6
1
Исроил ўғиллари яна Раббий нигоҳида ёвуз нарсаларни қила бошладилар ва Раббий уларни етти йилга мидианликларнинг қўлларига топширди.
2
Мидианликларнинг қўли эса Исроилнинг устида оғир эди. Исроил ўғиллари мидианликлардан ҳимояланиш учун тоғларда даралар, ғорлар ва мустаҳкамланган жойлар қилдилар.
3
Исроил экин экканида, мидианликлар, амалеқликлар ва шарқнинг аҳолиси келиб, уларнинг ерларида юрар,
4
ўз қароргоҳларини қурар, Ғазогача ернинг ҳосилларини битирар ва Исроилда озиқланиш учун қўйни ҳам, ҳўкизни ҳам, эшакни ҳам қолдирмас эдилар.
5
Чунки улар ўз чорвалару чодирлари билан келиб, чигиртка каби кўп сонли бўлиб келар эдилар. Уларнинг ўзлари ва уларнинг туяларининг сон-саноғи йўқ эди. Улар Исроил ерини бўм-бўш қилиш учун унда юрар эдилар.
6
Исроил мидианликлар туфайли жуда қашшоқлашди. Шунда Исроил ўғиллари Раббийга фарёд қилдилар.
7
Исроил ўғиллари Раббийга мидианликлардан фарёд қилганларида,
8
Раббий Исроил ўғилларига пайғамбарни юборди ва уларга деди: “Исроилнинг Раббий Худоси шундай дейди: Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим, сизларни қуллик уйидан олиб чиқдим.
9
Сизларни мисрликларнинг қўлидан ва сизларни эзганларнинг қўлидан халос қилдим. Мен уларни олдингиздан қувиб юбориб, уларнинг ерларини сизларга бердим,
10
ва сизларга: Мен – сизларнинг Раббий Худойингизман. Сизлар амўрликларнинг ерида яшаб, уларнинг худоларини эҳтиром қилманглар,- дедим. Лекин сизлар Менинг овозимга қулоқ солмадингизлар”.
11
Сўнг Раббийнинг фариштаси келиб, Ўфраҳда Абиэзернинг авлоди Йоашга тегишли бўлган эман остида ўтирди. Унинг ўғли Гидъўн эса мидианликлардан яшириниш учун исканжада буғдойни уриб чиқараётган эди.
12
Унга Раббийнинг фариштаси намоён бўлди ва унга: “Раббий сен билан бирга, эй, кучли паҳлавон!”- деди.
13
Гидъўн унга: “Эгам менинг! Агар Раббий биз билан бўлса, нима учун буларнинг ҳаммаси бошимизга тушди? Бизнинг оталаримиз: "Раббий бизни Мисрдан олиб чиқди", деб айтиб берган Унинг барча мўъжизалари қани? Эндиликда Раббий бизни тарк этди ва бизни мидианликларнинг қўлларига топширди”,- деди.
14
Раббий унга қараб деди: “Шу кучинг билан бориб, Исроилни мидианликларнинг қўлларидан халос қилгин. Мен сени юборяпман”.
15
У: “Ё, Раббий! Мен Исроилни қандай қилиб халос қиламан? Мана, менинг авлодим Манашеҳнинг қабиласида энг қашшоғи, мен ҳам отамнинг уйида энг кичигиман”,- деди унга.
16
Раббий унга: “Мен сен билан бирга бўламан. Сен мидианликларни бир кишини енггандек енгасан”,- деди.
17
Гидъўн эса Унга деди: “Агар мен Сенинг нигоҳларингда иноят топган бўлсам, унда Сен мен билан суҳбатлашаётганинг ҳақида менга аломат бергин:
18
мен Сенинг олдингга келмагунимча ва ўз туҳфамни келтириб Сенга тақдим қилмагунимча, шу ердан кетма”. У: “Мана, келгунингча тураман”,- деди.
19
Гидъўн бориб, улоқчани сўйди ва бир эфа ундан ачитқисиз нон тайёрлади. Гўштни саватга солди, шўрвани хумчага қуйди ва эман остига олиб келиб, фариштага тақдим этди.
20
Худонинг фариштаси унга: “Гўшт ва ачитқисиз нонни олиб, мана бу тошнинг устига қўйгин, сўнг шўрвани устига тўккин”,- деди. У худди шундай қилди.
21
Раббийнинг фариштаси қўлида бўлган таёғининг учини чўзиб, гўшт ва ачитқисиз нонга теккизди. Шунда тошдан олов чиқиб, гўшт ва ачитқисиз нонни еб юборди. Раббийнинг фариштаси эса унинг кўзидан ғойиб бўлди.
