14
1
Мана шулар – Канъан ерида Исроил ўғиллари улушга олган, руҳоний Элеазар, Нўн ўғли Йешуа ва Исроил ўғиллари авлодларининг қабилабошилари Исроил ўғилларига улуш қилиб бўлиб берган ерлардир.
2
Раббий Мусога буюрганидек, улар тўққизта қабилага ҳамда Манашеҳ ярим қабиласига қуръага кўра тақсимлаб бердилар.
3
Чунки Мусо иккита қабилага ҳамда Манашеҳ қабиласининг ярмига Йорданнинг нариги томонида улуш берди, бироқ у левитларга уларнинг орасида улуш бермади.
4
Зеро Юсуф ўғилларидан иккита қабила – Манашеҳ ва Эфрайим қабилалари келиб чиқди. Шунинг учун улар левитларга ердан қисм бермадилар, фақат яшаш учун уларнинг чорвалари ва бошқа эҳтиёжлари учун шаҳарларни ҳамда уларнинг атрофидаги жойларни бердилар.
5
Раббий Мусога қандай буюрган бўлса, Исроил ўғиллари шундай қилдилар ва ерни улушларга тақсимлаб бердилар.
6
Шунда Яҳудонинг ўғиллари Гилгалга, Йешуанинг олдига келдилар. Қенизлик Йефуннеҳнинг ўғли Калеб унга деди: “Худонинг одами Мусога Раббий Қадеш-Барнеаҳда мен ва сен ҳақингда нима деганини сен биласан.
7
Раббийнинг қули Мусо мени Қадеш-Барнеаҳдан ерни кўздан кечириб келиш учун юборганида, мен қирқ ёшда эдим ва мен унга юрагимда бўлган сўзни келтирдим.
8
Мен билан бирга борган биродарларим эса, халқнинг юрагига журъатсизлик солдилар, аммо мен ўз Раббий Худойимга тўлиқ эргашдим.
9
Ўша куни Мусо қасам ичиб: Сенинг оёғинг юрган ер сенинг ва болаларингнинг абадий улуши бўлади, чунки сен менинг Раббий Худойимга тўлиқ эргашдинг,- деган эди.
10
Шундай қилиб, мана, Раббий айтганидек, У мени тирик қолдирди. Раббий Мусога ушбу сўзни айтган ва Исроил саҳрода дарбадар бўлиб юрган ўша пайтдан буён қирқ беш йил ўтди. Энди мана, мен саксон беш ёшдаман.
11
Бироқ Мусо мени юборган ўша пайтда қандай бўлган бўлсам, ҳозир ҳам худди шундай тетикман. Ўшанда менинг кучим қанча бўлган бўлса, ҳозир ҳам жанг қилиш, чиқишу кириш учун ўшанча кучим бор.
12
Шундай қилиб, Раббий менга ўша куни айтган ушбу тоғни бер. Чунки сен ўша куни у ерда Анак ўғиллари яшашини, уларнинг шаҳарлари катта ва мустаҳкам эканлигини эшитган эдинг. Агар Раббий мен билан бирга бўлса, Раббий айтганидек, мен уларни қувиб юбора оламан”.
13
Йешуа уни дуо қилди ва Йефуннеҳнинг ўғли Калебга Хебронни улуш қилиб берди.
14
Шу тарзда, Йефуннеҳнинг ўғли Калеб Исроилнинг Раббий Худосининг амрига тўлиқ эргашгани учун Хеброн ҳозирги кунгача унинг улуши бўлиб қолди.
15
Хеброннинг аввалги номи Қиръат-Арба бўлиб, Анак ўғилларининг орасида бир буюк одам шундай аталган эди. Сўнг ер урушдан тинчиди.