22
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Аҳарўн билан унинг ўғилларига айтгин, улар Исроил ўғилларининг Менга бағишлаётган муқаддасворликларидан эҳтиёт бўлсинлар ва Менга бағишлаётган нарсаларда Менинг муқаддас номимни беобрў қилмасинлар. Мен Раббийман.
3
Уларга айтгин: Авлодларингиз оша, бор наслингиздан бирор киши ўзида нопокликка эга бўлган ҳолда Исроил ўғилларининг Раббийга бағишлаётган муқаддасворликларига яқинлашса, унда бундай одам Менинг юзим қаршисидан қириб ташланади. Мен Раббийман.
4
Ким Аҳарўннинг наслидан мохов бўлса, ёки танасидан суюқлик оқаётган бўлса, бундай одам то покланмагунича, муқаддасворликларни ейиши мумкин эмас. Кимки ўликнинг бирор нопок нарсасига тегинса, ёки уруғи оқиб кетса,
5
ёки бирор судралиб юрувчи жониворга тегиниб, у туфайли нопок бўлса, ёки бирор кишига тегиниб, қайси хилдаги нопоклик бўлмасин, у туфайли нопок бўлса,
6
шуларга тегинган ўша одам кечгача нопок бўлади. У танасини сув билан ювмагунича, муқаддасворликларни емаслиги керак.
7
Аммо қуёш ботгач ва у покланганидан сўнг, у муқаддасворликларни ейиши мумкин, чунки бу унинг егулигидир.
8
Булғанмаслик учун у ўлаксани ёки йиртқич ҳайвон ёриб кетган ҳайвонни емаслиги керак. Мен Раббийман.
9
Улар Менинг амрларимга амал қилишсин, токи уни бузганларида ўзларида гуноҳни кўтариб юрмасинлар ва бундан ўлмасинлар. Мен уларни муқаддаслайдиган Раббийман.
10
Бегона одамлардан бирортаси муқаддасворликларни емасин. Руҳонийнинг уйида яшовчи одам ёки ёлланма ишчи муқаддасворликларни емаслиги керак.
11
Агар руҳоний бирор одамни сотиб олса, унда у буни ейиши мумкин, шунингдек, унинг оила аъзолари ҳам унинг нонини ейишлари мумкин.
12
Агар руҳонийнинг қизи бегона одамга турмушга чиқса, унда у қурбонликка келтирилаётган муқаддасворликларни емаслиги керак.
13
Бироқ агар руҳонийнинг қизи бева бўлиб қолса, ёки эридан ажралса ва унинг фарзандлари бўлмаса ва ёшлигида бўлгани каби отасининг уйига қайтиб келса, унда у отасининг нонини ейиши мумкин, аммо бегоналардан бирортаси уни емаслиги керак.
14
Кимки янглишиб, муқаддасворликларни еб қўйса, ўша одам муқаддасворликни руҳонийга қайтариши ва унинг устига ўшанинг бешдан бир қисмини қўшиб бериши керак.
15
Руҳонийларнинг ўзлари Худога келтираётган Исроил ўғилларининг муқаддасворликларини булғамасликлари керак.
16
Улар муқаддасворликларни еяётганларида, айб жазосини орттириб олмасликлари керак, чунки Мен уларни муқаддаслайдиган Раббийман”.
17
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
18
“Аҳарўн билан унинг ўғилларига ҳамда барча Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Агар Исроил хонадонидан ёки исроилликларнинг ораларида яшайдиган мусофирлардан бирор киши Раббийга атаган назри бўйича ёки ихтиёрий равишда тамоман ёндириш қурбонлигини келтирса,
19
унда бу орқали илтифотга сазовор бўлиши учун жонивор бенуқсон, эркак жинсли, катта қорамолдан ёки қўчқордан, ёки эчкидан бўлсин.
20
Нуқсони бор жониворлардан бирортасини келтирманглар, чунки бу сизларга илтифот келтирмайди.
21
Кимки Раббийга атаган назри бўйича ёки ихтиёрий равишда тинчлик қурбонлигига катта қорамолдан ёки кичик қорамолдан қурбонлик келтирса, Худога маъқул бўлиши учун жонивор бенуқсон бўлиши керак. Унда ҳеч қандай нуқсон бўлмаслиги шарт.
22
Кўр, ёки бирор жойи синган, ёки мажруҳ, ёки бемор, ёки яраси бор, ёки қўтири бор жониворларни Раббийга келтирманглар ва бундайларни олов қурбонлигига келтириш учун Раббийнинг қурбонгоҳига берманглар.
23
Аъзолари ҳаддан зиёд узун ёки калта бўлмиш буқа ёки қўзини ихтиёрий қурбонликка келтиришингиз мумкин, аммо агар назр аталгани бўйича бўлса, бу қабул бўлмайди.
24
Мояги эзилган, ёки ёрилган, ёки узилган, ёки кесилган жониворни Раббийга қурбонликка келтирманглар ва ерингизда бу ишни қилманглар.
25
Шунингдек, ўзга юртликнинг қўлидан ҳам бундай жониворлардан бирортасини Худойингизга инъомга келтирманглар, чунки улар шикастланган, уларда нуқсон бор. Улар сизларга илтифот келтирмайди”.
26
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
27
“Бузоқ, ёки қўзи, ёки улоқ туғилганида, у етти кун онаси билан бирга бўлиши керак, саккизинчи кундан бошлаб ва кейинги кунларда Раббийга олов қурбонлигига келтирилишга маъқул бўлади.
28
Аммо на сигирни, на қўйни, уларнинг боласи билан бир кунда сўйманглар.
29
Агар Раббийга миннатдорчилик қурбонлигини келтирадиган бўлсангиз, шундай қилингларки, бусизларга илтифот келтирсин:
30
уни ўша куннинг ўзида ейиш керак ва ундан эрталабгача ҳеч нимани қолдирманглар. Мен Раббийман.
31
Менинг амрларимга амал қилинглар ва уларни бажаринглар. Мен Раббийман.
32
Мен Исроил ўғилларининг ораларида муқаддас, деб эъзозланишим учун Менинг муқаддас номимни беобрў қилманглар. Мен сизларни муқаддаслайдиган Раббийман,
33
зеро Мен Худойингиз бўлиш учун сизларни Миср еридан олиб чиқди. Мен Раббийман”.