9 1 Исо йўлда кетаётиб, туғма кўр одамни кўрди. 2 Унинг шогирдлари Ундан сўрадилар: “Раввий! Ушбу кўр туғилгани сабаб ким гуноҳ қилган – ўзими ёки ота-онасими?” 3 Исо жавоб берди: “У ҳам, ота-онаси ҳам гуноҳ қилган эмас, балки бу – Худонинг ишлари унда намоён бўлиши учундир. 4 Кун ҳали бор экан, Мени Юборганнинг ишларини қилишим керак. Тун келмоқда, ўшанда ҳеч ким иш қила олмайди. 5 Мен ҳали дунёда бор эканман, Мен дунёнинг нуридирман”. 6 Буни айтиб, У ерга тупурди ва тупугидан лой ясаб, лойни кўрнинг кўзларига суртди. 7 Сўнг унга: “Бориб, Силоам ҳовузида ювингин”,- деди. (Силоам – «Юборилган» демакдир). У бориб ювинди ва кўра оладиган бўлиб қайтди. 8 Шунда қўшнилари ва илгари унинг садақа сўраганини кўрганлар: “Бу ўтириб, садақа сўрайдиган киши эмасми?”- дедилар. 9 Баъзилар: “Бу ўша”,- дер эдилар. Бошқалар эса: “Бунга ўхшайди”,- дер эдилар. У эса:”Бу менман”,- деди. 10 Шунда: “Кўзларинг қандай очилди?”- деб ундан сўрадилар. 11 У жавобан деди: “Исо исмли бир Киши лой ясаб, кўзларимга суртди. Кейин менга: Бориб, Силоам ҳовузида ювингин,- деди. Мен бориб, ювиндим ва кўзларим кўра бошлади”. 12 Улар эса унга: “У қаерда?”- дедилар. У: “Билмайман”,- деб жавоб берди. 13 Шунда илгари кўр бўлган шу одамни фарзийларнинг олдига олиб бордилар. 14 Исо лой ясаб, унинг кўзларини очган кун эса шаббат куни эди. 15 Фарзийлар ҳам унинг қандай кўра бошлаганини ундан сўрашди. У уларга жавоб бериб: “У менинг кўзларимга лой суртди, мен эса ювиндим ва, мана, кўряпман”,- деди. 16 Шунда фарзийлардан баъзилари: “Бу одам Худодан эмас, чунки шаббатга риоя қилмайди”,- дедилар. Бошқалар эса: “Гуноҳкор одам қандай қилиб бундай мўъжизалар қилиши мумкин?”- дедилар. Шу тариқа, уларнинг ораларида баҳс бўлди. 17 Кўр одамга яна: “Сен У ҳақида нима дейсан, ахир, У сенинг кўзларингни очди”,- дедилар. У: “Бу пайғамбар”,- деди. 18 Шунда яҳудийлар кўзлари очилганнинг ота-онасини чақирмагунларича, унинг кўр бўлиб, энди кўзи очилганига ишонмадилар. 19 Шундай қилиб, улар ота-онасидан: “Кўр туғилган, деган ўғлингиз шуми? Қандай қилиб, у энди кўряпти?”- деб сўрадилар. 20 Унинг ота-онаси уларга жавобан дедилар: “Биз бунинг ўғлимиз эканлигини ва унинг кўр туғилганини биламиз. 21 Қандай қилиб унинг энди кўраётганини билмаймиз, ёки ким унинг кўзларини очганини ҳам билмаймиз. Ўзи балоғат ёшида, ўзидан сўранг. Ўзи ҳақида ўзи сўзласин”. 22 Ота-онаси яҳудийлардан қўрққанлари учун шундай жавоб бердилар, чунки яҳудийлар Исони Масиҳ, деб тан оладиган одамни синагогадан қувишга аллақачон келишган эдилар. 23 Шунинг учун ота-онаси: У балоғат ёшида, ўзидан сўранглар,- дедилар. 24 Шундай қилиб, илгари кўр бўлган одамни иккинчи марта чақириб унга: “Худони шарафла! Биз биламизки, У Одам – гуноҳкордир”,- дедилар. 25 У эса уларга жавобан: “У гуноҳкорми, йўқми билмайман. Бир нарсани биламан – мен кўр эдим, энди эса кўряпман”,- деди. 26 Яна ундан: “У сенга нима қилди? Кўзларингни қандай очди?”- деб сўрадилар. 27 “Мен сизларга аллақачон айтдим, сизлар эса қулоқ солмадингизлар. Яна нимани эшитмоқчисизлар? Ёки сизлар ҳам Унинг шогирдлари бўлмоқчимисизлар?”- деб жавоб берди у. 28 Улар эса уни таъна қилиб дейишди: “Сен Унинг шогирдисан, биз эса Мусонинг шогирдларимиз. 29 Биз Мусонинг Худо билан суҳбатлашганини биламиз. Бунинг эса қаердан эканлигини билмаймиз”. 30 Кўзлари очилган одам уларга жавобан деди: “Шуниси ҳайратланарли-да! Сизлар Унинг қаерданлигини билмайсизлар, бироқ У менинг кўзларимни очди. 31 Аммо биз биламизки, Худо гуноҳкорларга қулоқ солмайди. Лекин ким Худодан қўрқиб, Унинг иродасини бажарса, Худо ўшанга қулоқ солади. 32 Асрлар бошидан кимдир туғма кўрнинг кўзини очгани эшитилмаган. 33 Агар У Худодан бўлмаганида эди, У ҳеч нарса қила олмас эди”. 34 Унга жавобан: “Сен бутунлай гуноҳларда туғилгансан, яна сен бизга ўргатасанми?”- дейишди-да, уни қувиб юборишди. 35 Исо уни қувиб юборганларини эшитди ва уни топиб: “Сен Худонинг Ўғлига ишонасанми?”- деди. 36 У жавобан: “У Ким, Ҳазрат, мен Унга ишонай?”- деди. 37 Исо унга: “Сен Уни кўриб турибсан, У сен билан суҳбатлашяпти”,- деди. 38 У эса: “Ишонаман, ё, Раббий”,- деб айтиб, Унга сажда қилди. 39 Сўнг Исо: “Мен бу дунёга ҳукм учун келдим, токи кўрмайдиганлар кўрсинлар, кўрадиганлар эса кўр бўлсинлар”,- деди. 40 Буни эшитиб, У билан бирга бўлган фарзийлардан баъзилари дедилар: “Нахотки, биз ҳам кўр бўлсак?” 41 Исо уларга: “Агар сизлар кўр бўлганингизда эди, ўзларингизда гуноҳга эга бўлмас эдингизлар, аммо: Кўряпмиз,- деб айтганларингиз учун гуноҳингиз ўзларингизда қолади”,- деди.