19
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларининг бутун жамоасига эълон қилиб айтгин: Муқаддас бўлинглар, чунки Мен сизларнинг Раббий Худойингиз муқаддасман.
3
Ҳар бирингиз ота-онангиздан қўрқинглар. Менинг шаббатларимга риоя қилинглар. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
4
Бутларга ўгирилманглар ва ўзларингизга қуйма худоларни ясаманглар. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
5
Раббийга тинчлик қурбонлигини келтираётганингизда, ўзингизга илтифот топиш учун уни бундай келтиринглар:
6
қурбонликка келтирган ўша куннинг ўзида ва эртаси куни уни ейиш керак, учинчи кунга қолганини эса оловда ёндириб юбориш керак.
7
Аммо ким уни учинчи кун ейдиган бўлса, бу жирканчликдир, бу илтифот келтирмайди.
8
Ким уни ейдиган бўлса, ўша одам гуноҳини ўзида кўтариб кетади, чунки у Раббийнинг муқаддасворлигини булғади. Бундай жон ўз халқининг орасидан қириб ташлансин.
9
Ерингиздаги ҳосилни йиғиб олаётганингизда, далангизнинг четларигача йиғманглар ва йиғимдаги қолдиқларни терманглар.
10
Узумзорингни ҳам охиригача тозалаб йиғма ва узумзорда қолган узум бошларини териб олма. Буларни қашшоқ ва мусофирга қолдир. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
11
Ўғирлик қилманглар, ёлғон гапирманглар ва бир-бирингизни алдаманглар.
12
Менинг номим билан ёлғон қасам ичманглар. Ўз Худойингнинг номини беобрў қилма. Мен Раббийман.
13
Ўз яқинингга озор берма, уни талама. Ёлланма ишчининг ҳақини кечдан тонггача ҳам ўзингда ушлаб турма.
14
Кар одамни лаънатлама, кўр одам қоқилиши учун унинг қаршисига ҳеч қандай тўсиқ қўйма. Худойингдан қўрқ. Мен Раббийман.
15
Суд ишида ноҳақлик қилманглар. Қашшоқ одамга юз-хотирчилик қилма ва буюк одамга маъқул бўлишга интилма. Ўз яқинингни ҳақиқат билан ҳукм қил.
16
Халқингнинг орасида ғийбат қилиб юрма, ўз яқинингнинг қонига нисбатан бепарво бўлма. Мен Раббийман.
17
Ўз юрагингда эса биродарингдан нафратланма, ўз яқинингни фош қил ва у учун гуноҳни кўтариб кетмайсан.
18
Қасос олма ва халқингнинг ўғилларига қарши ёвузликка эга бўлма, аммо ўзингни севганинг каби ўз яқинингни севгин. Мен Раббийман.
19
Менинг низомларимга риоя қилинглар. Чорвангни ўзга тур билан чатиштирма. Далангга икки хил уруғ экма. Турли хил ип: жун ва зиғирпоя толаси аралаштириб тикилган кийим кийма.
20
Агар кимдир аёл билан уруғ тўкиш учун ётса, у эса бошқа эрга унаштирилган, лекин ҳали сотиб олинмаган чўри бўлса, ёки унга ҳали озодлик берилмаган бўлса, унда уларни жазолаш керак, аммо аёл ўлимга ҳукм қилинмайди, чунки у ҳали озод эмасдир.
21
Бундай эркак Раббийга, Йиғин Чодирининг кириш жойига айбдорлик қурбонлигини, яъни айбдорлик қурбонлиги сифатида қўчқорни олиб келсин.
22
Руҳоний эса Раббийнинг қаршисида айбдорлик қўчқори билан уни қилган гуноҳидан поклайди ва унинг қилган гуноҳи кечирилади.
23
Сизлар ерингизга келиб, бирор бир мевали дарахт эксангиз, унинг меваларини кестирилмаган, деб ҳисобланглар. Уч йил улар кестирилмаган, деб ҳисобланиши керак ва уларни ейиш мумкин эмас.
24
Тўртинчи йили унинг барча меваларини Раббийнинг байрамларига бағишлаш керак.
25
Бешинчи йили эса сизлар унинг меваларини ейишингиз ва унинг барча ҳосилини ўзингизга териб олишингиз мумкин. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
26
Қон билан ҳеч нарсани еманглар, фол очманглар ва афсунгарлик қилманглар.
27
Бошингизда сочингизнинг четларини айланасига қирқтирманглар ва соқолингнинг четларини бузманглар.
28
Ўлган одам учун танангизда кесимлар қилманглар ва ўзингизга ёзувлар ўйманглар. Мен Раббийман.
29
Қизингни фоҳишалик қилишига йўл қўйиб, уни булғама, токи ер зинокорликка тушмасин ва бузуқликка тўлмасин.
30
Менинг шаббатларимга риоя қилинглар ва Менинг Муқаддасгоҳимни эҳтиром қилинглар. Мен Раббийман.
31
Ўликларни чақирувчиларга мурожаат қилманглар, сеҳргарларнинг олдига борманглар ва улар туфайли ўзларингизни булғаманглар. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
32
Сочи оқарган кишининг юзи қаршисида ўрнингдан тур ва қариянинг юзини ҳурмат қил. Худойингдан қўрққин, Мен Раббийман.
33
Ерингизда мусофир кўчиб келганида, унга зулм қилманглар.
34
Сизларнинг орангизда кўчиб келган мусофир сизлар учун худди маҳаллий одам каби бўлсин. Уни ўзингни севганинг каби севгин, чунки сизлар ҳам Миср ерида мусофир эдингиз. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман.
35
Судда, ўлчовда, меъёрда, миқдорда ноҳақлик қилманглар.
36
Тарозингиз тўғри бўлсин, қадоқ тошларингиз тўғри бўлсин, эфангиз тўғри бўлсин, хинингиз тўғри бўлсин. Мен сизларни Миср еридан олиб чиққан Раббий Худойингизман.
37
Менинг барча низомларимга риоя қилинглар, Менинг барча қонунларимни бажаринглар. Мен Раббийман”.