10
1
Йерусалим подшоҳи Адонизедек Йешуанинг Ғайни эгаллаб олганини, уни бутунлай йўқ қилиб ташлаганини, Йерихони унинг подшоҳи билан нима қилган бўлса, Ғайни унинг подшоҳи билан ҳам шундай қилганини, Гибъўннинг аҳолиси Исроил билан иттифоқ тузганини ҳамда уларнинг орасида қолганини эшитганида,
2
у жуда ҳам қўрқиб кетди, чунки Гибъўн шоҳлик шаҳарларининг биридек катта шаҳар бўлиб, Ғайдан каттароқ эди. Унинг барча одамлари жасур одамлар эдилар.
3
Шунинг учун Йерусалимнинг подшоҳи Адонизедик Хеброннинг подшоҳи Хоҳамга, Йармутнинг подшоҳи Пирамга, Лақишнинг подшоҳи Йафиаҳга, Эглоннинг подшоҳи Дебирга одам юбориб, шундай деди:
4
“Менинг олдимга келинглар, Гибъўннинг Йешуа ҳамда Исроил ўғиллари билан иттифоқ тузгани учун уни қириб ташлашда менга ёрдам беринглар”.
5
Шу сабабдан, амўрликларнинг бешта подшоҳи: Йерусалимнинг подшоҳи, Хеброннинг подшоҳи, Йармутнинг подшоҳи, Лақишнинг подшоҳи, Эглоннинг подшоҳи, уларнинг ўзлари ва уларнинг барча қўшинлари биргаликда йиғилиб келиб, Гибъўнга қарши жанг қилиш учун унинг қаршисида қароргоҳ қурдилар.
6
Гибъўн аҳолиси Йешуанинг олдига, Гилгалдаги қароргоҳга одам юбориб дедилар: “Қўлларингни қулларингдан тортма, бизнинг олдимизга тезроқ кел. Бизни қутқар ва бизга ёрдам бер. Чунки тоғларда яшовчи амўрликларнинг барча подшоҳлари бизга қарши биргаликда йиғилдилар”.
7
Шундай қилиб, Йешуанинг ўзи ва у билан бирга жангга лаёқатли бутун халқ ва барча жасур эркаклар Гилгалдан чиқдилар.
8
Раббий Йешуага: “Улардан қўрқма, чунки Мен уларни сенинг қўлингга топширдим. Улардан ҳеч ким сенга қарши тура олмайди,”- деди.
9
Йешуа уларнинг устига қўққисдан бостириб келди, чунки у тун бўйи Гилгалдан юриб келган эди.
10
Раббий ушбу халқларни исроилликларнинг қаршисида саросимага солди ва уларни кучли зарба билан қириб ташладилар. Уларни Бейт-Хўронга кўтарилишдаги йўлдан таъқиб қилиб, Азекаҳ ва Маккедаҳгача қириб бордилар.
11
Улар Бейт-Хўрон қиялиги бўйлаб исроилликлардан қочиб кетаётганларида, Раббий Азекаҳгача уларнинг устига осмондан улкан тошларни ёғдирди ва улар ўлдилар. Исроил ўғиллари қилич билан ўлдирганлардан кўра, тошларнинг дўлидан ўлганлар кўпроқ эди.
12
Раббий амўрликларни Исроил ўғилларининг қўлига топширган, уларни Гибъўнда қирғин қилган, улар Исроил ўғиллари юзи қаршисида қирғин бўлган ўша кунда, Йешуа Раббийга сўзлаб, Исроил ўғилларининг қаршисида деди: “Қуёш, Гибъўннинг устида ва ой, Ойжавлон водийси устида тўхта!”
13
Халқ ўз душманларидан қасос олмагунича, қуёш тўхтади ва ой тўхтаб турди. Ҳақнинг китобида шу ёзилган эмасми: “Қуёш осмоннинг ўртасида туриб қолди ва кун бўйи ботишга шошилмади?”
14
Раббий одамнинг овозига шу қадар қулоқ солган бундай кун аввал ҳам, бундан кейин ҳам бўлган эмас. Чунки Раббий Исроил учун жанг қилди.
15
Сўнгра Йешуа ва у билан бирга бутун Исроил қароргоҳга, Гилгалга қайтди.
16
Ўша бешта подшоҳ эса қочиб кетдилар ва Маккедаҳдаги ғорга яшириндилар.
17
Йешуага буни етказиб: “Бешта подшоҳ топилди, улар Маккедаҳдаги ғорда яшириниб ўтирибдилар,”- дедилар.
18
Йешуа деди: “Ғорнинг оғзига катта тошларни думалатинглар ва уларни қўриқлаш учун олдига одамларни қўйинглар.
19
Сизлар эса тўхтаб қолманглар, бироқ душманларингизнинг ортидан таъқиб қилинглар ва уларнинг орқадаги қўшинини қириб ташланглар. Уларга ўз шаҳарларига кириб кетишларига йўл қўйманглар, чунки сизларнинг Раббий Худойингиз уларни сизларнинг қўлингизга топширди”.
20
Йешуа ва Исроил ўғиллари уларни ниҳоятда кучли зарба билан қириб ташлаганларидан ва улардан омон қолганлари қалъали шаҳарларга қочиб кетганларидан сўнг,
21
Бутун халқ қароргоҳга, Йешуанинг олдига, Маккедаҳга тинчлик билан қайтиб келди. Исроил ўғилларига қарши ҳеч ким оғзини очмади.
22
Шунда Йешуа: “Ғорнинг оғзини очинглар ва ғордан ўша бешта подшоҳни менинг олдимга олиб чиқинглар,”- деди.
