7 1 Шундан сўнг Исо Галиле бўйлаб юрар эди. Яҳудия бўйлаб эса юришни истамади, чунки яҳудийлар Уни ўлдириш имконини излар эдилар. 2 Яҳудийларнинг Чайлалар байрами яқинлашар эди. 3 Шу орада Исонинг укалари Унга дедилар: “Бу ердан чиқиб, Яҳудияга боргин, токи Сен қилаётган ишларингни шогирдларинг ҳам кўрсинлар. 4 Зеро ҳеч ким машҳур бўлишни излаб, бирор ишни яширин қилмайди. Агар Сен шундай ишларни қилсанг, Ўзингни дунёга намоён қилгин”. 5 Чунки Унинг укалари ҳам Унга ишонмас эдилар. 6 Бунга Исо уларга: “Ҳали Менинг вақт-соатим келмади,- деди,- вақт-соатингиз эса доимо сизларникидир. 7 Дунё сизлардан нафратлана олмайди, Мендан эса нафратланади, чунки Мен унинг ишлари ёвуз эканлиги ҳақида гувоҳлик бераман. 8 Сизлар бу байрамга боринглар, Мен эса бу байрамга ҳали бормайман, чунки Менинг вақт-соатим келгани йўқ”. 9 Шуларни айтиб, У Галиледа қолди. 10 Аммо Унинг укалари кетганида, У ҳам байрамга борди, фақат ошкора эмас, балки яширинча борди. 11 Яҳудийлар эса Уни байрамда излаб: “У қаерда?”- дер эдилар. 12 Халқнинг орасида У ҳақида кўп гап-сўзлар тарқалган эди. Баъзилар: “У яхши”,- дер эдилар, бошқалар эса: “Йўқ, У халқни йўлдан оздиряпти”,- дер эдилар. 13 Аммо яҳудийлардан қўрқиб, ҳеч ким У ҳақида ошкора сўзламас эди. 14 Сўнг байрамнинг ярмида Исо маъбадга кириб таълим бера бошлади. 15 Яҳудийлар бундан ҳайратланиб: “Ўқимаган бўлса, У Ёзувни қандай билади?”- дер эдилар. 16 Исо эса уларга жавобан деди: “Менинг таълимотим Ўзимники эмас, аммо Мени Юборганникидир. 17 Ким Унинг иродасини бажармоқчи бўлса, бу таълимот ҳақида – у Худоданми ёки Мен Ўзимдан гапиряпманми билиб олади. 18 Ўз-ўзидан гапирадиган ўзига шуҳрат излайди. Ким Уни Юборганнинг шуҳратини изласа, У ҳақиқатдир ва Унда ноҳақлик йўқ. 19 Мусо сизларга Қонун бермадими? Аммо сизлардан ҳеч бирингиз Қонунга риоя қилмайди. Нима учун Мени ўлдирмоқчи бўляпсизлар?” 20 Халқ жавобан: “Сенда ёвуз руҳ бор. Ким Сени ўлдирмоқчи?”- деди. 21 Исо сўзини давом эттириб, уларга деди: “Мен бир иш қилдим ва сизларнинг ҳаммангиз бунга ҳайрон қолдингизлар. 22 Мусо сизларга хатнани берди, (аслида, хатна Мусодан эмас, балки оталардан), сизлар эса шаббат куни одамни хатна қиласизлар. 23 Агар Мусонинг Қонуни бузилмаслиги учун одам шаббат куни хатна қилинса, унда одамни шаббат куни шифолаганим учун Мендан ғазабланяпсизларми? 24 Ташқи кўринишга қараб ҳукм қилманглар, балки ҳақ ҳукм билан ҳукм қилинглар”. 25 Шунда баъзи йерусалимликлар дедилар: “Ўлдириш учун излаб юрганлари шу Киши эмасми? 26 Мана, У ошкора гапирмоқда ва Унга қарши ҳеч нима демаяптилар. Бошлиқлар Унинг ҳақиқатан ҳам Масиҳ эканига тан олмабдиларми? 27 Аммо биз Унинг қаердан эканини биламиз. Масиҳ келганида эса, Унинг қаердан эканини ҳеч ким билмайди”. 