6
1
Раббий Йешуага деди: “Мана, Мен сенинг қўлларингга Йерихони, унинг подшоҳи ва ундаги кучли одамларни топшираман.
2
Барча жангга лаёқатли бўлган одамлар шаҳарнинг атрофидан юрсинлар ва бир кунда бир маротаба шаҳарни айланиб чиқинглар. Олти кун шундай қил.
3
Етти нафар руҳоний қўчқорнинг шохидан қилинган еттита бурғуни Аҳд Киботининг олди томонида кўтариб юрсинлар. Еттинчи куни эса, шаҳарнинг атрофини етти маротаба айланиб чиқинглар ва руҳонийлар бурғу чалсинлар.
4
Қўчқор шохи узоқ чалинганида, сизлар бурғунинг овозини эшитганингизда, бутун халқ баланд овозда ҳайқирсин ва шаҳарнинг девори пойдеворигача қулайди ҳамда бутун халқдан ҳар бир киши ўзининг томонидан шаҳарга киради”.
5
Нўн ўғли Йешуа руҳонийларни чақириб, уларга деди: “Аҳд Киботини кўтаринглар, етти нафар руҳоний эса, қўчқорнинг шохидан қилинган еттита бурғуни Раббий Киботининг олди томонида кўтариб юрсинлар”.
6
У халққа деди: “Бориб, шаҳарнинг атрофини айланинглар, қуролланганлар эса Раббий Киботининг олди томонида юрсинлар”.
7
Йешуа халққа буни айтгани заҳоти, Раббийнинг қаршисида еттита бурғуни кўтариб юрган руҳонийлар ўтиб бурғу чалдилар, Раббийнинг Аҳд Киботи эса уларнинг ортидан борар эди.
8
Қуролланганлар бурғу чалаётган руҳонийлардан олдинда юрдилар, орқада келаётганлар эса, юрган йўлларида бурғу чалиб бораётган ҳолда Аҳд Киботининг ортидан эргашдилар.
9
Йешуа халққа буюриб деди: “Мен сизларга: Ҳайқиринглар!- демагунимча, ҳайқирманглар, сизларнинг овозингиз эшитилмасин ва оғзингиздан ҳеч қандай сўз чиқмасин. Ҳайқиринглар,- деганимда, сизлар ҳайқирасизлар”.
10
Шундай қилиб, Раббийнинг Аҳд Киботи шаҳарнинг атрофида юриб, бир марта айланиб чиқди. Сўнг қароргоҳга келиб, қароргоҳда тунадилар.
11
Кейинги кун Йешуа эрта тонгда турди ва руҳонийлар Раббийнинг Аҳд Киботини кўтардилар.
12
Раббийнинг Аҳд Киботи олдидан қўчқорнинг шохидан қилинган еттита бурғуни кўтариб юрувчи етти нафар руҳоний юриб бурғу чалдилар, қуролланганлар эса улардан олдинда юрдилар. Орқадан келаётганлар Раббийнинг Аҳд Киботи ортидан эргашдилар ва юриб бурғу чалдилар.
13
Шу тарзда, улар иккинчи куни ҳам шаҳар атрофини бир маротаба айланиб чиқдилар ва қароргоҳга қайтиб келдилар. Улар олти кун шундай қилдилар.
14
Еттинчи куни эрталаб, тонг отиши билан турдилар ва худди шу тарзда шаҳар атрофини етти маротаба айланиб чиқдилар. Улар фақатгина шу куни шаҳар атрофини етти маротаба айланиб чиқдилар.
15
Еттинчи маротабада руҳонийлар бурғу чалаётганларида, Йешуа халққа деди: ”Ҳайқиринглар, чунки Раббий шаҳарни сизларга берди!
16
Шаҳар лаънат остида бўлади ва ундаги ҳамма нарса Раббийгадир. Фақатгина фоҳиша Раҳаб, у ва унинг уйида бўлганларнинг барчаси тирик қолсин, чунки у биз юборган хабарчиларни яширди.
17
Бироқ лаънатланган нарсалардан бирор нима олиб ўзингиз лаънат остида қолмаслигингиз учун ҳамда Исроил ўғилларининг қароргоҳига лаънат олиб келмаслик ва унинг бошига кулфат солмаслик учун ўзингизни лаънатланган нарсалардан асранг.
18
Барча кумуш ва олтин, мис ва темир идишлар Раббийга бағишланган муқаддасворлик бўлсин ва Раббийнинг хазинасига кирсин”.
19
Халқ ҳайқирди ва бурғу чалдилар. Халқ бурғуларнинг овозини эшитгани заҳоти, халқ баланд овозда ҳайқирди ва шаҳар девори пойдеворигача қулади. Халқ, уларнинг ҳар бири ўз томонидан шаҳарга кириб, шаҳарни қўлга олдилар.
20
Улар шаҳарда бўлган барча нарсаларни: эркак ва аёлларни, ёш ва қариларни, ҳўкиз ва қўйларни ҳамда эшакларни қиличнинг тиғи билан бутунлай қириб ташладилар.
21
Ерни кўздан кечириб келган икки нафар ўсмирга Йешуа деди: “Ўша фоҳишанинг уйига бориб, унга қасам ичганингиздек, уни ва унинг уйида бўлганларнинг барчасини у ердан олиб чиқинглар”.
22
Ерни кўздан кечириб келган ўсмирлар шаҳарга, аёлнинг уйига келдилар ва Раҳабни, унинг ота-онасини, биродарларини, унинг уйида бўлганларнинг барчасини ва унинг барча қариндошларини ташқарига олиб чиқиб, уларни Исроил қароргоҳининг ташқарисига қўйдилар.
23
Шаҳарга ҳамда унда бўлган ҳамма нарсага эса ўт қўйдилар. Фақат кумуш, олтин, мис ва темир идишларни Раббий уйининг хазинасига топширдилар.
24
Фоҳиша Раҳабни, унинг отасининг хонадонини, унинг уйида бўлганларнинг барчасини Йешуа тирик қолдирди ва у ҳозирги кунгача Исроилнинг орасида яшамоқда, чунки у Йешуа Йерихони кўздан кечириб келиш учун юборган хабарчиларни яширди.
25
Ўша вақтда Йешуа қасам ичиб деди: “Ушбу Йерихо шаҳрини қайта тиклайдиган ва қурадиган одам Раббийнинг қаршисида лаънатидир. У ўзининг тўнғич фарзандида унинг пойдеворини қўяди ва ўзининг кенжа ўғлида унинг дарвозаларини ўрнатади”.
26
Раббий Йешуа билан бирга эди. Унинг шуҳрати бутун ер юзи бўйлаб тарқалар эди.