16
1
Аҳарўннинг иккита ўғли Раббийнинг юзи қаршисига келиб ўлгач, уларнинг ўлимидан сўнг, Раббий Мусога сўзлаб,
2
Раббий Мусога деди: “Аканг Аҳарўнга айтгин, у ўлмаслиги учун Муқаддасгоҳга, парда ортига, Кибот устидаги қопқоқ олдига ҳар қандай вақтда киравермасин, зеро Мен қопқоқ устида булутда намоён бўламан.
3
Аҳарўн қуйидагилар билан Муқаддасгоҳга кириши керак: гуноҳ қурбонлиги сифатида ёш буқа ва тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида қўчқор.
4
У эгнига зиғирпоя матоли муқаддас кўйлак кийиши керак. Унинг танасида зиғирпоя матоли ички кийим бўлсин ва зиғирпоя матоли белбоғни белига боғлаб, зиғирпоя матоли кидарни кийсин. Булар – муқаддас кийимлардир. У танасини сув билан ювиб, кейин бу кийимларни кийсин.
5
Исроил ўғиллари жамоасидан эса у гуноҳ қурбонлиги сифатида иккита така ва тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида битта қўчқорни олсин.
6
Сўнг Аҳарўн буқани ўзи учун гуноҳ қурбонлигига келтириб, ўзини ва ўзининг хонадонини поклайди.
7
Шунингдек, иккита такани олиб, уларни Йиғин Чодирининг кириш жойи олдида, Раббийнинг юзи қаршисига қўяди.
8
Сўнг Аҳарўн иккала така учун қуръа ташлайди: бир қуръани Раббий учун, бошқа қуръани эса қўйиб юбориш учун ташлайди.
9
Қуръаси Раббий учун тушган такани олиб келиб, Аҳарўн уни гуноҳ учун қурбонликка келтиради.
10
Қуръаси қўйиб юбориш учун чиққан такани эса тирик ҳолда Раббийнинг қаршисига қўяди, токи у орқали покланиш маросимини амалга оширсин ва уни қўйиб юбориш учун уни чўлга юборсин.
11
Аҳарўн гуноҳ қурбонлиги сифатида ўзи учун бўлган буқани олиб келиб, ўзини ҳамда ўз хонадонини поклайди. Буқани ўзи учун гуноҳ қурбонлигига сўяди.
12
Сўнг Раббийнинг юзи қаршисида бўлган қурбонгоҳдаги ёнаётган кўмир билан тутатқидонини тўлдириб, майда эзилган хушбўй тутатқи билан ҳовучини тўлдириб, буларни парда ортига олиб киради.
13
Ўлмаслиги учун эса у тутатқини Раббийнинг юзи қаршисидаги оловга қўяди ва тутатқининг тутуни Кибот устидаги қопқоқни қоплайди.
14
Сўнг буқанинг қонини олиб, бармоғи билан қопқоққа олд томонидан пуркайди, шунингдек, у қонни бармоғи билан қопқоқнинг олдида етти марта пуркайди.
15
Сўнг халқ учун гуноҳ қурбонлигига такани сўйиб, унинг қонини парда ортига олиб киради. Унинг қонини буқанинг қони каби қўллайди ҳамда уни қопқоққа ва қопқоқнинг олдига пуркайди.
16
Шу тарзда, у Исроил ўғилларининг нопокликларидан, уларнинг барча гуноҳларидаги жиноятларидан Муқаддасгоҳни поклайди. Уларнинг нопокликлари орасида жойлашган Йиғин Чодири билан ҳам худди шундай қилиши керак.
17
Аҳарўн Муқаддасгоҳни поклаш учун унга кираётганида, то у чиққунига қадар, Йиғин Чодирида ҳеч ким бўлмаслиги керак. Шу тарзда, у ўзини, ўзининг хонадонини ва бутун Исроил жамоасини поклайди.
18
Сўнг у Раббийнинг юзи қаршисидаги қурбонгоҳнинг олдига чиқиб, уни поклайди ва буқаю таканинг қонини олиб, қурбонгоҳнинг ҳар томондаги шохларига қўйди.
19
Шунингдек, қурбонгоҳга бармоғи билан етти марта қон пуркаб, уни поклайди ва уни Исроил ўғилларининг нопокликларидан муқаддаслайди.
20
Муқаддасгоҳни, Йиғин Чодири ва қурбонгоҳни поклашни амалга оширгач, у тирик такани олиб келади.
21
Аҳарўн иккала қўлини тирик таканинг бошига қўйиб, унинг устидан Исроил ўғилларининг барча қонунбузарликларини, уларнинг барча жинояту гуноҳларини эътироф этади ҳамда уларни таканинг бошига қўйиб, уни тайинланган одам билан чўлга жўнатиб юборади.
22
Така уларнинг барча қонунбузарликларини ўзи билан бўш ерга олиб кетади. Шу тарзда, у такани чўлга қўйиб юборади.
23
Аҳарўн Муқаддасгоҳдан чиқиб, Муқаддасгоҳга кираётганида кийган зиғирпоя матоли кийимларини ечади ва уларни ўша жойда қолдиради.
24
Муқаддас жойда танасини сув билан ювиб, ўз кийимларини кияди. Сўнг чиқиб, ўзи учун тамоман ёндириш қурбонлигини ҳамда халқ учун тамоман ёндириш қурбонлигини келтиради. Шундай қилиб, у ўзини ва халқни поклайди.
25
Гуноҳ қурбонлигининг ёғини эса қурбонгоҳда ёндириб юборади.
26
Такани қўйиб юборишга олиб кетган одам эса кийимларини ювиб, танасини сув билан ювиши керак, шундан сўнг у қароргоҳга кириши мумкин бўлади.
27
Қонлари Муқаддасгоҳни поклаш учун киритилган гуноҳ қурбонлигининг буқасини ва гуноҳ қурбонлигининг такасини қароргоҳдан ташқарига чиқариб, уларнинг терисини, гўшти ва ахлатлари оловда ёндириб юборилсин.
28
Уларни ёндириб юборган одам кийимларини ювиб, танасини сув билан ювиши керак, шундан сўнг у қароргоҳга кириши мумкин бўлади.
29
Бу сизлар учун абадий низом бўлсин: еттинчи ойнинг ўнинчи куни жонларингизни бўйсундиринглар, на маҳаллий одам, на ораларингизда яшайдиган мусофир ҳеч қандай иш қилмасин.
30
Чунки бу куни сизларни барча гуноҳларингиздан пок қилиш учун сизларни поклайдилар, токи сизлар Раббийнинг юзи қаршисида пок бўлинглар.
31
Бу – сизлар учун ором шаббатидир, жонларингизни бўйсундиринглар. Бу – абадий низомдир.
32
Ўз отаси Аҳарўн ўрнига руҳонийлик қилиш учун бағишланган ва мойланган руҳоний поклашни амалга ошириши керак. У муқаддас кийимлар, зиғирпоя матоли кийимларини кийиб,
33
Муқаддаслар-Муқаддасини поклайди, Йиғин Чодири ва қурбонгоҳни поклайди, шунингдек, руҳонийлар ва жамоанинг бор халқини поклайди.
34
Йилига бир марта Исроил ўғиллари уларнинг барча гуноҳларидан поклансин, деб сизлар учун абадий низом бўлсин”. Мусо барчасини Раббий унга буюрганидек қилди.