2
1
Нўн ўғли Йешуа Шиттимдан икки нафар кишини айғоқчиликка яширинча юбориб: “Бориб, ерни ва Йерихони кўздан кечиринглар,”- деди. Улар кетишди ва Раҳаб исмли фоҳишанинг уйига келиб, ўша ерда қолишди.
2
Йерихо подшоҳига: “Мана, Исроил ўғилларидан қандайдир одамлар ерни кўздан кечириш учун бу оқшом шу ерга келдилар,”- деб етказдилар.
3
Йерихо подшоҳи Раҳабнинг олдига одам юбориб: “Сенинг олдингга келиб, сенинг уйингга кирган одамларни чиқар, чунки улар бутун ерни кўздан кечиришга келганлар,”- деди.
4
Бироқ аёл ўша икки кишини олиб, уларни яширди ва деди: “Ҳақиқатан ҳам, менинг олдимга одамлар келган эдилар, лекин мен уларнинг қаердан эканликларини билмаган эдим.
5
Қош қорайган пайтда, дарвозани ёпиш вақти келганида, улар кетдилар. Улар қаерга кетганларини билмайман. Тезроқ уларнинг ортидан қувинглар, уларга етиб оласизлар”.
6
Ўзи эса уларни уйнинг томига олиб чиқиб, томида тахлаб қўйилган зиғир пояларининг ичига уларни яшириб қўйди.
7
Юборилган одамлар Йорданга борадиган йўлдан кечув жойигача уларнинг ортидан таъқиб қилдилар. Уларнинг ортидан таъқиб қилаётганлар чиқиб кетган заҳоти дарвозани ёпдилар.
8
Улар ухлашга ётишларидан аввал, у уларнинг олдига томга чиқиб,
9
уларга деди: “Ушбу ерни Раббий сизларга берганини мен биламан, чунки сизлар бизни ваҳимага солдинглар ва бу ернинг бутун аҳолиси сизлардан даҳшатга тушдилар.
10
Чунки Мисрдан чиққанларингизда, Раббий сизларнинг қаршингизда Қизил денгизнинг сувини қандай қуритганини ва сизлар Йорданнинг нариги томонидаги амўрликларнинг икки подшоҳи: Сихон ва Огни нима қилганингизни, уларни тўлиқ қириб ташлаганингизни биз эшитдик.
11
Биз бу ҳақида эшитганимизда, юракларимиз бўшашиб қолди ва бизнинг ҳеч биримизда сизларга қарши дадиллик руҳи қолмади, чунки сизларнинг Раббий Худойингиз ― юқорида самода ва пастда ердаги Худодир.
12
Шундай қилиб, менга Раббий номи билан қасам ичинглар, мен сизларга шафқат қилганим каби, сизлар ҳам менинг отамнинг хонадонига шафқат қилинглар ҳамда
13
менинг ота-онамни, биродарлару опа-сингилларимни, уларнинг барча яқинларини тирик қолдиришингиз ҳамда бизнинг ҳаётимизни ўлимдан қутқаришингиз ҳақида менга ишончли аломат беринглар”.
14
Бу одамлар унга: “Агар сен бизнинг ушбу ишимизни маълум қилмасанг, бизнинг ҳаётимиз сизларнинг ўрнингизга ўлимга топширилсин. Раббий бизга ерни берганида, биз сенга шафқат ва ҳақиқат бўйича муносабатда бўламиз,”- дедилар.
15
Сўнг Раҳаб уларни деразадан арқон билан пастга туширди, чунки унинг уйи шаҳар деворида эди, у деворда яшар эди.
16
У уларга деди: “Таъқиб қилувчилар сизларни учратиб қолмасликлари учун тоққа кетинглар ва таъқиб қилувчилар қайтиб келмагунларича, ўша ерда уч кун яширининглар, кейин эса ўз йўлингиздан кетаверинглар”.
17
Ўша одамлар унга дедилар: “Агар қуйидагича қилмасанг, сен бизга ичирган сенинг қасамингдан озод бўламиз:
18
Мана, биз ушбу ерга келганимизда, бизни тушириб юборган деразага қизил арқон боғла, сенинг ота-онангни, биродарларингни, отангнинг бутун оиласини ўз уйингга йиққин.
19
Агар сенинг уйингнинг эшикларидан кимдир ташқарига чиқса, унинг қони ўзининг бошида бўлади, биз эса айбдор бўлмаймиз. Лекин уйда сен билан бирга бўлганга кимнингдир қўли тегса, унинг қони бизнинг бошимизда бўлади.
20
Агар сен бизнинг ушбу ишимизни маълум қилсанг, унда биз ҳам сен бизга ичирган қасамингдан озод бўламиз”.
21
У: “Сизларнинг сўзларингизга кўра бўлсин!”- деди. У уларни қўйиб юборди ва улар жўнаб кетдилар, ўзи эса деразага қизил арқон боғлаб қўйди.
22
Улар кетиб, тоққа келдилар ва уларни таъқиб қилаётганлар қайтмагунларича, ўша ерда уч кун қолдилар. Таъқиб қилаётганлар уларни бутун йўл бўйлаб изладилар, бироқ топа олмадилар.
23
Шундай қилиб, ушбу икки одам қайтиб кетдилар, тоғдан тушиб, Йордандан ўтдилар. Нўн ўғли Йешуанинг олдига келиб, улар билан содир бўлган ҳамма нарсани унга сўзлаб бердилар.
24
Улар Йешуага: “Раббий бутун ушбу ерни қўлларимизга топширган ва мамлакатнинг бутун аҳолиси биздан даҳшатга тушган,”- дедилар.