21
1
Раббий Мусога деди: “Аҳарўннинг ўғиллари бўлмиш руҳонийларга эълон қилиб айтгин: Улар ўз халқидан бирор бир ўликка тегиниб, ўзларини нопок қилишмасин.
2
Фақатгина ўзининг яқин қариндошига: ўзининг онасига, ўзининг отасига, ўзининг ўғлига, ўзининг қизига, ўзининг ака-укасига
3
ҳамда унинг олдида яшаган ва ҳали эр кўрмаган бокира опа-синглисига тегиниб, нопок бўлмайди.
4
Аммо нопок бўлмаслик учун у ўз халқи орасидан никоҳ орқали қариндошларга тегиниб, ўзини булғамаслиги керак.
5
Улар бошларини қирмасликлари, соқолларининг учини кесмасликлари ва таналарида кесиклар қилмасликлари керак.
6
Улар ўз Худоси учун муқаддас бўлишлари ва ўз Худосининг номини беобрў қилмасликлари керак. Чунки улар Раббийга қурбонликлар ва ўз Худосига тақдим нонларини келтирадилар, шунинг учун улар муқаддас бўлишлари керак.
7
Улар фоҳиша ёки бокиралиги бузилганни хотинликка олмасликлари керак, шунингдек, эри рад қилган хотинни хотинликка олмасликлари керак, чунки улар ўз Худоси учун муқаддасдир.
8
Уни муқаддас, деб билгин, чунки у сенинг Худойингга тақдим нонларини келтиради. У сен учун муқаддас бўлсин, чунки Мен – сизларни муқаддасловчи Раббий – муқаддасман.
9
Агар руҳонийнинг қизи зино билан ўзини булғаса, унда у отасини шарманда қилган бўлади. Бундай қизни оловда ёндириш керак.
10
Биродарларининг орасида бошига мойлаш мойи қуйилган ва муқаддас кийимларни кийиш учун покланган олий руҳоний, бошини яланғоч қилмаслиги ва кийимларини йиртиб юбормаслиги керак.
11
Шунингдек, у ҳеч қандай ўликка яқинлашмаслиги, ҳатто ўлган отаси ёки онасига ҳам тегинмаслиги ва шу орқали ўзини булғамаслиги керак.
12
У Муқаддасгоҳдан ҳеч қаёққа чиқмаслиги ва ўз Худосининг Муқаддасгоҳини беобрў қилмаслиги керак. Чунки Худосининг мойлаш мойининг муқаддасворлиги унинг устидадир. Мен Раббийман.
13
У ўзига хотинликка фақат бокира қизни олиши керак.
14
У ўзига хотинликка бева ёки эридан ажрашганни, ёки бокиралиги бузилганни, ёки фоҳишани олмаслиги, бироқ ўз халқидан бокира қизни ўзига хотинликка олиши керак.
15
У ўз халқида уруғини булғамаслиги керак, чунки Мен уни муқаддасловчи Раббийман”.
16
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
17
“Аҳарўнга айтгин: Сенинг уруғингдан танасида нуқсони бўлган ҳеч ким уларнинг барча авлодлари оша ўз Худосига тақдим нонларини келтириш учун яқинлашмаслиги керак.
18
Танасида нуқсони бўлган ҳеч ким яқинлашмасин: на кўр, на оқсоқ, на бурни пачоқ, на мажруҳ,
19
на оёғи синган, на қўли синган,
20
на букри, на пакана, на кўзида доғи бор, на яраси бор, на қўтири бор, на мояги шикастланган,
21
хуллас, руҳоний Аҳарўннинг уруғидан танасида нуқсони бўлган ҳеч ким Раббийга оловда қурбонликлар келтириш учун яқинлашмаслиги керак. Унинг танасида нуқсони бор, шу боис, у Худога тақдим нонларини келтириш учун яқинлашмаслиги керак.
22
У ўз Худосининг нонидан бўлган муқаддасворлик ва буюк муқаддасворликни ейиши мумкин.
23
Бироқ у Муқаддасгоҳнинг пардасига яқин келмасин ва қурбонгоҳга яқинлашмасин, чунки унинг танасида нуқсон бор. У Менинг Муқаддасгоҳимни беобрў қилмаслиги керак, чунки Мен уларни муқаддасловчи Раббийман”.
24
Шундай қилиб, Мусо бу амрларни Аҳарўн ва унинг ўғилларига ҳамда Исроилнинг ҳамма ўғилларига эълон қилди.