5
1
Шарқда, Йорданнинг бу томонида яшаган барча амўрлик подшоҳлар ва денгиз бўйидаги барча канъанлик подшоҳлар эса Исроил ўғиллари ўтиб бўлмагунларича, Раббий уларнинг қаршисида Йорданнинг сувини қуритганини эшитганларида, уларнинг юраклари сустлашди ва уларда Исроил ўғилларига қарши дадиллик руҳи қолмади.
2
Раббий ўша пайтда Йешуага деди: “Ўзингга ўткир пичоқлар яса ва Исроил ўғилларини иккинчи маротаба хатна қил”.
3
Йешуа ўзига ўткир пичоқлар ясади ва “Хатна тепалиги”, деб номланган жойда Исроил ўғилларини хатна қилди.
4
Йешуа Исроил ўғилларини хатна қилганининг сабаби шунда эдики, Мисрдан чиққан бутун халқ, барча жангга лаёқатли эркак зоти Мисрдан чиққанларидан сўнг саҳрода, йўлда ўлган эдилар.
5
Мисрдан чиққан бутун халқ хатна қилинган эди. Бироқ Мисрдан чиққанларидан сўнг йўлда, саҳрода туғилган бутун халқ хатна қилинмаган эди.
6
Чунки Мисрдан чиққан, жангга лаёқатли бутун халқ қирилиб кетмагунича, Исроил ўғиллари қирқ йил саҳрода юрдилар, чунки улар Раббийнинг овозига қулоқ солмадилар. Раббий бизга бериши ҳақида уларнинг оталарига қасам ичган ерни, сут ва асал оқадиган ерни улар кўрмасликларига Раббий қасам ичди.
7
Уларнинг ўрнига эса уларнинг ўғилларини кўтарди. Йешуа шуларни хатна қилди, зеро улар хатна қилинмаган эдилар, чунки уларни йўлда хатна қилмаган эдилар.
8
Бутун халқ хатна қилинди ва улар шифоланмагунларича ўзларининг жойларида қароргоҳда қолдилар.
9
Раббий Йешуага деди: “Бугун Мен сизлардан Мисрнинг шармандалигини олиб ташладим”. Шу сабабли, бу жой ҳатто ҳозирги кунгача “Гилгал”, деб аталади.
10
Исроил ўғиллари Гилгалда қароргоҳ қурдилар ва ойнинг ўн тўртинчи кунида Йерихо текисликларида Песаҳни амалга оширдилар.
11
Песаҳдан кейинги кунда ўша ернинг ҳосилларидан, ўша куннинг ўзида ачитқисиз нон ва қуритилган донлар едилар.
12
Улар ернинг ҳосилларидан ейишни бошлаганларидан сўнг, иккинчи кунидаёқ манна тушишдан тўхтади ва Исроил ўғилларида бошқа манна бўлмади, бироқ улар ўша йили Канъан ерининг ҳосилларидан едилар.
13
Йешуа Йерихонинг яқинида турганида, нигоҳларини кўтариб қаради. Мана, унинг қаршисида қўлида яланғочланган қилич билан бир киши турар эди. Йешуа унга яқинлашиб: “Сен бизларданмисан ёки бизнинг душманларимизданмисан?”- деди.
14
У: “Йўқ, мен Раббий қўшинининг бош қўмондониман. Энди бу ерга келдим,”- деди. Йешуа ерга юз тубан йиқилди ва таъзим қилиб унга: “Менинг ҳазратим ўз қулига нима дейди?”- деди.
15
Раббий қўшинининг бош қўмондони Йешуага: “Оёғингдан пойафзалингни еч, чунки сен турган ер муқаддасдир,”- деди. Йешуа шундай қилди.
16
Йерихо дарвозаларини қулфлаб қўйди ва Исроил ўғилларидан қўрққанидан қулфланиб олди. Ундан ҳеч ким чиқмас ва унга ҳеч ким кирмас эди.