3
1
Йешуа эрта тонгда турди, кейин улар Шиттимдан қўзғалиб, Йорданга келдилар. Йешуа ва Исроилнинг барча ўғиллари уни кечиб ўтмасдан, ўша ерда тунадилар.
2
Уч кундан сўнг назоратчилар қароргоҳ бўйлаб юрдилар
3
ва халққа буюриб дедилар: “Раббий Худойингизнинг Аҳд Киботини, руҳонийларни ҳамда Киботни кўтариб келаётган левитларни кўрганингизда, сизлар ҳам ўз ўрнингиздан қўзғалиб, унинг ортидан боринглар.
4
Бироқ сизлар билан уларнинг орасидаги масофа икки минг тирсак ўлчамда бўлиши керак. Кетаётган йўлни билиш учун унга яқин келманглар: чунки сизлар бу йўлдан илгари ҳеч қачон юрмагансизлар”.
5
Йешуа халққа: “Ўзларингни покланглар, чунки эртага Раббий сизларнинг орангизда мўъжизалар яратади,”- деди.
6
Руҳонийларга эса Йешуа: “Аҳд Киботини олинглар ва халқнинг олдида боринглар,”- деди. Руҳонийлар Аҳд Киботини олиб, халқнинг олдида кетдилар.
7
Шунда Раббий Йешуага деди: “Мана шу кундан Мен сени бутун Исроил нигоҳида улуғлашни бошлайман, токи Мен Мусо билан қандай бирга бўлган бўлсам, сен билан ҳам худди шундай бирга бўлишимни улар билсинлар.
8
Сен эса, Аҳд Киботини кўтариб бораётган руҳонийларга буюриб: Йордан сувининг қирғоғига келганингиз заҳоти Йорданда тўхтанглар, деб айтгин”.
9
Йешуа Исроил ўғилларига: “Бу ерга келинглар ва сизларнинг Раббий Худойингизнинг сўзларини тингланглар,”- деди.
10
Сўнг Йешуа деди: “Сизларнинг олдингиздан канъанликларни, хетликларни, ҳивликларни, перизликларни, гиргошликларни, амўрликлар ва ябусликларни қувиб юборадиган тирик Худо сизларнинг орангизда эканлигини мана шундан билиб оласизлар:
11
Мана, бутун ер Раббийсининг Аҳд Киботи сизлардан олдин Йордандан ўтади.
12
Исроил қабилаларидан ўн икки нафар одам, яъни ҳар бир қабиладан бир нафардан одам олинглар.
13
Бутун ернинг Эгаси бўлмиш Раббийнинг Аҳд Киботини кўтариб бораётган руҳонийлар оёқларининг кафти Йордан сувига теккан заҳоти Йорданнинг суви қурийди, юқоридан оқаётган сув эса девор бўлиб туриб қолади”.
14
Шундай қилиб, халқ Йордандан ўтиш учун ўз чодирларидан қўзғалганида ва руҳонийлар халқнинг олдида Аҳд Киботини кўтариб борганларида,
15
Аҳд Киботини кўтариб бораётганлар Йорданга киргани заҳоти ва Киботни кўтариб бораётган руҳонийларнинг оёқлари Йорданнинг сувига ботгани заҳоти, (Йордан эса буғдой йиғим-терими вақтида барча қирғоқларидан тошади)
16
юқоридан оқаётган сув тўхтади ва жуда катта масофада, Заретан ёнидаги Адам шаҳригача девор бўлиб кўтарилди. Саҳро текислиги денгизга, яъни Туз денгизига қуйилаётган сув эса тугади ва қуриб қолди.
17
Шунда халқ Йерихонинг қаршисидан ўтди. Раббийнинг Аҳд Киботини кўтариб бораётган руҳонийлар эса, Йорданнинг ўртасидаги қуруқликда мустаҳкам турдилар. Бутун халқ Йордандан ўтиб бўлмагунича, барча исролликлар қуруқ ердан ўтдилар.