8 1 Исо Зайтун тоғига кетди. 2 Эрталаб яна маъбадга қайтиб келди. Бутун халқ эса Унинг олдига келар, У ўтириб, уларга таълим берар эди. 3 Шунда уламолар ва фарзийлар Унинг олдига зино устида ушлаб олинган бир аёлни олиб келдилар ва уни ўртага қўйиб, 4 Исога дедилар: “Устоз, бу аёл зино устида ушлаб олинди. 5 Мусо эса Қонунда бундайларни тошбўрон қилишни амр этган. Сен нима дейсан?” 6 Аслида, улар Исони айблашга сабаб топиш учун Уни васвасага солиб, шундай деган эдилар. Исо эса бошини эгиб, ерга бармоғи билан ниманидир ёзар эди. 7 Улар эса Ундан сўрашда давом этганларида, У бошини кўтариб уларга: “Сизлардан ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб унга тош отсин”,- деди 8 ва яна бошини паст эгиб, ерга ёзишни давом эттирди. 9 Улар буни эшитганларида, ўз виждони томонидан фош қилиниб, каттасидан бошлаб кичигигача бирин-кетин кета бошладилар. Шундай қилиб, ёлғиз Исо ва ўртада турган аёл қолди. 10 Исо бошини кўтариб, унга: “Эй, аёл! Айбловчиларинг қани? Сени ҳеч ким ҳукм қилмадими?”- деди. 11 У: “Ҳеч ким, Ҳазрат”,- деб жавоб берди. Исо унга: “Мен ҳам сени ҳукм қилмайман. Энди бор ва бошқа гуноҳ қилма”,- деди. 12 Исо яна халққа сўзлаб деди: “Мен дунёнинг нуриман. Ким Менинг ортимдан эргашса, у зулматда юрмайди, аммо ҳаёт нурига эга бўлади”. 13 Шунда фарзийлар Унга: “Сен Ўзинг ҳақингда Ўзинг гувоҳлик беряпсан. Шунинг учун Сенинг гувоҳлигинг ҳақиқий эмас”,- дедилар. 14 Исо уларга жавобан деди: “Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик берсам ҳам, Менинг гувоҳлигим ҳақиқий, чунки Мен қаердан келганимни ва қаерга бораётганимни биламан. Сизлар эса қаердан эканимни ва қаерга бораётганимни билмайсизлар. 15 Сизлар тана изми бўйича ҳукм қиласизлар. Мен эса ҳеч кимни ҳукм қилмайман. 16 Мен ҳукм қилсам ҳам, Менинг ҳукмим ҳақиқий, чунки Мен ёлғиз эмасман, лекин Мен ва Мени юборган Отам биргамиз. 17 Сизларнинг Қонунларингизда ҳам: Икки кишининг гувоҳлиги ҳақиқийдир,- деб ёзилган. 18 Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик беряпман ва Мен ҳақимда Мени юборган Отам гувоҳлик беряпти”. 19 Шунда Унга: “Отанг қаерда?”- дедилар. Исо эса жавоб берди: “Сизлар Мени ҳам, Менинг Отамни ҳам билмайсизлар. Агар сизлар Мени билганингизда эди, Менинг Отамни ҳам билган бўлар эдингизлар”. 20 Бу сўзларни Исо маъбадда таълим бераётганида, садақа қутисининг ёнида айтди. Ҳеч ким Унга қўл тегизмади, чунки ҳали Унинг вақт-соати келган эмас эди. 21 Исо яна уларга: “Мен кетмоқдаман. Мени излайсизлар ва ўз гуноҳларингизда ўласизлар. Мен бораётган жойга эса сизлар бора олмайсизлар”,- деди. 22 Шунда яҳудийлар дедилар: “Наҳотки У Ўзини Ўзи ўлдирса, зеро: Мен бораётган жойга сизлар бора олмайсизлар,- демоқда”. 23 У уларга: “Сизлар пастдансизлар, Мен эса юқориданман,- деди,- Сизлар шу дунёдансизлар, Мен бу дунёдан эмасман. 24 Шунинг учун Мен сизларга: Гуноҳларингизда ўласизлар,- дедим, чунки бу Мен эканимга ишонмасангизлар, гуноҳларингизда ўласизлар”. 25 Шунда Унга: “Сен Кимсан?”- дедилар. Исо эса уларга деди: “Сизларга азалдан айтган Ўшадир. 26 Сизларга айтадиган кўп гапларим ва ҳукмим бор, аммо Мени Юборган ҳақиқатдир, Мен Ундан нимани эшитган бўлсам, дунёга шуни сўзлайман”. 27 У Ота ҳақида сўзлаётганини улар тушунмадилар. 28 Шунда Исо уларга деди: “Инсон Ўғлини юксалтирганингизда, Ўша Мен эканлигимни ва Ўзимдан ҳеч бир ишни қилмаётганимни, лекин Отам Менга қандай ўргатган бўлса, шундай сўзлаётганимни билиб оласизлар. 29 Мени Юборган Мен билан биргадир. Отам Мени ёлғиз қолдирмади, чунки Мен доимо Унга нима маъқул бўлса, шуни қиламан”. 30 У буларни айтганида, кўплар Унга имон келтирдилар. 