9
1
Йорданнинг бу томонидаги: тоғлардаги, водийлардаги ва Лебанон олдидаги буюк денгизнинг барча қирғоқларидаги барча подшоҳлар, хетликлар, амўрликлар, канъанликлар, перизликлар, ҳивликлар ва ябусликлар буни эшитиб,
2
биргаликда Йешуа ва Исроил билан жанг қилиш учун бирга тўпландилар.
3
Лекин Гибъўн аҳолиси Йешуанинг Йерихо ва Ғайни нима қилганини эшитиб,
4
ҳийла ишлатдилар. Улар бориб, йўлга нон ғамладилар ва эшакларига эскирган қопларни ҳамда эскирган, йиртилган, ямоқ солинган шароб мешларини ортдилар.
5
Уларнинг оёқларидаги оёқ кийимлари эскирган, ямоқ солинган ва устиларидаги кийимлари эскирган эди. Уларнинг йўлда ейиладиган нонлари ҳам қотиб қолган ва моғорлаган эди.
6
Улар Йешуанинг олдига, Гилгалдаги қароргоҳга келиб, унга ва бутун Исроилга: “Биз жуда ҳам узоқ мамлакатдан келдик. Шунинг учун энди биз билан иттифоқ тузинглар,”- дедилар.
7
Исроилликлар эса ҳивликларга: “Балки сизлар бизга яқин жойда яшарсизлар? Қандай қилиб биз сизлар билан иттифоқ тузамиз?”- дедилар.
8
Улар Йешуага дедилар: “Биз сенинг қулларингмиз”. Йешуа уларга: “Сизлар кимсизлар ва қаердан келдингизлар?”- деди.
9
Улар унга шундай дейишди: “Сенинг қулларинг жуда ҳам узоқ мамлакатдан сенинг Раббий Худойингнинг номи ҳақи келдилар. Чунки биз Унинг шуҳратини, Мисрда қилган ҳамма ишларини эшитдик.
10
Шунингдек, Йорданнинг нариги томонидаги амўрликларнинг иккита подшоҳи: Ҳешбон подшоҳи Сихонни ҳамда Аштаротда яшаган Башандаги подшоҳ Огни нима қилганининг ҳаммасини эшитдик.
11
Буларни эшитиб, бизнинг оқсоқолларимиз ва еримизнинг барча аҳолиси бизга шундай дедилар: Сафар учун ўзларингиз билан озуқа олиб, уларга пешвоз чиқинглар ва уларга: Биз сизларнинг қулларингизмиз. Шунинг учун энди биз билан иттифоқ тузинглар,- деб айтинглар.
12
Биз сизларнинг олдингизга келаётган кунимизда бу нонимизни уйимиздан иссиқ ҳолда олган эдик, энди эса, мана, у қотиб ва моғорлаб қолди.
13
Биз янги қуйган ушбу шароб солинган мешлар ҳам, мана, йиртилиб кетди. Бизнинг бу кийиму пойафзалимиз йўлнинг жуда узоқлигидан эскириб кетди”.
14
Исроилликлар уларнинг нонларини олдилар, бироқ Раббийдан сўрамадилар.
15
Йешуа улар билан тинчлик битимини тузди ва у уларнинг ҳаётини сақлаб қолиши ҳақида улар билан иттифоқ тузди. Жамоанинг бошлиқлари уларга қасам ичдилар.
16
Улар билан иттифоқ тузганларидан кейин уч кундан сўнг, улар исроилликларнинг қўшниси эканлигини ҳамда уларга яқин жойда яшашларини улар эшитдилар.
17
Чунки Исроил ўғиллари йўлга тушиб, учинчи куни уларнинг шаҳарларига келдилар. Уларнинг шаҳарлари Гибъўн, Қефираҳ, Бейерот ва Қиръат-Йеарим эди.
18
Исроил ўғиллари уларни ўлдирмадилар, чунки жамоа бошлиқлари Исроилнинг Раббий Худоси номи билан уларга қасам ичган эдилар. Шу сабабли, бутун жамоа бошлиқлардан нолиди.
19
Барча бошлиқлар эса бутун жамоага дедилар: “Биз уларга Исроилнинг Раббий Худоси номи билан қасам ичганмиз, шу сабабли, биз уларга тега олмаймиз.
20
Биз улар билан шундай йўл тутамиз: биз уларга ичган қасам туфайли бизнинг бошимизга ғазаб тушмаслиги учун биз уларни тирик қолдирамиз”.
21
Бошлиқлар халққа яна дедилар: “Улар тирик қолсинлар, лекин бутун жамоа учун ўтин ёрадилар ва сув тортадилар”. Бутун жамоа бошлиқлар уларга айтганидек қилди.
22
Йешуа уларни чақириб деди: “Сизлар бизга яқин жойда яшаётган экансиз-ку, унда нима учун сизлар: Биз сизлардан жуда ҳам узоқдамиз,- деб бизни алдадингизлар?
23
Шу сабабли, энди сизлар лаънати бўлдингизлар! Сизларнинг ҳаммангиз қул бўласизлар, Менинг Худойимнинг уйига ўтин ёрасизлар ва сув тортасизлар!”
24
Улар Йешуага жавоб бериб дейишди: “Сенинг Раббий Худойинг бутун ерни сизларга беришни ва ушбу ернинг барча одамларини сизларнинг қаршингизда қириб ташлашни Ўз қули Мусога буюргани сенинг қулларингга етиб келди. Шунинг учун сизлар бизни ҳаётдан маҳрум қилишингиздан ниҳоятда қўрқдик, шунинг учун шундай қилдик.
25
Энди, мана, биз сенинг қўлларингдамиз. Сенга биз билан қандай йўл тутиш яхшироқ ва адолатлироқ бўлиб кўринса, шундай йўл тутгин”.
26
Шундай қилиб, Йешуа улар билан шундай йўл тутди: уларни Исроил ўғилларининг қўлидан қутқарди ва уларни ўлдирмади.
27
Ўша куни Йешуа уларни жамоа ва Раббийнинг қурбонгоҳига ўтин ёриш ва сув тортишга тайинлади. Шу сабабдан, Раббий қандай жойни танламасин, ўша ерда ҳозирги кунгача Гибъўннинг аҳолиси Худонинг қурбонгоҳининг ўтин ёрувчилари ва сув ташувчиларига айландилар.