16
1
Сўнгра қуръа Юсуфнинг ўғилларига тушди: Йерихонинг ёнидаги Йордандан, Йерихо сувларидан шарққа қараб Йериходан Бейт-Эл тоғигача чўзиладиган саҳро уларнинг ҳудуди бўлди.
2
Бейт-Элдан чегара Лузга кетади ва Атаротгача Арқи ҳудудига ўтади.
3
Кейин денгизга, Йафлети ҳудудига, қуйи Бейт-Хўрон ҳудудига ҳамда Гезерга тушади ва денгиз олдида тугайди.
4
Буни Юсуфнинг ўғиллари: Манашеҳ ва Эфрайим мерос қилиб олдилар.
5
Эфрайим ўғилларининг авлодларига кўра чегараси мана бу бўлди: шарқдан уларнинг улушининг чегараси Атарот-Аддар юқори Бейт-Хўронгача бўлди.
6
Сўнгра чегара Миқметаҳнинг шимолий томонидан денгизга кетади ва Таанат-Шилўҳнинг шарқий томонига бурилиб, Йанохаҳнинг шарқий томонидан уни кесиб ўтади.
7
Йанохаҳдан Атарот ва Нааратга тушиб, Йерихога бирлашиб кетади ва Йордангача етади.
8
Чегара Таппуаҳдан денгизга, Канаҳ дарёсига боради ва дарё билан тугайди. Мана шу – Эфрайим ўғилларининг авлодларига кўра уларнинг қабиласининг улушидир.
9
Манашеҳ ўғилларининг улуши орасида, Эфрайим ўғилларига шаҳарлар ажратилди, барча шаҳарлар қишлоқлари билан бирга эди.
10
Бироқ эфрайимликлар Гезерда яшаган канъанликларни қувиб юбормадилар, шу сабабли, ҳозирги кунгача канъанликлар эфрайимликларнинг орасида, уларга товон тўлаб яшамоқдалар.