18 1 Исо шу сўзларни айтиб бўлгач, шогирдлари билан Кидрон сойининг нариги бўйига ўтди. У шогирдлари билан бирга ўша жойда бўлган боққа кирди. 2 Унга хиёнат қиладиган Яҳудо ҳам бу жойни билар эди, чунки Исо шогирдлари билан тез-тез ўша жойда йиғилиб турар эдилар. 3 Шунда Яҳудо олий руҳонийлару фарзийлардан бир гуруҳ аскарлар ва хизматчиларни олиб, ўша ерга чироқлару машъаллар ва қуроллар билан келдилар. 4 Исо эса бошига келадиган ҳамма нарсани билиб, олдинга чиқди ва уларга: “Кимни излаяпсизлар?”- деди. 5 Улар Унга: “Нозарий Исони”,- деб жавоб бердилар. Исо уларга: “Бу Менман”,- деди. Унга хоинлик қиладиган Яҳудо ҳам улар билан бирга турар эди. 6 Исо уларга: Бу Менман,- дейиши биланоқ улар ортга чекиниб ерга йиқилдилар. 7 Шунда Исо яна улардан: “Кимни излаяпсизлар?”- деб сўради. “Нозарий Исони”,- деб жавоб бердилар Унга. 8 Исо жавобан деди: “Мен сизларга: Бу Менман,- дедим-ку. Агар Мени излаётган бўлсангизлар, уларни қўйиб юборинглар, кетаверишсин.” 9 Шундай қилиб, Унинг: Сен Менга берганлардан ҳеч бирини ҳалок қилмаган эдим,- деган сўзи амалга ошди. 10 Шимўн Петъёрнинг қиличи бор бўлиб, уни қинидан чиқарди ва олий руҳонийнинг хизматчисини уриб, унинг ўнг қулоғини кесиб ташлади. Хизматчининг исми Малхус эди. 11 Шунда Исо Петъёрга: “Қилични қинига сол. Наҳот, Отам Менга берган косани ичмасам?”- деди. 12 Шунда аскарлар, мингбоши ва яҳудий хизматчилар Исони қўлга олиб, Уни боғладилар. 13 Уни аввал Ҳананнинг олдига олиб бордилар, чунки у ўша йили олий руҳоний бўлган Кайафанинг қайнатаси эди. 14 Бу яҳудийларга: “Халқ учун бир одамнинг ўлиши яхшироқ бўлади”,- деб маслаҳат берган ўша Кайафа эди. 15 Шимўн Петъёр ва бошқа бир шогирд Исонинг ортидан бордилар. Ўша шогирд олий руҳонийга таниш эди. У Исо билан олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди. 16 Лекин Петъёр эшикдан ташқарида турар эди. Шунда олий руҳонийга таниш бўлган ҳалиги шогирд ташқарига чиқди ва дарвозабон аёл билан гаплашиб, Петъёрни ичкарига олиб кирди. 17 Шунда дарвозабон аёл Петъёрга: “Сен ҳам бу Одамнинг шогирдларидан бири эмасмисан”,- деди. “Йўқ”,- деди Петъёр. 18 Қуллар билан хизматчилар ўша ерда олов ёқиб, исиниб турар эдилар, чунки ҳаво совуқ эди. Петъёр ҳам улар билан бирга исиниб турар эди. 19 Олий руҳоний эса Исодан Унинг шогирдлари ва Унинг таълимоти ҳақида сўрар эди. 20 Исо унга жавоб берди: “Мен дунёга очиқ гапирдим, Мен ҳамиша яҳудийлар йиғиладиган жойда – синагогаларда ва маъбадда таълим берганман ва ҳеч нарсани яширин айтган эмасман. 21 Нима учун Мендан сўраяпсан? Мен нима деганимни Мени эшитганлардан сўрагин. Мана, улар Менинг нима деганимни биладилар”. 22 Исо шундай деганида, Унга яқин турган хизматчилардан бири Исога тарсаки уриб: “Сен олий руҳонийга шундай жавоб берасанми?”- деди. 23 Исо эса унга жавоб бериб: “Агар Мен ёмон сўз айтган бўлсам, нимаси ёмонлигини кўрсат. Агарда яхши сўз бўлса, нима учун Мени уряпсан?”- деди. 24 Шундан кейин, Ҳанан Уни боғланган ҳолда олий руҳоний Кайафанинг олдига юборди. 25 Шимўн Петъёр эса исиниб турар эди. Шу пайт унга: “Сен ҳам Унинг шогирдларидан эмасмисан?”- дедилар. У эса тониб: “Йўқ”,- деди. 26 Сўнг Петъёр қулоғини кесиб ташлаган одамнинг қариндоши бўлган олий руҳонийнинг қулларидан бири: “Мен сени У билан бирга боғда кўрган эмасмидим?”- деди. 27 Петъёр яна тонди ва шу заҳоти хўроз қичқирди. 28 Кейин улар Исони Кайафанинг олдидан преторионга олиб бордилар. Эрта тонг вақти эди. Улар ҳаром бўлмасликлари ва Песаҳни ея олишлари учун преторионга кирмадилар. 29 Шунда Пилат уларнинг олдига чиқиб: “Бу Одамни нимада айблаяпсизлар?”- деди. 30 Улар унга жавоб бериб: “Агар У жиноятчи бўлмаганида, биз Уни сенга топширмаган бўлар эдик”,- дедилар. 31 Пилат эса уларга: “Уни ўзларингиз олиб, ўз қонунингиз бўйича Уни ҳукм қилинглар”,- деди. Яҳудийлар унга: “Бизга бирор одамни қатл қилишга ижозат берилмаган”,- дедилар. 32 Шундай қилиб, Исонинг қандай ўлим билан ўлишини тушунтириб айтган сўзлари амалга ошмоқда. 33 Шунда Пилат яна преторионга кириб, Исони чақирди ва Унга: “Сен яҳудийларнинг Подшоҳимисан?”- деди. 34 Исо унга: “Сен буни ўзингдан гапиряпсанми ёки бошқалар сенга Мен ҳақимда айтишдими?”- деб жавоб берди. 35 Пилат Унга жавобан: “Нима, мен яҳудийманми? Сенинг халқинг ва олий руҳонийларинг Сени менга топширдилар, Сен нима иш қилдинг?”- деди. 36 Исо эса: “Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. Агар Менинг Шоҳлигим бу дунёдан бўлганида эди, яҳудийлар қўлига топширилмаслигим учун Менинг хизматкорларим Мен учун жанг қилган бўлар эдилар. Лекин, мана, Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас”,- деди. 37 Пилат Унга: “Демак, Сен Подшоҳ экансан-да?”- деди. Исо жавоб бериб: “Мени Подшоҳ, деб сен айтдинг. Мен ҳақиқат ҳақида гувоҳлик бериш учун туғилдим, ана шу мақсадда дунёга келдим. Ҳақиқатдан бўлган ҳар бир одам Менинг овозимга қулоқ солади”,- деди. 38 Пилат эса Унга: “Ҳақиқат ўзи нима?”- деди. Шуларни айтиб яна яҳудийларнинг олдига чиқди ва уларга деди: “Мен Унда ҳеч қандай айб топганим йўқ. 39 Сизларда бир одат бор-ку: Песаҳ байрамида мен сизларга бир одамни қўйиб юбораман. Сизларга яҳудийларнинг Подшоҳини қўйиб юборишимни истайсизларми?” 40 Шунда уларнинг ҳаммаси яна бақириб: “Бу Одамни эмас, Бараббани озод қил”,- дедилар. Барабба эса қароқчи эди.