9
1
Йеруббаалнинг ўғли Абумалек Шеқемга, ўз онасининг биродарларининг олдига бориб, уларга, ўз онасининг отасининг авлодидагиларнинг барчасига сўзлаб деди:
2
“Шеқемнинг ҳамма аҳолисига айтинглар: Сизлар учун нима яхши, Йеруббаалнинг етмиш нафар ўғлининг ҳаммаси сизларнинг устингиздан ҳукмронлик қилишими ёки биттаси ҳукмронлик қилишими? Ёдда тутинглар, мен сизларнинг суягингиз ва этингизман”.
3
Унинг онасининг биродарлари у ҳақида бу сўзларнинг барчасини Шеқем аҳолисининг қулоғига гапириб бердилар. Уларнинг юраги эса Абумалекга мойил бўлди, зеро улар: “У бизнинг биродаримиз,”- дер эдилар.
4
Улар унга Баал-беритнинг уйидан етмиш шеқел кумуш бердилар. Абумалек бунга бекорчи ва енгилтак одамларни ёллади. Улар унга эргашдилар.
5
У Ўфраҳга, отасининг уйига келди ва ўзининг биродарларини, Йеруббаалнинг етмиш нафар ўғлини бир тошда қатл этди. Фақатгина Йеруббаалнинг кичик ўғли Йотам омон қолди, чунки у яширинган эди.
6
Шеқемнинг ҳамма аҳолиси ва Миллонинг бор хонадони йиғилиб бориб, Шеқем ёнидаги эман олдида Абумалекни подшоҳ қилдилар.
7
Буни Йотамга айтиб берганларида, у бориб, Геризим тоғи чўққисига чиқди ва овозини баландлатиб қичқирганича сўзлади: “Менга қулоқ солинглар, эй, Шеқем аҳолиси, шунда Худо сизларга қулоқ солади!
8
Бир куни дарахтлар ўз устидан подшоҳни мойлаш учун бордилар ва зайтун дарахтига: Бизнинг устимиздан ҳукмронлик қил,- дедилар.
9
Зайтун дарахти уларга: Менинг мойим билан худолар ва одамларни эҳтиром қиладилар. Мен ўзимнинг мойимни қолдириб, дарахтлар устида дайдилик қилиб юриш учун бораманми?- деди.
10
Дарахтлар анжир дарахтига: Келиб, бизнинг устимиздан ҳукмронлик қил,- дедилар.
11
Анжир дарахти уларга: Мен ўзимнинг ширинлигим ва яхши ҳосилимни қолдириб, дарахтларнинг устида тентираб юриш учун бораманми?- деди.
12
Дарахтлар узум токига: Келиб, бизнинг устимиздан ҳукмронлик қил,- дедилар.
13
Узум токи уларга: Мен худолар ва одамларни қувонтирадиган шаробимни қолдириб, дарахтларнинг устида тентираб юриш учун бораманми?- деди.
14
Охири барча дарахтлар тиканакка: Келиб, бизнинг устимиздан ҳукмронлик қил,- дедилар.
15
Тиканак дарахтларга: Агар сизлар ҳақиқатан мени устингиздан подшоҳ қилиб қўяётган бўлсангизлар, унда келинглар ва менинг соямда ором олинглар. Агар бундай бўлмаса, унда тиканакдан олов чиқади ва Лебаноннинг кедрларини ёндириб юборади,- деди.
16
Шундай қилиб, қаранглар, Абумалекни подшоҳ қилиб қўйиб, сизлар ҳақиқат бўйича ва тўғри иш қилдингизларми? Йеруббаал ва унинг хонадонига яхши муносабатда бўлдингизларми? Унинг яхши ишига биноан муносабатда бўлдингизларми?
17
Сизлар учун менинг отам курашган эди, ўз ҳаётини аямаган ва сизларни мидианликларнинг қўлидан қутқарган эди.
18
Сизлар эса бугун менинг отамнинг хонадонига қарши кўтарилдингизлар ва отамнинг етмиш нафар ўғлини бир тошда қатл этдингизлар. Шеқем аҳолиси устидан эса унинг чўрисининг ўғли Абумалекни подшоҳ қилиб қўйдингизлар, чунки у сизларнинг биродарларингиздир.
