13
1
Йешуа қариб кекса ёшга кирганида, Раббий унга деди: “Сен қариб кекса ёшга кирдинг, эгаликка олиниши керак бўлган ерлар эса жуда ҳам кўп қолмоқда.
2
Ушбу ерлар қолмоқда: Пелиштнинг бутун ҳудуди ва Гешурнинг барча ерлари.
3
Миср қаршисидаги Шихордан шимол томонда Эқроннинг чегараларигача Канъанники ҳисобланадиган беш нафар Пелишт ҳукмдорлари: ғазоликлар, ашдодликлар, ашқалонликлар, гетликлар, эқронликлар ва авимликларнинг ерлари.
4
Жануб томондан бутун Канъан ери, Сидўннинг Меараҳдан Офоққача, амўрликларнинг чегараларигача,
5
шунингдек, Гебалий ери ва қуёш чиқиш томонда бутун Лебаноннинг ери, Ҳермон тоғи этагидаги Баал-Гаддан Ҳаматга кириш жойигача.
6
Лебанондан Мисрефот-Маимгача барча тоғ аҳолиларини, барча сидўнликларни Мен Исроил ўғилларининг қаршисидан қувиб юбораман. Мен сенга буюрганимдек, уни Исроилга улуш қилиб тақсимлаб бер.
7
Ушбу ерни тўққизта қабилага ҳамда Манашеҳ ярим қабиласига улуш қилиб тақсимла.
8
Рубен ва Гад қабилалари ҳамда Манашеҳ бошқа ярим қабиласи Йорданнинг нариги томонида, шарқ томонда Раббийнинг қули Мусодан ўз улушларини олдилар.
9
Арнон дарёсининг қирғоқларидаги Ароэрдан бошлаб, дарёнинг ўртасидаги шаҳарни ҳамда Дебонгача Медебанинг барча текисликларини,
10
аммўнликларнинг чегарасигача Ҳешбонда ҳукмронлик қилган амўрлик подшоҳ Сихоннинг барча шаҳарларини,
11
шунингдек, Гилъад ҳамда Гешур ва Маақаҳ ҳудудларини, Ҳермоннинг барча тоғларини, Салкаҳгача бутун Башанни,
12
Аштарот ва Эдрийда ҳукмронлик қилган Башандаги Огнинг бутун шоҳлигини улар улуш қилиб олдилар. У рафаликлардан бир ўзи қолган эди, Мусо уни тор-мор келтирди ва қувиб юборди.
13
Бироқ Исроил ўғиллари гешурликлар ва маақаҳликларни ҳайдаб юбормадилар, гешурликлар ва маақаҳликлар ҳозирги кунгача Исроилнинг орасида яшамоқдалар.
14
Фақатгина Леви қабиласига у улуш бермади. Раббий унга айтганидек, Исроилнинг Худоси Раббийга келтириладиган қурбонликлар уларнинг улушидир.
15
Мусо Рубен ўғилларининг қабиласига, уларнинг авлодларига кўра улуш берди:
16
Уларнинг чегаралари Арнон дарёсининг қирғоғидаги Ароэр, дарёнинг ўртасидаги шаҳар ва Медеба яқинидаги барча текисликлар;
17
Ҳешбон ва текисликдаги унинг барча шаҳарлари, Дебон, Бамот-Баал, Бейт-Баал-Меон,
18
Йаҳаза, Кедемот, Мефаат,
19
Қиръатаим, Сибмаҳ, водийнинг тоғидаги Зарет-Шаҳар,
20
Бейт-Пеор, Писгаҳ этагидаги жойлар, Бейт-Йешимот,
21
текисликдаги барча шаҳарлар ва Ҳешбонда ҳукмронлик қилган амўрликларнинг подшоҳи Сихоннинг бутун подшоҳлиги эди. Мусо Мидиан ҳокимлари Эвини, Рекемни, Зурни, Ҳурни, Ребани ҳамда ўша ерда яшаган Сихоннинг бошлиқларини ўлдиргани каби подшоҳ Сихонни ҳам ўлдирди.
22
Шунингдек, Исроил ўғиллари ўзлари ўлдирганларнинг орасида Беорнинг ўғли, башоратчи Балъамни ҳам қилич билан ўлдирдилар.
23
Рубен ўғилларининг чегараси Йордан эди. Мана шулар – Рубен ўғилларининг, уларнинг авлодларига кўра улуши, шаҳарлару қишлоқларидир.
24
Шунингдек, Мусо Гад қабиласига, Гад ўғилларига уларнинг авлодларига кўра улуш берди.
25
Уларнинг чегараси Йазер, Гилъаднинг барча шаҳарлари, Аммўн ўғиллари ерининг ярми Раббаҳ қаршисидаги Ароэргача,
26
Ҳешбондан то Рамат-Мизпеҳ ва Бетонимгача, Маханайимдан то Дебирнинг чегараларигача,
27
шунингдек, водийда Бейт-Арам, Бейт-Нимраҳ, Суккот, Зафон, Ҳешбон подшоҳи Сихон подшоҳлигининг қолдиғи эди. Унинг чегараси шарқда Йорданнинг нариги томонидаги Киннерет денгизигача бўлган Йордан эди.
28
Мана шулар – Гад ўғилларининг авлодларига кўра уларнинг улуши, шаҳарлару қишлоқларидир.
29
Мусо Манашеҳ ўғилларининг ярим қабиласига ҳам улуш берди. Манашеҳ қабиласининг ярмига, уларнинг авлодларига кўра берилган улуш қуйидаги эди:
30
Уларнинг чегараси Маханайимдан бутун Башан, Башан подшоҳи Огнинг бутун подшоҳлиги, Йаирнинг Башандаги барча шаҳарчалари, олтмишта шаҳар эди.
31
Гилъаднинг ярми ҳамда Башандаги Ог шоҳлигининг шаҳарлари бўлмиш Аштарот ва Эдрий эса, Манашеҳнинг ўғли бўлмиш Махир ўғилларига, Махир ўғилларининг ярмига уларнинг авлодларига кўра берилди.
32
Мана шулар – Мусо Йорданнинг нариги томонида, Йерихо қаршисида, шарқ томонга қараб Мўаб текисликларида улуш қилиб берган ерлар.
33
Бироқ Мусо Леви қабиласига ҳеч қандай улуш бермади: Исроилнинг Раббий Худоси уларга айтганидек, Унинг Ўзи уларнинг улушидир.