23
Улар худди шундай қилдилар, ғордан ўша бешта подшоҳни: Йерусалимнинг подшоҳини, Хеброннинг подшоҳини, Йармутнинг подшоҳини, Лақишнинг подшоҳини, Эглоннинг подшоҳини унинг олдига олиб чиқишди.
24
Ушбу подшоҳларни Йешуанинг олдига олиб чиққанларида, Йешуа барча исроилликларни чақириб, ўзи билан бирга юрадиган жангчиларнинг қўмондонларига деди: “Яқин келинглар, ушбу подшоҳларнинг бўйнига оёқларингизни қўйинглар”. Улар келиб, оёқларини уларнинг бўйниларига қўйдилар.
25
Йешуа уларга: “Қўрқманглар ва даҳшатга тушманглар, кучли ва жасур бўлинглар. Чунки Раббий сиз жанг қиладиган сизларнинг барча душманларингизни шундай қилади,”- деди.
26
Сўнгра Йешуа уларни ўлдирди ва бешта дарахтга осиб қўйди. Улар дарахтда кечгача осилиб турдилар.
27
Қуёш ботиш пайтида Йешуа буюрди ва уларни дарахтдан тушириб олиб, ўзлари яширинган ғорга ташлашди ҳамда ғорнинг оғзига катта тошларни қўйишди, улар ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
28
Ўша куннинг ўзида Йешуа Маккедаҳни қўлга олиб, уни ва унинг подшоҳини қиличнинг тиғи билан ўлдирди ҳамда уларни ва унинг ичида бўлган барча тирик жонни бутунлай қириб ташлади. У ҳеч кимни омон қолдирмади, Йерихо подшоҳини нима қилган бўлса, Маккедаҳ подшоҳини ҳам худди шундай қилди.
29
Сўнгра Йешуа ва у билан бирга барча исроилликлар Маккедаҳдан Либнаҳга ўтдилар ва Либнаҳга қарши жанг қилдилар.
30
Раббий уни ҳам, унинг подшоҳини ҳам Исроилнинг қўлига топширди. Йешуа уни ва ўша ерда бўлган барча тирик жонни қириб ташлади. У ундаги ҳеч бир кишини тирик қолдирмади. Йерихо подшоҳини нима қилган бўлса, унинг подшоҳини ҳам худди шундай қилди.
31
Йешуа ва у билан бирга бутун Исроил Либнаҳдан Лақишга ўтдилар, унинг ёнида қароргоҳ қурдилар ва унга қарши жанг қилдилар.
32
Раббий Лақишни Исроилнинг қўлига топширди, у уни иккинчи кун қўлга киритди. Либнаҳни нима қилган бўлса, худди шундай, уни ва у ерда бўлган барча тирик жонни қиличнинг тиғи билан қириб ташлади.
33
Шунда Гезер подшоҳи Горам Лақишга ёрдам бериш учун келди. Лекин Йешуа унда ҳеч ким қолмагунича, уни ва унинг халқини қириб ташлади.
34
Йешуа ва у билан бирга барча исроилликлар Лақишдан Эглонга ўтдилар ва унинг қаршисида қароргоҳ қурдилар ҳамда унга қарши жанг қилдилар.
35
Ўша куннинг ўзида эса Эглонни қўлга киритдилар ҳамда ўша куни уни ва унда бўлган барча тирик жонни қиличнинг тиғи билан қириб ташладилар. У Лақишни нима қилган бўлса, Эглонни ҳам шундай бутунлай йўқ қилиб ташлади.
36
Йешуа ва у билан бирга барча исроилликлар Эглондан Хебронга кўтарилдилар ва унга қарши жанг қилдилар.
37
Уни қўлга киритиб, уни ва унинг подшоҳини, барча шаҳарларини ҳамда унда бўлган барча тирик жонни қиличнинг тиғи билан ўлдирдилар. У Эглонни нима қилган бўлса, Хебронни ҳам шундай қилиб, ҳеч кимни тирик қолдирмади. Уни ва унда бўлган барча тирик жонни бутунлай йўқ қилиб ташлади.
38
Сўнгра Йешуа ва у билан бирга барча исроилликлар Дебирга қайтиб, унга қарши жанг қилдилар.
39
Уни, унинг подшоҳи ва барча шаҳарларини қўлга киритдилар. Уларни қиличнинг тиғи билан ўлдирдилар ва унда бўлган барча тирик жонни бутунлай йўқ қилиб ташладилар. У ҳеч кимни тирик қолдирмади. Хеброн ва унинг подшоҳини нима қилган бўлса, Либнаҳ ва унинг подшоҳини, Дебир ва унинг подшоҳини ҳам худди шундай қилди.
40
Шундай қилиб, Йешуа тоғдаги, жануб томондаги, водийдаги барча ерларни, қияликдаги ерни ҳамда уларнинг барча подшоҳларини шикастлади. У ҳеч кимни тирик қолдирмади ва Исроилнинг Раббий Худоси буюрганидек, барча нафас олувчиларни бутунлай йўқ қилиб ташлади.
41
Йешуа уларни Қадеш-Барнеаҳдан Ғазогача ва бутун Гошен ерини Гибъўнгача шикастлади.
42
Йешуа ушбу барча подшоҳлар ва уларнинг ерларини бир зарбада қўлга киритди, чунки Исроилнинг Раббий Худоси Исроил учун жанг қилди.
43
Сўнгра Йешуа ва у билан бирга барча исроилликлар қароргоҳга, Гилгалга қайтиб келдилар.