7
Биринчи куни сизларда муқаддас йиғин бўлсин, ҳеч қандай иш қилманглар.
8
Етти кун давомида Раббийга қурбонликларни келтиринглар. Еттинчи куни ҳам сизларда муқаддас йиғин бўлсин. Ҳеч қандай иш қилманглар”.
9
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
10
“Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Мен сизларга бераётган ерга келганингиздан сўнг, ундаги ҳосилни ўриб-йиғиб олганингизда, ўрим-йиғимингиздан биринчи ҳосилларингиз боғламини руҳонийга келтиринглар.
11
Руҳоний эса сизлар илтифот топишингиз учун бу боғламни Раббийнинг қаршисида силкитиб тақдим этади. Шаббатдан кейинги куни руҳоний уни силкитиб келтиради.
12
Боғламни силкитиб тақдим этиш кунида Раббийга бир яшар бенуқсон қўзини тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида келтиринглар.
13
У билан бирга нон бағишловига зайтун мойи аралаштирилган эфанинг ўндан икки қисми бўлган буғдой унини келтиринглар. Шунингдек, Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида суюқлик бағишловига чорак хин шароб келтиринглар.
14
Худойингизга илк ҳосил боғламини келтирмагунингизгача, янги ҳосиллардан на нон, на қуритилган дон, на хом дон еманглар. Бу – барча қароргоҳларингизда барча авлодларингиз оша абадий низом бўлсин.
15
Шаббат кунидан кейинги кун, яъни илк ҳосил боғламини силкитиб келтиришнинг кунидан ўзингизга еттита тўлиқ ҳафтани санаб олинглар.
16
Етти ҳафтадан сўнг келадиган биринчи кунгача эллик кун сананглар ва шунда Раббийга янги нон бағишловини келтиринглар.
17
Раббийга илк ҳосилни бағишлангандек, сизларнинг қароргоҳларингиздан эфанинг ўндан икки қисми миқдоридаги буғдой унидан қилинган иккита нонни силкитиб келтиринглар. Улар ачитқи билан пиширилиши керак.
18
Нонлар билан бирга еттита бир ёшли бенуқсон қўзини, катта қорамолдан эса битта ёш буқа ва иккита қўчқорни келтиринглар. Булар Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида Раббийга тамоман ёндириш қурбонлиги, нон бағишловлари ҳамда суюқлик бағишлови бўлсин.
19
Шунингдек, битта улоқни гуноҳ қурбонлиги ва иккита бир ёшли қўзини тинчлик қурбонлиги учун тайёрланглар.
20
Руҳоний буларни силкитиб келтириладиган илк ҳосил нонлари ва иккита қўзи билан бирга Раббийнинг қаршисида силкитиб келтириши керак. Булар Раббийнинг муқаддасворлиги бўлади ва булар руҳонийга тегишлидир.
21
Сўнг ўша куннинг ўзида халқни чақиринглар, шу кун сизлар учун муқаддас йиғин бўлсин, ҳеч қандай иш қилманглар. Бу – сизларнинг барча қароргоҳларингизда барча авлодларингиз оша абадий низомдир.
22
Ерингизда ҳосилни ўриб-йиғиб олаётганингизда, йиғаётганингизда далангизнинг четларигача йиғманглар ва ўрим-йиғимдан қолган қолдиқларни териб олманглар. Буларни камбағал ва мусофирга қолдиргин. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман”.
23
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
24
“Исроил ўғилларига айтгин: Еттинчи ой, ойнинг биринчи куни сизлар учун шаббат, карнайлар байрами, муқаддас йиғин бўлсин.
25
Ҳеч қандай иш қилманглар ва Раббийга олов қурбонликларини келтиринглар”.
26
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
27
“Ўша еттинчи ойнинг тўққизинчи куни эса покланиш кунидир, шу кун муқаддас йиғин қилинглар. Жонларингизни бўйсундиринглар ва Раббийга қурбонликларни келтиринглар.
28
Шу кун ҳеч қандай иш қилманглар, чунки сизларнинг Раббий Худойингизнинг юзи қаршисида сизларни поклаши учун бу кун – покланиш кунидир.
29
Ўзини шу куни бўйсундирмаган ҳар ким ўз халқи орасидан қириб ташланади.
30
Агар кимдир шу куни бирор иш қиладиган бўлса, Мен ўша одамни ўз халқи орасидан қириб ташлайман.
31
Ўша куни ҳеч қандай иш қилманглар: бу барча қароргоҳларингиз бўйлаб барча авлодларингиз оша абадий низомдир.
32
Бу сизлар учун дам олиш шаббатидир. Ойнинг тўққизинчи куни оқшомдан жонларингизни бўйсундиринглар, оқшомдан оқшомгача шаббатингизни байрам қилинглар”.
33
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
34
“Исроил ўғилларига айтгин: Ўша еттинчи ойнинг ўн бешинчи кунидан етти кун давомида Раббийга бўлган Чайлалар байрамидир.
35
Биринчи куни муқаддас йиғин бўлсин, ҳеч қандай иш қилманглар.
36
Етти кун давомида Раббийга оловда келтириладиган қурбонликларни келтиринглар. Саккизинчи куни сизларда муқаддас йиғин бўлсин ва Раббийга оловда келтириладиган қурбонликларни келтиринглар. Бу– байрамона йиғиндир, ҳеч қандай иш қилманглар.
37
Мана шулар Раббийнинг байрамларидир. Уларнинг ҳар бири ўз кунида Раббийга тамоман ёндириш қурбонлиги, нон бағишловлари, сўйилган қурбонликлар ва суюқлик бағишловини келтириш учун муқаддас йиғин чақириш керак.
38
Булар эса Раббийнинг шаббатларидан ташқари ва сизлар Раббийга бераётган сизларнинг бағишловларингиз ва барча аталган назрларингиздан ҳамда ихтиёрий қурбонликларингиздан ташқари бўлсин.
39
Еттинчи ойнинг ўн бешинчи куни, сизлар ернинг ҳосилларини йиғадиган вақтда, Раббийнинг байрамини етти кун нишонланглар – биринчи куни шаббат бўлсин, саккизинчи куни ҳам шаббат бўлсин.
40
Биринчи куни ўзингизга чиройли дарахтларнинг новдаларини, палма дарахти новдаларини, кенг баргли дарахтларнинг ва самбиттол новдаларини олиб, Раббий Худойингизнинг қаршисида етти кун қувонинглар.
41
Бу байрамни бир йилда етти кун Раббийга нишонланглар. Бу сизларга авлодларингиз оша абадий низомдир. Уни еттинчи ойда нишонланглар.
42
Етти кун чайлаларда яшанглар. Исроиллик ҳар бир маҳаллий одам чайлаларда яшаши керак,
43
токи сизларнинг авлодларингиз, Мен Исроил ўғилларини Миср еридан олиб чиққанимда, уларни чайлаларга жойлаштирганимни билишсин. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман”.
44
Шундай қилиб, Мусо Раббийнинг байрамларини Исроил ўғилларига эълон қилди.