8
1
Унга Эфрайимнинг одамлари: “Нима учун сен бундай қилдинг? Мидианликлар билан жанг қилгани бораётганингда бизни чақирмадинг?”- дедилар. Шундай деб, у билан жуда баҳслашдилар.
2
Гидъўн уларга жавоб бериб деди: “Сизлар ҳозир қилган иш каби мен бирор иш қилдимми? Узумни Абиэзер терганидан кўра Эфрайим йиғиб олгани яхшироқ эмасми?
3
Мидиан ҳокимлари Ореб ва Зибни Худо сизларнинг қўлларингизга топширди, мен сизлар қилганингиз каби нима ҳам қила олар эдим?” У уларга шундай деганидан сўнг уларнинг руҳи унга нисбатан тинчланди.
4
Сўнг Гидъўн ва у билан бирга бўлган уч юз киши Йорданга келиб, ундан ўтишди.Улар душманларни таъқиб қилиб, жуда толиққан эдилар.
5
У Суккот аҳолисига: “Менинг ортимдан келаётган халққа нон беринглар. Улар толиқдилар, мен эса Мидиан подшоҳлари Зебаҳ ва Тсалмунони таъқиб қиляпман”,- деди.
6
Суккотнинг ҳокимлари: “Зебаҳ ва Тсалмунонинг қўллари аллақачон сенинг қўлингдамики, биз сенинг қўшинингга нон берайлик?”- дедилар.
7
Шунда Гидъўн: “Шундай деганларинг учун, Раббий Зебаҳ ва Тсалмунони менинг қўлимга топширганида, мен таналарингизни саҳро тиканлари ва янчувчи тишли тахталар билан ёриб ташлайман”,- деди.
8
У ердан Пенуэлга бориб, унинг аҳолисига худди шу сўзларни айтди. Пенуэлнинг аҳолиси ҳам унга Суккот аҳолиси каби жавоб бердилар.
9
У Пенуэл аҳолисига ҳам: “Мен тинчликда қайтганимда, мана шу минорани бузиб ташлайман”,- деди.
10
Зебаҳ ва Тсалмуно Каркорда эдилар. Шарқ аҳолисининг бор қўшинидан қолган ўн беш мингга яқин қўшин улар билан бирга эди. Қилич яланғочлайдиган юз йигирма минг киши эса қулаган эди.
11
Гидъўн Нобаҳ ва Йогбеҳаҳдан шарқ томонда чодирларда яшовчиларнинг олдига борди ва қўшин беғам турганида, қўшинни қириб ташлади.
12
Шунда Зебаҳ ва Тсалмуно қочиб кетдилар. У уларнинг ортидан қувиб, Мидианнинг иккала подшоҳини, Зебаҳ ва Тсалмунони тутиб олди ва бор қўшинни саросимага солди.
13
Сўнг Йоаш ўғли Гидъўн Херес тепалигидаги жангдан қайтди.
14
У Суккот аҳолисидан бир йигитни тутиб олди ва ундан сўраб-суриштирди. У Суккот ҳокимлари ва оқсоқолларини ― етмиш етти нафар кишини ёзиб берди.
15
Шунда Гедъўн Суккот аҳолисига келиб деди: “Мана Зебаҳ ва Тсалмуно! Улар учун сизлар: "Зебаҳ ва Тсалмунонинг қўллари аллақачон сенинг қўлингдамики, биз сенинг толиққан одамларингга нон берайлик?"- деб, менинг устимдан кулган эдингизлар.
16
У шаҳарнинг оқсоқолларини олди ва саҳро тиканлари ҳамда янчувчи тишли тахталар олиб, улар билан Суккот аҳолисини жазолади.
17
Пенуэл минорасини ҳам бузиб ташлади, шаҳарнинг аҳолисини эса қириб ташлади.