22
Гидъўн эса бу Раббийнинг фариштаси эканини кўриб: “Ҳолимга вой, ё, Раббий Худо! Чунки мен Раббийнинг фариштаси билан юзма юз кўришдим”,- деди.
23
Раббий унга: “Сенга тинчлик бўлсин! Қўрқма, ўлмайсан”,- деди.
24
Ўша жойда Гидъўн Раббийга қурбонгоҳ қурди ва уни Йаҳвеҳ Шалом, деб атади. У ҳозирги кунгача Абиэзернинг Ўфраҳидадир.
25
Ўша тунда Раббий унга деди: “Отангнинг подасидан бир бузоқ ва етти ёшли бошқа бир бузоқни ол. Отангникида бўлган Баалнинг қурбонгоҳини эса бузиб ташла, унинг ёнидаги Аштаротнинг санамини парчалаб ташла.
26
Сўнг мана шу қоянинг чўққисида қоидаси бўйича ўз Раббий Худойингга қурбонгоҳ қургин ва иккинчи бузоқни олиб, сен кесиб ташлайдиган Аштаротнинг дарахт ўтинларида тамоман ёндириш қурбонлигига келтир”.
27
Гидъўн ўз қулларидан ўн кишини олди ва Раббий айтганидек қилди. Лекин буни кундузи қилишга отасининг хонадонидагилари ва шаҳар аҳолисидан қўрққани туфайли тунда қилди.
28
Эрталаб шаҳар аҳолиси турди ва, мана, Баалнинг қурбонгоҳи бузиб ташланган, унинг ёнидаги Аштарот парчалаб ташланган ва янги ўрнатилган қурбонгоҳда иккинчи бузоқ тамоман ёндириш қурбонлигига келтирилган эди.
29
Улар бир-бирларига: “Ким бу ишни қилди?”- дер эдилар. Изладилар, сўраб-суриштирдилар ва уларга: “Йоашнинг ўғли Гидъўн буни қилди”,- дедилар.
30
Шаҳар аҳолиси Йоашга: “Ўғлингни олиб чиққин. У Баалнинг қурбонгоҳини бузиб ташлагани ва унинг ёнидаги Аштарот санамини парчалаб ташлагани учун ўлиши керак”,-дедилар.
31
Йоаш унинг қаршисида турганларнинг барчасига: “Баал учун сизлар курашасизларми? Уни сизлар ҳимоя қиласизларми? Ким у учун курашса, ўша одам шу тонгнинг ўзида ўлимга маҳкум қилинади. Агар у худо бўлса, ўзи учун ўзи курашсин, чунки у унинг қурбонгоҳини бузди”,- деди.
32
Шу кундан бошлаб Гидъўнни Йеруббаал, деб атай бошлади, чунки: “У унинг қурбонгоҳини бузгани учун Баалнинг ўзи у билан курашсин”,- деди.
33
Сўнгра ҳамма мидианликлар, амолеқликлар ва шарқ аҳолиси биргаликда йиғилиб, дарёни кечиб ўтдилар ва Йезреэл водийсида қароргоҳ қурдилар.
34
Гидъўнни эса Раббийнинг Руҳи қамради. У карнай чалди ва Абиэзернинг авлоди унинг ортидан боришга чақирилди.
35
У Манашеҳнинг барча қабиласига элчилар юборди ва унинг ортидан боришга улар ҳам чақирилдилар. Шунингдек, Ашерга, Забулун ва Нафталига элчилар юборди. Улар эса у билан учрашгани келдилар.
36
Гидъўн Худога деди: “Агар Сен, Ўзинг айтганингдек, менинг қўлим билан Исроилни халос қилсанг,
37
унда аломат бер. Мана, қирқилган жунни хирмон саройида ёяман: агар шудринг фақат жунда бўлса ва бутун ер қуруқ бўлса, унда Сен айтганингдек, менинг қўлим билан Исроилни қутқаришингни билиб оламан”.
38
Шундай бўлди ҳам. Эртаси куни, эрта тонгда туриб, у жунни сиқди ва жундан тўла бир пиёла шудрингни сиқиб олди.
39
Гидъўн Худога яна: “Агар яна бир бора айтсам ва яна бир боргина жун билан синов ўтказсам, мендан ғазабланмагин. Энди фақат жуннинг усти қуруқ бўлсин, бутун ерда эса шудринг бўлсин”,- деди.
40
Ўша тунда Худо худди шундай қилди: фақат жуннинг усти қуруқ бўлиб, бутун ерда эса шудринг бор эди.