17
1
Сўнгра қуръа Манашеҳ қабиласига тушди, чунки у Юсуфнинг тўнғичи эди. Жангда жасур бўлган Манашеҳнинг тўнғичи бўлмиш Гилъаднинг отаси Махирга Гилъад ва Башан тегди.
2
Манашеҳнинг бошқа ўғилларининг авлодларига кўра: Абиэзернинг ўғилларига, Ҳелекнинг ўғилларига, Асриэлнинг ўғилларига, Шехемнинг ўғилларига, Ҳефернинг ўғилларига, Шемиданинг ўғилларига улушлар тегди. Булар ― Юсуф ўғли Манашеҳнинг авлодларига кўра эркак жинсидаги болаларидир.
3
Бироқ Манашеҳ ўғли, Махир ўғли, Гилъад ўғли, Ҳефер ўғли Зелофеҳаднинг ўғиллари бўлмасдан, фақат қизлари бор эди. Унинг қизларининг исмлари мана булардир: Махлаҳ, Ноаҳ, Хоглаҳ, Милкаҳ ва Тирзаҳ.
4
Улар руҳоний Элеазарнинг, Нўн ўғли Йешуа ва ҳокимларнинг олдига келиб: “Бизга биродарларимизнинг орасидан улуш беришни Раббий Мусога буюрган эди,”- дедилар. Шунинг учун Раббийнинг амрига кўра оталарининг биродарлари орасида уларга улуш берилди.
5
Манашеҳга Йорданнинг нариги томонидаги Гилъад ва Башан еридан ташқари ўнта қисм тушди.
6
Чунки Манашеҳнинг қизлари унинг ўғиллари орасида улуш олдилар. Гилъад ери эса Манашеҳнинг бошқа ўғилларига тегди.
7
Манашеҳнинг чегараси Ашердан Шеқем қаршисидаги Миқметаҳга кетади. Бу ердан чегара ўнгга Эн-Таппуаҳ аҳолисининг олдига боради.
8
Таппуаҳ ери Манашеҳга тегди. Манашеҳ чегарасидаги Таппуаҳ шаҳри эса Эфрайим ўғилларига тегди.
9
Чегара бу ердан Канаҳ дарёсига, дарёнинг жанубий томонидан тушади. Бу шаҳарлар Манашеҳ шаҳарларининг орасида жойлашган бўлса ҳам, Эфрайимга тегишлидир. Манашеҳнинг чегараси дарёнинг шимолий томонида бўлиб, денгиз билан тугайди.
10
Жанубдагилар Эфрайимники, шимолдагилар эса Манашеҳникидир. Денгиз уларнинг чегараси эди. Уларнинг чегаралари шимол томондан Ашер ва шарқ томондан Иссохор билан туташар эди.
11
Иссохор ҳамда Ашер ерида Бейт-Шеан ва унинг шаҳарлари, Иблеам ва унинг шаҳарлари, Дор аҳолиси ва унинг шаҳарлари, Эн-дор аҳолиси ва унинг шаҳарлари, Таанаҳ аҳолиси ва унинг шаҳарлари, Мегиддон аҳолиси ва унинг шаҳарлари, ҳамда Неффанинг учдан бир қисми Манашеҳга тегишлидир.
12
Манашеҳ ўғиллари ушбу шаҳарларнинг аҳолисини қувиб юбора олмадилар ва канъанликлар ушбу ерда яшаб қолдилар.
13
Исроил ўғиллари кучга тўлганларида, улар канъанликларни товон тўлайдиган қилдилар, бироқ уларни бутунлай қувиб юбормадилар.
14
Юсуфнинг ўғиллари Йешуага сўзлаб дедилар: “Нима учун сен бизга улушга битта қуръа ва битта қисм бердинг? Ахир биз кўп сонлимиз, зеро Раббий бизни шундай дуо қилган”.
15
Йешуа уларга: “Агар сизлар кўп сонли бўлсангизлар ва Эфрайим тоғи сизлар учун торлик қилаётган бўлса, унда ўрмонга боринглар. Ўша ерда перизликлар ҳамда рафаликлар ерини ўзларингизга тозалаб олинглар,”- деди.
16
Юсуфнинг ўғиллари дедилар: “Биз учун тоғ етарли эмас, бироқ Бейт-Шеан ва унинг шаҳарларида яшайдиганларникидек ҳамда Йезреэл водийсида яшайдиганларникидек, водийда яшайдиган барча канъанликларнинг темир жанговар аравалари бор”.
17
Аммо Йешуа Юсуф хонадони Эфрайим ва Манашеҳга деди: “Сизлар кўп сонлисизлар ва сизларнинг кучингиз кўп. Сизларнинг қуръангиз биттагина бўлмайди.
18
Тоғ ҳам, ушбу ўрмон ҳам сизларники бўлади. Сизлар уни тозалайсизлар ва у энг охиригача сизларники бўлади, чунки канъанликларнинг темир жанговар аравалари бўлса ҳам ва улар кучли бўлсалар ҳам, сизлар уларни қувиб юборасизлар”.