31 Шунда Исо Унга имон келтирган яҳудийларга деди: “Агар Менинг сўзимда жо бўлсангизлар, сизлар Менинг ҳақиқий шогирдларимсизлар. 32 Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади”. 33 Улар эса: “Биз Иброҳимнинг уруғимиз ва ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлган эмасмиз. Қандай қилиб Сен бизга: Озод бўласизлар,- дейсан?”- деб айтдилар Унга. 34 Исо уларга шундай жавоб берди: “Ростини, сизларга ростини айтаманки, гуноҳ қиладиган ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир. 35 Аммо қул уйда умрбод яшамайди, ўғил эса умрбод яшайди. 36 Шундай қилиб, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан озод бўласизлар. 37 Сизлар Иброҳимнинг уруғи эканлигингизни биламан. Аммо Мени ўлдириш имконини изламоқдасизлар, чунки Менинг сўзларим сизларга сиғмаяпти. 38 Мен Отамда нимани кўрган бўлсам, шуни сўзламоқдаман. Сизлар эса ўз отангизда кўрганингизни қилмоқдасизлар”. 39 Унга жавобан: “Бизнинг отамиз – Иброҳим”,- дедилар. Исо уларга деди: “Агар сизлар Иброҳимнинг болалари бўлганингизда, Иброҳимнинг ишларини қилган бўлар эдингизлар. 40 Энди эса Мени, Худодан эшитган ҳақиқатни сизларга айтганни ўлдириш имконини изламоқдасизлар. Иброҳим бундай қилган эмас эди. 41 Сизлар ўз отангизнинг ишларини қилмоқдасизлар”. Улар эса Унинг бу сўзига: “Биз зинодан туғилган эмасмиз, бир Отага эгамиз – бу Худо”,- дедилар. 42 Исо уларга деди: “Агар Худо Отангиз бўлганида эди, сизлар Мени севган бўлар эдингизлар, чунки Мен Худодан тушиб келдим. Зеро Мен Ўз-Ўзимдан келган эмасман, балки У Мени юборди. 43 Нима учун Менинг сўзларимни англамаяпсизлар? Чунки Менинг сўзларимни эшита олмайсизлар. 44 Сизларнинг отангиз – иблисдир. Сизлар отангизнинг ҳирсини қондирмоқчисизлар. У азалдан қотил эди ва ҳақиқатда тура олмади, чунки унда ҳақиқат йўқдир. У ёлғон сўзлаганида, ўзиникини сўзлайди, чунки у ёлғончи ва ёлғоннинг отасидир. 45 Мен эса ҳақиқатни сўзлаётганим учун Менга ишонмаяпсизлар. 46 Сизлардан қайси бирингиз Мени гуноҳда айблай олади? Агар Мен ҳақиқатни сўзлаётган бўлсам, нега сизлар Менга ишонмаяпсизлар? 47 Ким Худодан бўлса, Худонинг сўзларига қулоқ солади. Сизлар Худодан бўлмаганингиз учун буларга қулоқ солмаяпсизлар”. 48 Яҳудийлар жавоб бериб Унга: “Сен самарияликсан ва ичингда ёвуз руҳ бор, деб биз тўғри айтмаяпмизми?”- дедилар. 49 Исо жавоб берди: “Ичимда ёвуз руҳ йўқ. Аксинча, Мен Отамни ҳурмат қиламан, сизлар эса Мени беобрў қиляпсизлар. 50 Мен эса Ўз шуҳратимни изламайман – Изловчи ва ҳукм Қилувчи бор! 51 Ростини, сизларга ростини айтаманки, ким Менинг сўзларимга риоя қилса, у ҳеч қачон ўлим кўрмайди”. 52 Шунда яҳудийлар Унга дедилар: “Ичингда ёвуз руҳ борлигини энди билдик. Иброҳим ҳам ўлди, пайғамбарлар ҳам.... Сен эса: Ким сўзимга риоя қилса, у ҳеч қачон ўлимни татимайди,- дейсан. 53 Наҳотки Сен ўлган отамиз Иброҳимдан улуғроқсан? Пайғамбарлар ҳам ўлдилар. Сен Ўзингни ким қилиб кўрсатяпсан?” 54 Исо жавоб берди: “Агар Мен Ўзимни Ўзим улуғласам, Менинг шуҳратим ҳеч нарсадир. Сизлар: “Худойимиз”, деб атаётган Менинг Отам Мени улуғлайди. 55 Сизлар Уни таниб билмадингизлар, Мен эса Уни биламан. Агар: Уни билмайман,- десам, сизлар каби ёлғончи бўламан. Лекин Мен Уни биламан ва Унинг сўзига риоя қиламан. 56 Сизларнинг отангиз Иброҳим Менинг кунимни кўришдан хурсанд эди. Кўрди ҳам, қувонди ҳам”. 57 Яҳудийлар Унга: “Сен ҳали эллик ёшга кирган эмассан-у, яна Сен Иброҳимни кўрганмисан?”- дедилар. 58 Исо уларга: “Ростини, сизларга ростини айтяпман, Иброҳимдан олдин Мен бор эдим”,- деди. 59 Шунда Унга отиш учун тошлар олдилар. Аммо Исо яширинди ва маъбаддан чиқиб кетди.