11
1
Ҳазорнинг подшоҳи Йабин буларни эшитиб, Мадоннинг подшоҳи Йўбобга, Шимроннинг подшоҳига, Оқшофнинг подшоҳига,
2
тоғларнинг шимолий томонида, Киннеретнинг жанубий томонидаги текисликларда, водийларда ҳамда ғарб томондан Новоҳ-Дорда яшовчи подшоҳларга,
3
шарқ томонда ва ғарб томонда яшовчи канъанликларга, амўрликларга, хетликларга, перизликларга, тоғда яшовчи ябусликларга ҳамда Миспаҳ еридаги Ҳермон яқинида яшовчи ҳивликларга одам юборди.
4
Улар ва улар билан уларнинг барча қўшини, сонининг кўплиги денгиз қирғоғидаги қумга тенг бўлган кўп сонли халқ от ва жуда ҳам кўп жанг аравалари билан чиқди.
5
Барча ушбу подшоҳлар биргаликда йиғилиб, Исроилга қарши жанг қилиш учун Мером сувлари бўйида биргаликда қароргоҳ қурдилар.
6
Бироқ Раббий Йешуага деди: “Улардан қўрқма, чунки эртага, чамаси мана шу вақтда Мен уларнинг барчасини қирғин қилиниши учун Исроил ўғилларига топшираман. Уларнинг отларининг томирини кес ва уларнинг жанговар араваларига ўт қўй”.
7
Йешуа ва у билан бирга жангга лаёқатли барча одамлар Мером сувларининг бўйида қўққисдан уларга қарши чиқдилар ва уларга ташландилар.
8
Раббий уларни Исроилнинг қўлига топширди ва уларни қириб ташладилар, уларнинг ортидан буюк Cидўнгача, Мисрофот-Маимгача, шарқ томонда Миспаҳ водийсигача таъқиб қилдилар. Уларни шундай қириб ташладиларки, улардан ҳеч ким тирик қолмади.
9
Йешуа улар билан Раббий унга нима деган бўлса, шундай йўл тутди: уларнинг отларининг томирларини кесди ва жанговар араваларига ўт қўйди.
10
Йешуа ўша пайта ортга қайтиб, Ҳазор шаҳрини қўлга киритди ва унинг подшоҳини қилич билан ўлдирди. Ҳазор эса авваллари ўша барча подшоҳликларнинг боши эди.
11
Улар унда бўлган барча тирик жонни бутунлай йўқ қилиб, қиличнинг тиғи билан қириб ташладилар. Бирорта ҳам нафас олувчи жон қолмади. Ҳазорга эса у ўт қўйди.
12
Йешуа ушбу подшоҳларнинг барча шаҳарларини, уларнинг барча подшоҳларини қўлга олди ва Раббийнинг қули Мусо буюрганидек, уларни бутунлаб йўқ қилиб, қиличнинг тиғи билан қириб ташлади.
13
Бироқ фақатгина Йешуа ўт қўйган Ҳазордан ташқари баландликларда турган барча шаҳарларни Исроил ёндирмади.
14
Ушбу шаҳарларнинг барча ўлжалари ва чорвасини Исроил ўғиллари талон-тарож қилдилар. Бироқ ҳар бир кишини улар қиличнинг тиғи билан ўлдирдилар ва уларнинг барчасини қириб ташладилар, бирорта ҳам нафас олувчи жонни қолдирмадилар.
15
Раббий Ўз қули Мусога қандай буюрган бўлса, Мусо Йешуага шундай буюрди. Йешуа эса худди шундай қилди ва Раббийнинг Мусога буюрган барча сўзларининг ҳеч биридан чекинмади.
16
Шу тарзда, Йешуа ушбу барча тоғли ерларни, барча жанубий ерларни, Гошеннинг барча ерларини, водийларни, текисликларни, Исроил тоғини, унинг этагидаги текисликларни,
17
яъни Сеир томонига ёйилган Халак тоғидан то Ҳермон тоғи ёнидаги, Лебанон водийсидаги Баал-гадгача уларни қўлга киритди. Уларнинг барча подшоҳларини қўлга олиб, уларни шикастлади ва ўлдирди.
18
Йешуа ушбу барча подшоҳлар билан узоқ вақт жанг олиб борди.
19
Гибъўн аҳолиси бўлмиш ҳивликлардан ташқари бирорта шаҳар Исроил ўғиллари билан иттифоқ тузмади. Уларнинг ҳаммасини жанг билан қўлга киритдилар.
20
Чунки уларнинг қирғин қилишга топширилиши ва уларга шафқат қилинмаслиги, аммо Раббий Мусога буюрганидек қириб ташланишлари учун улар ўз юракларини қаттиқ қилишлари ва Исроилни уруш билан кутиб олишлари Раббийдан эди.
21
Ўша пайтда Йешуа келиб, тоғлардан, Хеброндан, Дебирдан, Анабдан, Яҳудонинг барча тоғларидан анакликларни қириб ташлади. Йешуа уларни шаҳарлари билан биргаликда бутунлай йўқ қилиб ташлади.
22
Исроил ўғилларининг ерида бирорта ҳам анакликлар қолмади, улар фақатгина Ғазода, Гатда ва Ашдодда қолдилар.
23
Шундай қилиб, Раббий Мусога айтганидек, Йешуа бутун ерни қўлга киритди ва уни Исроилга, уларнинг қабилалари орасида тақсимлаб, улуш қилиб берди. Шундай қилиб, ер урушдан тинчиди.