8
1
Раббий Йешуага деди: “Қўрқма ва даҳшатга тушма. Жангга лаёқатли барча одамларни ўзинг билан ол ва туриб, Ғайга бор. Мана, Мен сенинг қўлингга Ғайнинг подшоҳини, унинг халқини, шаҳри ва ерини бераман.
2
Йерихо ва унинг подшоҳини нима қилган бўлсанг, Ғай ва унинг подшоҳини ҳам худди шундай қил, фақатгина унинг ўлжаси ва чорвасини ўзларингга бўлиб олинглар. Шаҳарнинг орқасига пистирма қўй”.
3
Йешуа ва жангга лаёқатли барча одамлар Ғайга бориш учун турдилар. Йешуа ўттиз минг нафар мард одамни танлаб, уларни тунда юборди.
4
У уларга буюриб деди: “Қаранглар, сизлар шаҳарда, яъни шаҳарнинг орқасида пистирмада ётасизлар. Шаҳардан узоққа кетманглар ва ҳаммангиз тайёр туринглар.
5
Мен ва мен билан бирга бўлган бутун халқ эса шаҳарга яқинлашамиз. Ғайнинг аҳолиси аввалгидек бизга қарши кўтарилганида, биз улардан қочиб кетамиз.
6
Улар бизнинг ортимиздан кетади ва биз уларни шаҳардан олиб кетамиз. Чунки улар: “Улар биздан худди аввалгидек, қочмоқда,”- дейдилар. Биз улардан қочиб кетганимизда,
7
сизлар пистирмадан туриб бориб, шаҳарни қўлга олинглар, чунки сизларнинг Раббий Худойингиз уни қўлларингизга топширади.
8
Шаҳарни қўлга киритганларингизда, шаҳарга ўт қўйинглар, Раббийнинг сўзига кўра буни бажаринглар. Қаранглар, мен сизларга буюрмоқдаман”.
9
Шундай қилиб, Йешуа уларни юборди. Улар пистирмада ётиш учун кетиб, Ғайнинг ғарб томонида, Бейт-Эл ва Ғай орасида ўрнашдилар. Йешуа эса ўша тунда халқнинг орасида тунади.
10
Йешуа эрта тонгда туриб, халқни кўздан кечирди, сўнг у ва Исроилнинг оқсоқоллари халқнинг олдидан Ғайга кетдилар.
11
У билан бирга бўлган, жангга лаёқатли барча одамлар кетдилар ва яқинлашиб, шаҳарнинг олдига келдилар.
12
Улар Ғайнинг шимолий томонида қароргоҳ ўрнатдилар, улар билан Ғайнинг орасида водий бор эди. Сўнгра, у беш мингга яқин одамни олиб, шаҳарнинг ғарбий томонида, Бейт-Эл билан Ғайнинг ўртасида пистирмага жойлаштирди.
13
Улар шаҳарнинг шимолий томонида бўлган бутун қўшинни шундай жойлаштирдиларки, уларнинг орқадаги қисми шаҳарнинг ғарб томонида қолди. Йешуа ўша тунда водийнинг ўртасига келди.
14
Ғай подшоҳи буни кўрганида, улар шошилиб шаҳарнинг аҳолиси билан биргаликда эрта туриб Исроилга қарши жангга чиқди. У ва унинг бутун халқи текислик олдидаги белгиланган жойга келишди. Бироқ у шаҳарнинг орқасида унинг учун пистирма борлигини билмас эди.
15
Йешуа ва бутун Исроил худди уларга енгилгандек, саҳро йўли билан қочдилар.
16
Улар эса, шаҳарда бўлган бутун халқни Исроилни таъқиб қилишга чорлаб ҳайқирдилар ва Йешуанинг ортидан таъқиб қилиб шаҳардан узоқлашдилар.
17
Ғай ва Бейт-Элда Исроилнинг ортидан қувмаган ҳеч бир одам қолмади. Улар Исроилни таъқиб қилиб, шаҳарни очиқ қолдирдилар.
18
Шунда Раббий Йешуага: “Қўлингдаги найзани Ғайга қарата кўтар, чунки Мен уни сенинг қўлингга топшираман,”- деди. Йешуа қўлидаги найзани шаҳарга қарата кўтарди.
