19 1 Шунда Пилат Исони олиб, Уни қамчилашга амр берди. 2 Аскарлар эса тиканлардан тож ясаб, Унинг бошига қўйдилар ва Унга қизил тўн кийдирдилар. 3 Сўнг: “Қувонгин, эй, яҳудийларнинг Подшоҳи!”- дея, Уни тарсакилаб урдилар. 4 Пилат яна ташқарига чиқиб, уларга: “Мана, мен Унда ҳеч қандай айб топмаганлигимни билиб қўйишингизлар учун мен Уни сизларнинг олдингизга олиб чиқяпман”,- деди. 5 Шунда Исо қизил тўн ва тиканли тож кийган ҳолда чиқди. Пилат уларга: “Мана, Одам!”- деди. 6 Олий руҳонийлар ва хизматчилар Уни кўрганларида: “Уни хочга михла! Уни хочга михла!”- дея бақирдилар. Пилат уларга: “Уни олиб, ўзларингиз хочга михланглар, чунки мен Унда ҳеч қандай айб топганим йўқ”,- деди. 7 Яҳудийлар унга: “Бизда Қонун бор ва Қонунимиз бўйича У ўлиши керак, чунки У Ўзини Худонинг Ўғли қилиб кўрсатяпти”,- деб жавоб бердилар. 8 Пилат бу сўзларни эшитганида, янада кўпроқ қўрқиб кетди. 9 У яна преторионга кириб Исога: “Сен қаердансан?”- деди. Лекин Исо унга жавоб бермади. 10 Шунда Пилат Унга: “Сен менга жавоб бермайсанми? Мен Сени хочга михлаш ҳокимиятига эга эканлигимни, шунингдек, Сени қўйиб юбориш ҳокимиятига эга эканлигимни билмайсанми?”- деди. 11 Исо жавобан: “Агар сенга юқоридан берилмаганида эди, сен Менинг устимдан ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмас эдинг. Шу сабабли, Мени сенинг қўлингга тутиб берганнинг гуноҳи янада кўпроқдир”,- деди. 12 Шу вақтдан бошлаб, Пилат Исони қўйиб юбориш имконини қидира бошлади. Яҳудийлар эса: “Агар сен Уни қўйиб юборсанг, унда сен императорнинг дўсти эмассан. Ўзини подшоҳ қилиб кўрсатувчи ҳар қандай одам, императорнинг душманидир”,- деб бақира бошладилар. 13 Пилат бу сўзларни эшитганида, Исони ташқарига чиқариб, Лифостротос (яҳудий тилида эса “Габбата”), деб номланган жойда суд курсисига ўтирди. 14 Ўшанда, Песаҳ байрамига тайёргарлик вақти бўлиб, соат чамаси олтилар эди. Пилат яҳудийларга: “Мана, сизларнинг Подшоҳингиз”,- деди. 15 Лекин улар: “Йўқот, йўқот, хочга михла Уни”,- деб бақира бошладилар. Пилат уларга: “Подшоҳингизни хочга михлайми?”- деди. Олий руҳонийлар эса: “Бизнинг императордан бошқа подшоҳимиз йўқ”,- деб жавоб бердилар. 16 Шунда Пилат Исони хочга михлаш учун уларга топширди ва уни олиб кетдилар. 17 Исо хочини кўтариб, “Бошсуяги” (яҳудий тилида “Гўлгота”), деб номланган жойга чиқди. 18 У ерда Исони хочга михладилар. Исо ўртада бўлиб, чап ва ўнг томонига яна икки кишини михладилар. 19 Пилат эса лавҳа ёзиб, хочнинг тепасига осиб қўйди. Унда: “Яҳудийларнинг Подшоҳи Нозарий Исо”,- деб ёзилган эди. 20 Бу лавҳани кўп яҳудийлар ўқидилар, чунки Исо хочга михланган жой шаҳардан узоқ эмас эди. Лавҳа эса яҳудий, юнон ҳамда лотин тилида ёзилган эди. 21 Шунда яҳудийларнинг олий руҳонийлари Пилатга дедилар: “Яҳудийларнинг Подшоҳи”, деб эмас, лекин “У: Мен яҳудийларнинг Подшоҳиман,- деган”,- деб ёзгин”. 