4
1
Бутун халқ Йордандан ўтиб бўлганидан сўнг, Раббий Йешуага деди:
2
“Халқдан ўн икки нафар одам, яъни ҳар бир қабиладан бир нафардан одам ол.
3
Уларга буюриб, шундай дегин: Шу жойдан, руҳонийларнинг оёқлари мустаҳкам турган Йорданнинг ўртасидан ўн иккита тош олинглар, уларни ўзларинг билан бирга олиб ўтинглар ва бу кеча тунайдиган қўноқларингга қўйинглар”.
4
Йешуа Исроил ўғилларидан ўн икки нафар одамни, ҳар бир қабиладан биттадан одамни чақирди ва уларни шу ишга тайинлаб,
5
уларга деди: “Раббий Худойингизнинг Киботи олдидан Йорданнинг ўртасига боринглар ва у ердан тошлар олиб, ҳар бирингиз Исроил ўғиллари қабилаларининг сони бўйича ўз елкангизга биттадан тошни қўйинглар,
6
токи улар сизларнинг орангизда аломат бўлсин. Кейинги кунларда сизларнинг ўғилларингиз сизлардан сўраб: Сизлардаги бу тошлар нима учун?- десалар,
7
сизлар уларга: Бу ― Раббийнинг Аҳд Киботи қаршисида Йорданнинг суви иккига бўлинганининг хотираси учундир. У Йордандан ўтаётганида, Йорданнинг суви иккига бўлинди, деб айтасизлар. Шу тарзда, ушбу тошлар Исроил ўғиллари учун абадий хотира бўлади”.
8
Исроил ўғиллари Йешуа буюрганидек қилдилар. Раббий Йешуага буюрганидек, Исроил ўғиллари қабилаларининг сони бўйича, Йорданнинг ўртасидан ўн иккита тошни олиб, уларни ўзлари билан қўноққа кўтариб келдилар ва ўша ерга қўйдилар.
9
Йешуа бошқа ўн иккита тошни Аҳд Киботини кўтариб юрган руҳонийларнинг оёқлари турган жойга, Йорданнинг ўртасига қўйди. Улар ҳозирги кунгача ўша ердадир.
10
Мусо Йешуага буюрганидек, Раббий Йешуага халққа айтишни буюрган барча нарса тугамагунича Киботни кўтариб юрган руҳонийлар Йорданнинг ўртасида турдилар, халқ эса шошиб ўтиб олди.
11
Бутун халқ Йордандан ўтиб бўлганидан сўнг, Раббийнинг Аҳд Киботи ҳам, халқнинг олдидаги руҳонийлар ҳам ўтдилар.
12
Рубен ўғиллари, Гад ўғиллари ва Манашеҳ қабиласининг ярми Мусо уларга айтганидек, Исроил ўғилларидан олдинда қуролланган ҳолда ўтдилар.
13
Қирқ мингга яқин жангга қуролланганлар жанг қилиш учун Раббийнинг олдида Йерихо текисликларига ўтдилар.
14
Ўша куни Раббий Йешуани бутун Исроилнинг нигоҳи қаршисида улуғлади ва улар Мусодан қўрққанларидек, унинг ҳаётининг барча кунларида ундан қўрқдилар.
15
Раббий Йешуага сўзлаб деди:
16
“Ваҳий Киботини кўтариб юрган руҳонийларга Йордандан чиқишни буюргин”.
17
Йешуа руҳонийларга буюриб: “Йордандан чиқинглар,”- деди.
18
Раббийнинг Аҳд Киботини кўтариб юрган руҳонийлар Йордандан чиққанларида, уларнинг оёқ кафтлари қуруқликка теккан заҳоти Йорданнинг суви ўз жойига ёпирилди ва олдинги кунлардагидек, ўзининг барча қирғоқларидан тошиб оқди.
19
Биринчи ойнинг ўнинчи кунида халқ Йордандан чиқди ва Йерихонинг шарқий чегарасидаги Гилгалда қароргоҳ қурди.
20
Улар Йордандан олган ўн иккита тошни Йешуа Гилгалга қўйиб,
21
Исроил ўғилларига деди: “Кейинги кунларда сизларнинг ўғилларингиз оталаридан: Бу тошлар нимани англатади? деб сўрасалар,
22
ўғилларингизга шундай деб айтинглар: Исроил ушбу Йордан остидаги қуруқ ердан ўтди.
23
Чунки сизларнинг Раббий Худойингиз биз Қизил денгиздан ўтиб бўлмагунимизча, Қизил денгизни нима қилган бўлса, яъни уни бизнинг қаршимизда қандай қуритган бўлса, худди шундай, сизларнинг Раббий Худойингиз сизлар Йордандан ўтиб бўлмагунингизгача, сизлар учун Йорданнинг сувини қуритди,
24
токи ернинг барча халқлари Раббийнинг қўли кучли эканлигини билиб олсинлар ва сизлар барча кунларда Раббий Худойингиздан қўрқинглар”.