19
Агар сизлар эндиликда Йеруббаал ва унинг хонадонига ҳақиқат бўйича ва тўғри муносабатда бўлган бўлсангизлар, унда Абумалек учун қувонинглар, у ҳам сизлар учун қувонсин.
20
Агар бундай бўлмаса, унда Абумалекдан олов чиқиб, Шеқем аҳолисини ҳамда Миллонинг бор хонадонини ютиб юборсин. Шеқем аҳолисидан ҳамда Миллонинг бор хонадонидан эса олов чиқиб, Абумалекни ютиб юборсин”.
21
Сўнгра Йотам югуриб, қочиб кетди ва Бейэрга бориб, ўша ерда акаси Абумалекдан яшириниб яшай бошлади.
22
Абумалек эса Исроил устидан уч йил подшоҳлик қилди.
23
Худо Абумалек ва Шеқем аҳолиси орасига ёвуз руҳни юборди. Шеқем аҳолиси Абумалекга бўйсунмадилар,
24
токи шу йўл билан Йеруббаалнинг етмиш нафар ўғли учун қасос амалга ошсин, уларнинг қони эса уларни ўлдирган бумалекга қарши ҳамда ўз биродарларини ўлдириши учун унинг қўлини мустаҳкамлаган Шеқем аҳолисига қарши бўлсин.
25
Шеқем аҳолиси тоғларнинг чўққиларида одамларни унга қарши пистирмага қўйдилар, улар эса йўлда уларнинг олдиларидан ўтаётган ҳар бир йўловчини талар эдилар. Бу ҳақида Абумалекга хабар бердилар.
26
Эбед ўғли Гаҳал ҳам ўз биродарлари билан Шеқемга келиб, Шеқем бўйлаб юрди ва Шеқем аҳолиси унга умид қилдилар.
27
Улар далага чиқдилар, ўз узумларини тердилар, уларни исканжада эздилар, байрам қилдилар, ўз худоларининг уйига бордилар, еб-ичдилар ва Абумалекни лаънатладилар.
28
Шунда Эбед ўғли Гаҳал деди: “Абумалек ким ва Шеқем нимаки, биз унга хизмат қилишимиз керак? У Йеруббаалнинг ўғли эмасми, унинг катта амалдори Зебул эмасми? Яхшиси, Шеқемнинг отаси бўлмиш Ҳамўрнинг авлодларига хизмат қилинглар, унга эса хизмат қилишимиз нима керак?
29
Агар бу халқ менинг ҳокимиятим остида бўлганида эди, мен Абумалекни қувиб юборган бўлар эдим”. Абумалекга: “Ўз қўшинингни кўпайтиргин ва чиққин”,- дедилар.
30
Шаҳарнинг ҳокими Зебул эса Эбед ўғли Гаҳалнинг сўзларини эшитиб, унинг ғазаби алангаланди.
31
У шумлик қилиб, Абумалекга элчиларни бундай дейиш учун юборди: “Мана, Эбеднинг ўғли Гаҳал ва унинг биродарлари Шеқемга келдилар. Мана, улар шаҳарни сенга қарши қўзғатмоқдалар.
32
Шундай қилиб, сен ҳамда сен билан бирга бўлган халқ тунда туринглар ва далага пистирма қўйинглар.
33
Эрталаб, қуёш кўтарилаётганида, тезда туриб, шаҳарга ёпирилгин. У ҳамда у билан бирга бўлган халқ сенинг олдингга чиққанларида, қўлинг нима қила олса, улар билан шуни қилгин”.
34
Абумалек ҳамда у билан бирга бўлган бор халқ тунда туриб, Шеқем ёнида тўрт гуруҳдан иборат пистирма қўйдилар.
35
Эбеднинг ўғли Гаҳал чиқиб, шаҳар дарвозалари ёнида турди. Шунда Абумалек ҳамда у билан бирга бўлган халқ пистирмадан чиқдилар.
36
Гаҳал халқни кўриб Зебулга: “Мана, тоғнинг чўққисидан халқ тушиб келяпти”,- деди. Зебул эса унга: “Тоғнинг сояси сенга одамлар бўлиб кўриняпти”,- деди.
