7
1
Гидъўн бўлмиш Йеруббаал ва у билан бирга бўлган халқ эрта тонгда туриб, Ҳарод қудуғи ёнида қароргоҳ қурди. Мидианнинг қароргоҳи эса ундан шимол томонда, водийдаги Мўреҳ тепалигида эди.
2
Раббий Гидъўнга деди: “Сен билан бирга бўлган халқ жуда кўп, Мен мидианликларни уларнинг қўлларига топшира олмайман, токи Исроил Менинг қаршимда мағрурланиб: Менинг қўлим мени қутқарди, демасин.
3
Шунинг учун, халқнинг қулоғига эшиттириб эълон қил ва уларга: Ким қўрқоқ ва журъатсиз бўлса, ортга қайтсин ва Гилъад тоғидан эрта тонгда кетсин, деб айтгин”. Шунда халқдан йигирма икки минг киши қайтди, ўн минг киши қолди.
4
Раббий яна Гидъўнга деди: “Ҳали ҳам халқ кўп. Уларни сувга бошлаб боргин, Мен сенга уларни танлаб бераман. Мен ким ҳақида: Сен билан бирга борсин, десам, ўша сен билан бирган борсин. Ким ҳақида: Сен билан бирга бормасин, десам, ўша сен билан бирга бормасин”.
5
У халқни сувнинг бўйига олиб келди. Раббий Гидъўнга деди: “Ким сувни ит ялаб ичгани каби тили билан ялаб ичса, уни алоҳида қўйгин. Шунингдек, тиззаларига чўк тушиб, сув ичадиганларнинг ҳаммасини алоҳида қўйгин”.
6
Қўлидан оғзи билан сувни ялаб ичганларнинг сони уч юз киши эди, қолган бутун халқ эса сув ичиш учун тиззаларига чўк тушган эдилар.
7
Сўнг Раббий Гидъўнга деди: “Ялаб ичган уч юз киши билан Мен сизларни халос қиламан ва мидианликларни қўлларингизга топшираман. Бутун халқ эса ўз жойига борсин”.
8
Улар халқдан ўзлари учун озуқа ва уларнинг карнайларини олдилар ва Гидъўн ҳамма исроилликларни чодирларига қўйиб юбориб, ўзига уч юз кишини олиб қолди. Мидианликларнинг чодирлари эса ундан пастда, водийда эди.
9
Ўша тунда Раббий унга деди: “Тур ва қароргоҳга тушиб бор. Мен уни сенинг қўлингга топширяпман.
10
Агар бир ўзинг боришга қўрқсанг, унда қароргоҳга хизматкоринг Фураҳ билан бор.
11
Улар нима деяётганларини эшитасан, ўшанда қўлларинг қувватланади ва қароргоҳга борасан”. Гидъўн ва унинг хизматкори Фураҳ қароргоҳда бўлган қуролланган кишиларнинг олдига бордилар.
12
Мидианликлар, амолеқликлар ва шарқнинг барча аҳолиси водийда чигиртка каби кўпчилик бўлиб жойлашган эдилар. Уларнинг туяларининг сон-саноғи йўқ эди, улар дарё қирғоғидаги қум каби кўп эдилар.
13
Гидъўн келди. Мана, бири бошқасига тушини айтиб берар ва дер эди: “Мен туш кўрдим, гўёки юмалоқ арпа нони Мидиан қўшини томон думалаб келар эди. У чодирга думалаб келиб, уни шундай урдики, у қулади; уни ағдариб юборди ва чодир бузилиб кетди”.
14
Бошқаси унга жавобан деди: “Бу ― исроиллик Йоашнинг ўғли Гидъўннинг қиличидан бошқа нарса эмас. Худо мидианликларни ва бор қўшинни унинг қўлига топширди”.
15
Гидъўн тушнинг баёни ва унинг талқинини эшитиб, Раббийга сажда қилди ва Исроилнинг қароргоҳига келиб: “Туринглар! Раббий мидианликларнинг қўшинини сизларнинг қўлингизга топширди”,- деди.
16
У уч юз одамни уч гуруҳга бўлиб, уларнинг ҳаммасининг қўлларига карнай, бўш кўза ҳамда бўш кўзаларнинг ичига солишга чироқлар берди.
17
Сўнг уларга деди: “Менга қаранглар ва мен қилгандек қилинглар. Мана, мен қароргоҳга яқинлашаман ва мен нима қилсам, сизлар ҳам шуни қилинглар.
18
Мен ва мен билан бирга бўлганлар карнай чалганимизда, сизлар ҳам бутун қароргоҳ атрофида карнайларингизни чалиб: "Раббий ва Гидъўн учун олға!"- деб қичқиринглар”.
19
Гидъўн ва у билан бирга юз киши ярим тунда қароргоҳга келиб, соқчиларни уйғотишди, карнайларни чалишди ва қўлларида бўлган кўзаларни синдиришди.
20
Уччала гуруҳ ҳам карнайлар чалишди, кўзаларни синдиришди. Улар чап қўлларида чироқларини, ўнг қўлларида эса карнайларини тутиб турар эдилар, карнай чалиб: “Раббий ва Гидъўн учун олға!”- деб қичқирар эдилар.
21
Уларнинг ҳар бири қароргоҳнинг атрофида ўз жойида турар эди. Шунда бутун қароргоҳдагилар югура бошладилар, қичқира бошладилар ва қочиб қолдилар.
22
Уч юз киши карнай чалаётганида, Раббий бутун қароргоҳда уларнинг ҳар бирининг қиличини бошқасига қарши қилиб қўйди. Шунда қўшин Зерератдаги Бейт-Шиттаҳга, Таббат ёнидаги Абел-Мехолаҳнинг чегарасигача қочар эди.
23
Нафтали, Ашер ва Манашеҳнинг бутун қабиласидан исроилликлар чақирилдилар ва мидианликларни таъқиб қилдилар.
24
Гидъўн эса бутун Эфрайим тоғига элчиларни юбориб деди: “Мидианликларнинг олдидан чиқиб, Бейт-Бараҳ ва Йордангача бўлган сув кечувини улардан тортиб олинглар”. Барча эфрайимликлар чақирилдилар. Улар Бейт-Бараҳ ҳамда Йордангача бўлган сув кечувини қўлга олдилар.
25
Улар мидианликларнинг иккита ҳокимини ― Ореб ва Зибни ҳам қўлга олдилар. Оребни Тсур-Оребда, Зибни эса Йеқеб-Зибда ўлдирдилар ва мидианликларни таъқиб қилдилар. Ореб билан Зибнинг бошини эса Йорданнинг у томонига Гидъўнга олиб келдилар.