17
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Аҳарўн билан унинг ўғилларига ҳамда Исроилнинг барча ўғилларига эълон қилиб айтгин: Раббий қуйидагиларни айтишни буюрди:
3
Агар Исроил хонадонидан бирор киши буқани, қўй ёки эчкини қароргоҳда ёки қароргоҳдан ташқарида сўйса,
4
ва Раббийга қурбонлик сифатида тақдим қилиш учун уни Йиғин Чодирининг кириш жойига, Раббийнинг истиқомат жойига олиб келмаса, унда ўша одам қон тўккан ҳисобланади. У қон тўкди, шунинг учун, бундай одам ўз халқи орасидан қириб ташланади.
5
Бу – Исроил ўғиллари далада сўяётган қурбонликларини Раббий қаршисидаги Йиғин Чодирининг кириш жойига, руҳонийга олиб келиб, уларни Раббийга тинчлик қурбонлигига сўйишлари учундир,
6
токи руҳоний қонни Йиғин Чодирига кираверишда турган Раббийнинг қурбонгоҳига пуркаб, ёғини Раббийга хушбўй ҳид сифатида ёндириб юборсин
7
ва халқ олдиндаги жинлар билан зино қилаётиб, энди эса қурбонликларини жинларга келтиришмасин. Бу – улар учун уларнинг авлодлари оша абадий низом бўлсин.
8
Уларга яна айтгин: Агар Исроил хонадонидан ёки ораларингизда яшайдиган мусофирлардан бирор киши тамоман ёндириш қурбонлиги ёки гуноҳ қурбонлиги келтирса,
9
ва уни Раббийга тақдим қилиш учун Йиғин Чодирининг кириш жойига олиб келмаса, унда ўша одам ўз халқининг орасидан қириб ташланади.
10
Агар Исроил хонадонидан ёки ораларингизда яшайдиган мусофирлардан бирор киши қандайдир қон еса, унда Мен юзимни қон ейдиган одамга қарши қилиб, уни ўз халқининг орасидан қириб ташлайман,
11
зеро тананинг жони унинг қонидадир. Жонларингизни поклаш учун Мен уни қурбонгоҳга тайинладим, чунки бу қон жонни поклайди.
12
Шунинг учун ҳам Мен Исроил ўғилларига дедим: "Ораларингиздан ҳеч ким қон ейиши мумкин эмас ва ораларингизда яшайдиган мусофир ҳам қон емаслиги керак".
13
Агар Исроил ўғилларидан ёки ораларингизда яшайдиган мусофирлардан бирор киши ов қилиб, ейиш мумкин бўлган ҳайвон ёки қушни тутиб олса, унда у ҳайвоннинг қонини оқизиб, уни ер билан ёпиши керак.
14
Чунки ҳар қандай тананинг жони унинг қонидир, қони – унинг жонидир. Шунинг учун Мен Исроил ўғилларига дедим: "Ҳеч қандай тананинг қонини еманглар, чунки ҳар қандай тананинг жони – унинг қонидир. Уни ейдиган ҳар қандай одам қириб ташланади".
15
Ўлимтик ёки йиртқич ёриб кетган ҳайвонни ейдиган ҳар ким (маҳаллий одамми ёки мусофирми) кийимларини ювиб, сув билан ювиниши керак ва у кечгача нопок бўлади, кейин эса пок бўлади.
16
Агарда у кийимларини ювмаса ва танасини ювмаса, унда қонунбузарлигини ўзида кўтариб юради”.