22 Пилат уларга жавобан: “Мен нимани ёзган бўлсам, шуни ёздим”,- деди. 23 Аскарлар Исони хочга михлаганларидан сўнг Унинг кийимини олиб, тўрт бўлакка (ҳар бир аскарга бир бўлакдан) бўлдилар. Шунингдек, Унинг хитонини ҳам бўлишмоқчи бўлдилар. Хитон эса чоксиз бўлиб, тўлиқ тўқима эди. 24 Шунда улар ўзаро: “Буни йиртмайлик, лекин бу хитон учун қуръа ташлаймиз, кимники бўлар экан”,- дейишди, токи Ёзувда: “Улар Менинг кийимимни ўзаро бўлишиб олдилар ва либосим учун қуръа ташладилар”, деб айтилгани амалга ошсин. Аскарлар айнан шундай қилдилар. 25 Исонинг хочи олдида Унинг онаси ва онасининг опаси, Клопанинг хотини Мирйам ҳамда магдалалик Мирйам турар эдилар. 26 Исо ёнида турган онасини ва Ўзи севган шогирдини кўрганида, У онасига: “Аёл, мана, сенинг ўғлинг”,- деди. 27 Кейин У шогирдига: “Бу аёл сенинг онанг”,- деди. Шу вақтдан бошлаб ўша шогирд уни ўзникига олди. 28 Шундан кейин Исо ҳамма нарса амалга ошганини билиб, Ёзув амалга ошиши учун: “Чанқадим”, - деди. 29 Ўша жойда сиркага тўла бир идиш бор эди. Улар шимгични сиркага ботириб иссопга илдилар ва Исонинг оғзига яқинлаштирдилар. 30 Исо сиркани татиб кўргач: “Амалга ошди!”- деди-ю, бошини эгиб жон берди. 31 Ўша куни Песаҳга тайёргарлик куни бўлгани туфайли таналар шаббат кунида хочда қолмаслиги учун (зеро бу шаббат куни улуғ кун эди), яҳудийлар Пилатдан уларнинг оёқларини синдириб, уларни хочдан тушириб олишни сўрадилар. 32 Шунда аскарлар келиб, Исо билан бирга хочга михланганларнинг бирини ва бошқасининг оёқларини синдирдилар. 33 Лекин улар Исонинг ёнига келиб, Уни аллақачон ўлганини кўришгач, Унинг оёқларини синдирмадилар. 34 Аммо аскарлардан бири найза билан Исонинг биқинини тешди, шу заҳоти сув ва қон оқиб чиқди. 35 Буни кўрган эса гувоҳлик берди ва унинг гувоҳлиги ҳақиқийдир. У ҳақиқатни гапираётганини билади, токи сизлар ишонинглар. 36 Булар содир бўлдики, Ёзувда: “Унинг суяги синмайди”,- дейилгани амалга ошсин. 37 Шунингдек, бошқа оятда Ёзув: “Биқини Тешилганга қарайдилар”,-демоқда. 38 Шундан сўнг, Ариматея шаҳридан бўлган Юсуф Пилатдан Исонинг танасини хочдан тушириб олишни сўради (у яҳудийлардан қўрққанлиги сабабли Исонинг яширин шогирди эди). Пилат рухсат берди. У эса бориб, Исонинг танасини хочдан тушириб олди. 39 Шунингдек, Исонинг олдига илгари тунда келган Никодим ҳам келди. У чамаси юз либра келадиган мирра ва алоэ қоришмасини олиб келди. 40 Кейин улар Исонинг танасини олиб, яҳудийларнинг кўмиш одати бўйича уни хушбўйликлар билан зиғирпоя матосига ўрадилар. 41 У хочга михланган жойда боғ бўлиб, боғнинг ичида ҳали ҳеч ким қўйилмаган қабр бор эди. 42 Яҳудийларнинг Песаҳга тайёргарлик куни бўлгани учун улар Исони ўша жойга қўйдилар, чунки ўша қабр яқин эди.