28 Шунда Исо маъбадда баланд овози билан таълим бериб, деди: “Мени ҳам биласизлар, Менинг қаерданлигимни ҳам биласизлар. Мен Ўз-Ўзимдан келган эмасман, балки Мени Юборган ҳақиқатдир, сизлар эса Уни билмайсизлар. 29 Мен Уни биламан, чунки Мен Унданман ва У Мени юборди”. 30 Шунда Уни қўлга олишга интилдилар, аммо ҳеч ким Унга қўл тегизмади, чунки ҳали Унинг вақт-соати келган эмас эди. 31 Халқдан кўпчилик эса Унга имон келтириб: “Масиҳ келганида, наҳотки, бу Одамдан кўра кўпроқ аломатлар яратармикин?”- дер эдилар. 32 Фарзийлар У ҳақида халқ орасида бўлган шундай гапларни эшитиб қолдилар. Шунда фарзийлар ҳамда олий руҳонийлар Уни қўлга олиш учун хизматчиларни юбордилар. 33 Исо эса уларга деди: “Мен сизлар билан яна бир оз вақт бирга бўламан, кейин эса Мени Юборганнинг олдига кетаман. 34 Мени излайсизлар, аммо топа олмайсизлар. Мен бўлган жойга сизлар кела олмайсизлар”. 35 Яҳудийлар эса ўзаро дедилар: “У қаерга кетмоқчи-ки, биз Уни топа олмаймиз? юнонларнинг орасига тарқалганларга бориб, юнонларга ҳам таълим бермоқчи эмасми? 36 Унинг: Мени излайсизлар, аммо топа олмайсизлар ва Мен бўлган жойга сизлар кела олмайсизлар,- деган сўзлари нимани билдиради?” 37 Улуғ байрамнинг охирги кунида Исо тик туриб, баланд овози билан шундай хитоб қилди: “Ким чанқаган бўлса, Менинг олдимга келиб ичсин. 38 Ким Менга имон келтирса, Ёзувда айтилганидек, ўша одамнинг бағридан ҳаётбахш сув дарёлари оқиб чиқади”. 39 У буни – имонлилар қабул қилиши керак бўлган Руҳ ҳақида айтди, зеро ҳали уларда Муқаддас Руҳ йўқ эди, чунки Исо ҳали улуғланган эмас эди. 40 Кўпчилик халқ бу сўзларни эшитиб: “Бу аниқ пайғамбар”,- дейишди. 41 Бошқалар эса: “Бу Масиҳ”,- дер эдилар. Яна бошқалар эса шундай дейишар эди: “Масиҳ Галиледан келиши керакми? 42 Ёзувда: Масиҳ Довуднинг уруғидан, Бейт-Леҳемдан, яъни Довуд бўлган жойдан келади,- дейилган эмасми?” 43 Шундай қилиб, халқ орасида У ҳақида баҳс бўлди. 44 Улардан баъзилар Уни қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо ҳеч ким Унга қўл тегизмади. 45 Шундай қилиб, хизматчилар фарзийларнинг ва олий руҳонийларнинг олдига қайтиб бордилар. Ўшалар эса хизматчиларга: “Нима учун Уни олиб келмадингизлар?”- дедилар. 46 Шунда хизматчилар: “Ҳеч қачон бирор одам бу Одамдек сўзлаган эмас”,- деб жавоб бердилар. 47 Фарзийлар эса уларга дедилар: “Наҳотки сизлар ҳам йўлдан оздирилдингизлар?” 48 Бошлиқлару фарзийлардан биронтаси Унга имон келтирдими? 49 Аммо бу халқ Қонунни билмайди, у лаънатланган. 50 Исонинг олдига тунда келган Никодим эса улардан бири бўлиб, уларга деди: 51 ”Бизнинг Қонунимиз олдин одамни тинглаб, унинг нима қилаётганини билмасдан ҳукм қиладими?” 52 Улар унга жавобан: “Сен ҳам Галиледан эмасмисан? Текшириб кўргин, Галиледан пайғамбар келиб чиқмайди-ку”,- дедилар. 53 Сўнг ҳаммалари уй-уйига тарқалиб кетдилар.