18
Сўнгра Зебаҳ ва Тсалмунога: “Сизлар Табўрда ўлдирган одамлар қанақа эдилар?”- деди. Улар: “Улар сен каби эдилар, ҳар бири подшоҳнинг ўғлига ўхшар эди”,- дедилар.
19
Шунда у: “Улар менинг биродарларим, менинг онамнинг ўғиллари эдилар. Раббий тирик! Агар сизлар уларни тирик қолдирганларингизда эди, мен сизларни ўлдирмаган бўлар эдим”,- деди.
20
У ўзининг тўнғичи Йетерга: “Тур, уларни ўлдир”,- деди. Лекин ўсмир қиличини чиқармади, зеро у қўрқди, чунки у ҳали ёш эди.
21
Зебаҳ ва Тсалмуно: “Ўзинг туриб бизни ўлдир, чунки одамнинг кучи ўзига хос”,- дедилар. Гидъўн туриб, Зебаҳ ҳамда Тсалмунони ўлдирди ва уларнинг туяларининг бўйинларида бўлган шодаларни олди.
22
Исроилликлар Гидъўнга: “Сен, сенинг ўғлинг, сенинг ўғлингнинг ўғли бизнинг устимиздан ҳукмронлик қилгин, чунки сен бизни мидианликларнинг қўлидан халос этдинг”,- дедилар.
23
Гидъўн уларга: “Мен ҳам сизларнинг устингиздан ҳукмронлик қилмайман, менинг ўғлим ҳам сизларнинг устингиздан ҳукмронлик қилмайди. Раббий сизларнинг устингиздан ҳукмронлик қилсин”,- деди.
24
Гидъўн уларга яна деди: “Сизлардан бир нарсани сўрайман, менга ҳар бирингиз ўз ўлжангиздан биттадан сирға беринглар. (Зеро душманларда кўплаб олтин сирғалар бор эди, чунки улар исмоилликлар эдилар).
25
Улар: “Берамиз”,- дедилар. Улар кийимларни ёйдилар ва ҳар бири у ерга ўз ўлжасидан биттадан сирға ташладилар.
26
У сўраб олган олтин сирғаларнинг вазни бир минг етти юз шеқел олтин эди. Бу Мидиан подшоҳларида бўлган қирмизи кийимлар, тугмалар, шодалардан ташқари ҳамда уларнинг туяларининг бўйинларида бўлган олтин занжирлардан ташқари эди.
27
Гидъўн булардан эфод ясади ва уни ўз шаҳрига, Ўфраҳга қўйди. Исроилликларнинг ҳаммаси ўша ерга унинг ортидан зинокорона бора бошладилар. Бу Гидъўн ҳамда унинг хонадони учун тўр бўлди.
28
Шундай қилиб, мидианликлар Исроил ўғиллари қаршисида бўйсундилар ва бошқа бошларини кўтармадилар. Шунда Гидъўннинг кунларида ер қирқ йил ором олди.
29
Йоашнинг ўғли Йеруббаал бориб, ўз уйида яшади.
30
Гидъўннинг ўз пушти камаридан келиб чиққан етмиш нафар ўғли бор эди, чунки унинг хотини кўп эди.
31
Шунингдек, Шеқемда яшаган чўриси унга ўғил туғиб берди ва у уни Абумалек, деб атади.
32
Йоашнинг ўғли Гидъўн ўта кекса ёшда оламдан ўтди ва Абиэзернинг Ўфраҳдаги отаси Йоашнинг мақбарасида дафн этилди.
33
Гидъўн ўлганида, Исроил ўғиллари яна Баалнинг ортидан зинокорона юра бошладилар ва ўзларига Баал-беритни худо қилдилар.
34
Исроилнинг ўғиллари уларни атрофларидаги барча душманларидан халос қилган ўз Раббий Худосини ёдга олмадилар.
35
Йеруббаал, яъни Гидъўннинг уйига ҳам, у Исроилга қилган барча яхшиликлари учун яхшилик қилмадилар.