37
Гаҳал яна сўзлаб: “Мана, халқ чўққидан тушиб келяпти ва битта гуруҳ Меонним эмани йўлидан келяпти”,- деди.
38
Зебул унга: “Сенинг: Абумалек ким бўлибдики, биз унга хизмат қилсак,- деган оғзинг қани? Бу сен менсимаган халқ. Энди чиқиб бориб, улар билан жанг қил”,- деди.
39
Шунда Гаҳал Шеқем халқининг олдида бориб, Абумалек билан жанг қилди.
40
Абумалек уни қувди ва у ундан қочиб кетди. Шаҳарнинг дарвозаларигача эса кўплар ўлиб қуладилар.
41
Сўнг Абумалек Арумаҳда қолди. Гаҳал билан унинг биродарлари Шеқемда яшамасликлари учун Зебул уларни қувиб юборди.
42
Кейинги куни халқ далага чиқди ва бу ҳақида Абумалекга хабар бердилар.
43
У ўз халқини олди ва уларни уч гуруҳга бўлиб, далада пистирма қилди. Сўнг шаҳардан халқ чиққанини кўриб, уларга қарши кўтарилди ва уларни ўлдирди.
44
Абумалек ҳамда у билан бирга бўлган гуруҳлар яқинлашиб, шаҳар дарвозалари олдида турганларида, қолган иккита гуруҳ далада бўлганларнинг ҳаммасига ташландилар ва уларни ўлдирдилар.
45
Ўша куни Абумалек куни бўйи шаҳарга қарши жанг қилиб, шаҳарни қўлга киритди ва унда бўлган халқни қириб ташлади, шаҳарни вайрон қилиб, унга туз сепди.
46
Бу ҳақида эшитиб, Шеқем минорасида бўлганларнинг барчаси Баал-Беритнинг бутхонаси минорасига кирдилар.
47
Абумалекга Шеқем минорасида бўлганларнинг барчаси у ерда тўпланганлари ҳақида етказдилар.
48
Шунда Абумалекнинг ўзи ҳамда у билан бирга бўлган бор халқ Тсалмуно тоғига бордилар. Абумалек ўзи билан болта олиб, дарахтларнинг новдаларини кесди, уларни елкаларига қўйди ҳамда ўзи билан бирга бўлган халққа: “Мен нима қилганимни сизлар кўрдингизлар, сизлар ҳам тезда шундай қилинглар”,- деди.
49
Бор халқнинг ҳар бири новдалар кесиб олди ва Абумалекнинг ортидан бориб, минорага қўйди ҳамда улар билан минорани ёндирди. Шеқем минорасида бўлганларнинг барчаси, мингга яқин эркак ва аёл ўлди.
50
Сўнгра Абумалек Тебезга борди ва Тебезни қамал қилиб, уни қўлга киритди.
51
Шаҳарнинг ўртасида мустаҳкам минора бор эди, эркаклар, аёллар ва шаҳарнинг бор аҳолиси ўша жойга қочиб кетдилар, уни ичкаридан ёпиб олдилар ва миноранинг томига чиқдилар.
52
Абумалек миноранинг олдига келиб, уни қуршаб олди ва уни ёқиб юбориш учун миноранинг эшикларига яқинлашди.
53
Шунда бир аёл тегирмон тошининг бир бўлагини Абумалекнинг бошига ташлади ва унинг бош суягини ёрди.
54
У шу лаҳзанинг ўзида ўзининг қурол ташувчиси бўлган ўспиринни чақирди ва унга: “Қиличингни чиқаргин ва мени ўлдиргин, токи мен ҳақимда: Уни аёл киши ўлдирди,- дейишмасин”,- деди. Шунда ўз ўспирини унга қилич санчди ва у ўлди.
55
Абумалек ўлганини кўриб, исроилликларнинг барчаси ўз жойига кетди.
56
Абумалек ўзининг етмиш нафар биродарини ўлдириб отасига қилган ёвузлиги учун Худо унга шундай қаримта берди.
57
Шеқем аҳолисининг ҳамма ёвузлигини ҳам Худо уларнинг бошларига ўгирди: Йеруббаал ўғли Йотамнинг лаънати уларнинг бошига келди.