7
1
Бироқ Исроил ўғиллари хиёнат қилдилар ва лаънатланган нарсадан олдилар. Яҳудо қабиласидан Зераҳ ўғли, Забди ўғли, Кармининг ўғли Ахан лаънатланган нарсадан олди ва Раббийнинг ғазаби Исроил ўғилларига қарши алангаланди.
2
Йешуа Йериходан Бейт-Элнинг шарқий томонидаги Бейт-Авен ёнидаги Ғайга одамларни юбориб, уларга: “Бориб, ерни кўздан кечириб келинглар,”- деди. Улар бориб, Ғайни кўздан кечириб келишди.
3
Улар Йешуанинг олдига келиб, унга: “Бутун халқ бормасин, балки икки ёки уч мингга яқин одам бориб, Ғайни яксон қилсин. Бутун халқни уринтириб ўтирма, чунки уларнинг сони оз,”- дедилар.
4
Шундай қилиб, халқдан уч мингга яқин одам у ерга кетди, бироқ улар Ғайнинг аҳолисидан қочиб келдилар.
5
Ғайнинг одамлари улардан ўттиз олти нафаргача одамни ўлдирдилар ва уларни дарвозанинг олдидан Шебаримгача таъқиб қилдилар ҳамда уларни тоғдан тушиш жойида қирғин қилдилар. Шу сабабдан, халқнинг юраги бўшашиб, сув каби бўлиб қолди.
6
Йешуа кийимларини йиртиб, Раббийнинг Аҳд Киботи олдида юз тубан йиқилди ва кечгача ётди. У ва Исроилнинг оқсоқоллари шундай қилдилар ҳамда ўз бошларига тупроқ сепдилар.
7
Йешуа деди: “Ё, Раббий Худо! Нима учун сен ушбу халқни Йордандан олиб ўтдинг? Бизни амўрликларнинг қўлига топшириш ва бизни қириб ташлаш учунми? Қани эди, биз Йорданнинг у томонида қолиб яшасак эди!
8
Ё, Раббий, Исроил ўз душманларига орқасини ўгирганидан сўнг мен нима дейман?
9
Чунки канъанликлар ва ернинг бутун аҳолиси буни эшитиб, бизни қуршаб оладилар ва бизнинг номимизни ер юзидан ўчириб ташлайдилар. Ўшанда Сен Ўзингнинг буюк номинг учун нима қиласан?”
10
Раббий Йешуага деди: “Ўрнингдан тур, нима учун сен юз тубан йиқилдинг?
11
Исроил гуноҳ қилди ва улар Мен уларга буюрган Аҳдимни бузди, чунки улар лаънатланган нарсалардан олдилар, ўғирлаб, яширдилар ва ўзларининг нарсаларининг орасига қўйдилар.
12
Шунинг учун Исроил ўғиллари ўз душманларининг қаршисида тура олмадилар ва ўз душманларига орқаларини ўгирдилар, чунки улар лаънат остида қолдилар. Агар сизлар ўз орангиздан лаънатланганни йўқ қилмасангизлар, Мен бошқа сизлар билан бирга бўлмайман.
13
Тур ва халқни муқаддаслаб, уларга айтгин: Тонгда покланинглар, чунки Исроилнинг Худоси Раббий шундай демоқда: Эй, Исроил, лаънатланган нарса сенинг орангдадир, шунинг учун сен ўз орангдан лаънатланганни чиқариб ташламагунингча, ўз душманларингнинг қаршисида тура олмайсан.
14
Эртага эса сизлар ўз қабилаларингиз бўйича келинглар. Раббий кўрсатадиган қабила авлодлари бўйича келсин. Раббий кўрсатадиган авлод оилалари бўйича келсин. Раббий кўрсатадиган оила бир кишидан келсин.
15
Лаънатланган нарсани ўғирлашда фош қилинган кишини, уни ва унда бор бўлган ҳамма нарсани у Раббийнинг Аҳдини бузгани ва Исроилда қонунбузарлик қилгани учун оловда ёндирсинлар”.
16
Шундай қилиб, Йешуа эрта тонгда туриб, Исроилга қабилалари бўйича бирин-кетин келишни буюрди ва Яҳудо қабиласи кўрсатилди.
17
У Яҳудо қабиласига яқинлашишни буюрди ва Зераҳнинг авлоди кўрсатилди. У Зераҳнинг авлодига бирин-кетин яқинлашишни буюрди ва Забди оиласи кўрсатилди.
18
Унинг оиласидан ҳар бир кишига бирма-бир яқинлашишини буюрди ва Яҳудо қабиласидан Зераҳ ўғли, Забди ўғли, Кармининг ўғли Ахан кўрсатилди.
19
Шунда Йешуа Аханга: “Ўғлим, Исроилнинг Худоси Раббийни шарафла ва Унинг олдида гуноҳингни эътироф этиб, менга нима қилганингни айтиб бер. Мендан яширма,”- деди.
20
Ахан Йешуага жавоб бериб деди: “Аниқ, мен Исроилнинг Раббий Худосига қарши гуноҳ қилдим ва мана шундай қилдим:
21
Мен ўлжаларнинг орасида бир ажойиб Шинар кийимини, икки юз шеқел кумуш ва эллик шеқел оғирликдаги қуйма олтинни кўрганимда, мен уларни жуда ҳам хоҳладим ва олдим. Мана, у менинг чодиримнинг ичидаги ерда яширилган ва кумуш унинг тагида турибди”.
22
Йешуа одамларни юборди ва улар чодирга югуриб келдилар. Мана, бунинг ҳаммаси унинг чодирида яшириб қўйилган бўлиб, кумуш унинг тагида эди.
23
Улар буни чодирдан олиб, Йешуа ва Исроилнинг барча ўғилларининг олдига келтирдилар ҳамда Раббийнинг қаршисига қўйдилар.
24
Йешуа ва барча исроилликлар Зераҳнинг ўғли Аханни, кумуш ва кийимни, қуйма олтинни, унинг ўғил ва қизларини, ҳўкизларини, эшакларини, қўйларини, чодири ва унда бор бўлган барча нарсаларни олиб, уларни Ахор водийсига олиб бордилар.
25
Йешуа: “Сен бизнинг бошимизга кулфат солганинг учун Раббий шу кунда сенинг бошингга кулфат солади,”- деди. Бутун Исроил уни тошбўрон қилиб, уларни оловда ёндирдилар ва уларга тошлар отдилар.
26
Унинг устига тошлар уюмини уйдилар, у ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Шундан сўнг, Раббий ғазабининг қаҳри сўнди. Шу сабабли, ўша жой ҳаттоки ҳозирги кунгача Ахор (“Фалокат”) водийси, деб аталади.