24
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига буюргин, Муқаддасгоҳидаги чироқ доимо ёниб туриши ва ёруғлик бериши учун улар сенга эзиб чиқарилган тоза зайтун мойини келтиришсин.
3
Аҳарўн бу чироқни Гувоҳлик Киботининг пардасидан ташқарисида, Йиғин Чодирида Раббийнинг қаршисида кечқурундан тонггача ҳар доим ёқиб қўйиши керак. Бу – авлодларингиз оша абадий низомдир.
4
Руҳонийлар чироқни ҳар доим Раббийнинг қаршисида тоза чироқпояда қўйишлари керак.
5
Сўнг буғдой унидан олиб, ундан ўн иккита нон ёп. Ҳар бир нонда эфанинг ўндан икки қисми миқдорида ун бўлиши керак.
6
Уларни икки қатор қилиб, ҳар бир қаторга олтитадан терган ҳолда Раббийнинг қаршисида тоза хонтахтага қўй.
7
Ҳар бир қаторга тоза ладанни қўй. Ладан нон билан бирга бўлиб, хотира учун Раббийга қурбонлик бўлади.
8
Нонларни Исроил ўғилларидан ҳар шаббат куни доимий равишда Раббийнинг қаршисига қўйиш керак. Бу – абадий аҳддир.
9
Булар Аҳарўн билан унинг ўғилларига тегишли бўлади, улар нонларни муқаддас жойда ейдилар. Чунки бу нонлар – Раббийнинг қурбонликларидан улар учун ажратилган буюк муқаддасворликдир. Бу абадий низомдир”.
10
Бир куни исроиллик аёлнинг мисрликдан туғилган ўғли Исроил ўғилларининг орасига чиқди. Исроиллик аёлнинг ўғли қароргоҳда Исроил ўғилларидан бири билан жанжаллашиб қолди.
11
Исроиллик аёлнинг ўғли эса Раббийнинг номини лаънатлади ва ҳақорат қилди. Шунда уни Мусонинг олдига келтиришди.
12
Раббийнинг иродаси уларга эълон қилингунича, уни қамаб қўйишди.
13
Сўнг Раббий Мусога сўзлаб деди:
14
“Лаънатлаганни қароргоҳдан ташқарига чиқаргин ва буни эшитганларнинг ҳаммаси қўлларини унинг бошига қўйишсин ҳамда бутун жамоа уни тошбўрон қилсин.
15
Исроил ўғилларига ҳам айтгин: Агар кимдир ўз Худосининг номини лаънатлайдиган бўлса, ўша одам ўз гуноҳини кўтариб кетади.
16
Раббийнинг номини ҳақорат қилувчи ўлим жазосига топширилиши керак, бутун жамоа уни тошбўрон қилсин. Мусофир ҳам, маҳаллий одам ҳам, ким Раббийнинг номини ҳақорат қиладиган бўлса, ўлимга топширилсин.
17
Кимки бирор одамни ўлдирадиган бўлса, ўша қотил ўлимга топширилсин.
18
Ким молни ўлдирса, у учун тўлаши керак, мол учун мол тўласин.
19
Ким яқинининг танасига жароҳат етказадиган бўлса, у нима қилган бўлса, унга ҳам шундай қилинсин:
20
синдиргани учун синдирилсин, кўз учун кўз, тиш учун тиш; у одамнинг танасига қандай жароҳат етказган бўлса, унга ҳам худди шундай қилинсин.
21
Молни ўлдирган мол учун тўласин, одамни ўлдирган эса ўлим жазосига топширилсин.
22
Мусофирга ҳам, маҳаллий одамга ҳам бир хил ҳукм бўлсин. Зеро Мен сизларнинг Раббий Худойингизман”.
23
Мусо буларни Исроил ўғилларига айтгач, улар лаънатлаган одамни қароргоҳдан ташқарига чиқардилар ва уни тошбўрон қилдилар. Шундай қилиб, Раббий Мусога қандай буюрган бўлса, Исроил ўғиллари шундай қилдилар.