19
Пистирмада ўтирганлар ўша заҳоти ўринларидан турдилар ва у қўлини кўтарган заҳоти югуриб, шаҳарга кирдилар. Улар уни эгалладилар ва ўша заҳоти шаҳарга ўт қўйдилар.
20
Ғайнинг аҳолиси орқага қараб, шаҳардан осмонга тутун кўтарилаётганини кўрдилар. Улар учун у ерга ҳам, бу ерга ҳам қочишга жой йўқ эди, чунки саҳрога қочган одамлар таъқиб қилувчиларга айландилар.
21
Йешуа ва бутун Исроил эса пистирмада ўтирганлар шаҳарни эгаллаганларини ҳамда шаҳардан тутун осмонга кўтарилаётганини кўриб, орқага қайтдилар ва Ғайнинг одамларини ўлдира бошладилар.
22
Шаҳардагилар эса уларнинг рўпарасидан чиқдилар. Шундай қилиб, уларнинг бири бир томондан, бошқаси иккинчи томондан бўлган исроилликларнинг ўртасида қолдилар. Исроилликлар уларни шундай қириб ташладиларки, улардан бирор кишини тирик қолдирмадилар ва қочириб юбормадилар.
23
Ғайнинг подшоҳини эса тириклайин тутиб, Йешуанинг олдига олиб келдилар.
24
Исроилликлар Ғайнинг барча одамларини, улар исроилликларни қувиб борган саҳрода, далада ўлдириб бўлганларидан сўнг ва уларнинг барчаси охиргисигача қиличнинг тиғидан қулаганидан сўнг, барча исроилликлар Ғайга қайтиб бордилар ва уни қиличнинг тиғи билан қириб ташладилар.
25
Ўша куни қулаган эркак ва аёллар, Ғайнинг барча аҳолиси ўн икки минг киши эди.
26
Ғайнинг бутун аҳолисини бутунлай қириб ташламагунича, Йешуа найзани баланд кўтарган қўлини туширмади.
27
Фақатгина ушбу шаҳарнинг чорваси ва ўлжасини Раббий Йешуага айтган Раббийнинг сўзига биноан Исроил ўғиллари ўзаро бўлишиб олдилар.
28
Йешуа Ғайга ўт қўйди ва уни шу кунгача абадий харобазорга, саҳрога айлантирди.
29
Ғайнинг подшоҳини эса кечгача дарахтга осиб қўйди. Қуёш ботганидан сўнг, Йешуа унинг жасадини дарахтдан ечиб олишларини буюрди. Уни шаҳар дарвозасининг олдига ташладилар ва унинг устига улкан тош уюмини уйдилар, бу шу кунларгача турибди.
30
Шунда Йешуа Исроилнинг Раббий Худосига Эйбал тоғида қурбонгоҳ қурди.
31
Раббийнинг қули Мусо Исроил ўғилларига буюрганидек, Мусонинг қонун китобида ёзилганидек, ҳеч қандай темир асбоб ишлатилмаган бутун тошлардан қурбонгоҳ қурди. Унда Раббийга тамоман ёндириш қурбонликлари ва тинчлик қурбонликлари келтирдилар.
32
Йешуа Мусонинг қонунининг нусхасини ўша ерда тошларнинг устига ёзди, у уларни Исроил ўғилларининг олдида ёзди.
33
Бутун Исроил, унинг оқсоқоллари, назоратчилари, қозилари, мусофирлар ҳам, маҳаллий аҳоли ҳам Раббийнинг Аҳд Киботини кўтариб юрадиган руҳонийлар ва левитларнинг қаршисида Киботнинг у ва бу томонида турдилар. Илгари Раббийнинг қули Мусо Исроил халқини қандай дуо қилишни буюрганига кўра – уларнинг ярми Геризим тоғининг қаршисида, қолган ярми Эйбал тоғининг қаршисида турдилар.
34
Сўнгра Йешуа қонуннинг барча сўзларини, қонун китобида ёзилганига кўра дуо ва лаънатни ўқиди.
35
Йешуа Исроилнинг бутун йиғини, аёллару болалари ҳамда уларнинг орасида бўлган мусофирларнинг қаршисида Мусо Йешуага амр берган сўзлардан ўқиб бермаган бирорта ҳам сўз қолмади.