18
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
3
Сизлар яшаган Миср ерининг ишларини қилманглар, шунингдек, Мен сизларни олиб бораётган Канъан ерининг ишларини қилманглар ва уларнинг одатларига тақлид қилманглар.
4
Менинг қонунларимни бажаринглар ва Менинг низомларимга амал қилиб, уларга риоя қилинглар. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
5
Менинг низомларимга амал қилиб, Менинг қонунларимни бажаринглар, зеро уларни бажарадиган одам тирик бўлади. Мен Раббийман.
6
Ҳеч ким ўз яқин қариндошининг яланғочлигини очиш учун унга яқинлашмасин. Мен Раббийман.
7
Отангнинг яланғочлигини ва онангнинг яланғочлигини очма. У сенинг онангдир, унинг яланғочлигини очма.
8
Отангнинг хотинининг яланғочлигини очма, бу – отангнинг яланғочлигидир.
9
Уйда ёки уйдан ташқарида туғилган отангнинг қизи ёки онангнинг қизи бўлмиш опа-синглингнинг яланғочлигини очма, уларнинг яланғочлигини очма.
10
Ўғлингнинг қизининг яланғочлигини ёки қизингнинг қизининг яланғочлигини, уларнинг яланғочлигини очма, чунки улар сенинг яланғочлигингдир.
11
Отангдан туғилган, отангнинг хотинининг қизларининг яланғочлигини, унинг яланғочлигини очма, у сенинг опа-синглингдир.
12
Отангнинг опа-синглисининг яланғочлигини очма, у отангнинг қон қариндошидир.
13
Онангнинг опа-синглисининг яланғочлигини очма, чунки у онангнинг қон қариндошидир.
14
Отангнинг ака-укасининг яланғочлигини очиш учун унинг хотинига яқинлашма, у сенинг аммангдир.
15
Келинингнинг яланғочлигини очма, у ўғлингнинг хотинидир, унинг яланғочлигини очма.
16
Ака-укангнинг хотинининг яланғочлигини очма, бу ака-укангнинг яланғочлигидир.
17
Аёл билан унинг қизининг яланғочлигини очма. Яланғочлигини очиш учун унинг ўғлининг қизини ва унинг қизининг қизини олма, чунки улар аёлнинг қон қариндошларидир, бу қонунбузарликдир.
18
Хотининг ҳаётлигида яланғочлигини очиш учун у билан синглисини олма, токи уни кундошлик қилмасин.
19
Хотининг ҳайздан покланаётган вақтида, унинг яланғочлигини очиш учун унга яқинлашма.
20
Уруғни тўкиш ва у билан булғаниш учун яқинингнинг хотини билан ётма.
21
Фарзандларингдан бирортасини Молекка оловдан ўтказишга берма ва бу билан Худойингнинг номини ҳаром қилма. Мен Раббийман.
22
Аёл билан ётгандек, эркак билан ётма. Бу жирканчликдир.
23
Шунингдек, уруғ тўкиш ва у билан булғаниш учун бирорта ҳайвон билан ҳам ётма, аёл ҳам ҳайвон билан қўшилиши учун унинг олдида турмасин. Бу – бузуқликдир.
24
Буларнинг бирортаси билан ўзларингизни булғаманглар, чунки Мен сизларнинг қаршингиздан қувиб юбораётган халқлар ўзларини буларнинг барчаси билан булғадилар.
25
Натижада ер булғаниб кетди. Мен уларнинг қонунбузарликларининг жазосини бердим ва ер ўзида яшовчиларни ўзининг устидан ирғитиб ташлади.
26
Сизлар эса Менинг низомлару қонунларимга амал қилинглар – на маҳаллий одам, на ораларингизда яшайдиган мусофир бу барча жирканчликларни қилманглар,
27
чунки сизлардан олдин бўлган бу ернинг одамлари шу барча жирканчликларни қилдилар ва ер булғаниб кетди.
28
Сизлар эса уни булғайдиган бўлсангизлар, сизлардан олдин бўлган халқларни устидан ирғитиб ташлаганидек, ер сизларни ҳам ирғитиб ташлайди.
29
Зеро ким бу барча жирканчликларни қиладиган бўлса, унда буларни қиладиганлар ўз халқи орасидан қириб ташланади.
30
Шундай қилиб, Менинг фармонларимга амал қилинглар, токи сизлардан олдин бўлганларнинг жирканч урф-одатлари бўйича йўл тутманглар ва булар билан ўзларингни булғаманглар. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман”.