10
1
Абумалекдан сўнг Исроилни халос қилиш учун Иссохор қабиласидан Додо ўғли Пувваҳнинг ўғли Тўло кўтарилди. У Эфрайимнинг тоғидаги Шамирда истиқомат қилар эди.
2
У Исроилда йигирма уч йил ҳакам бўлди ва ўлиб, Шамирда кўмилди.
3
Ундан кейин Гилъадлик Йаир кўтарилди ва Исроилда йигирма икки йил ҳакам бўлди.
4
Унинг ўттиз нафар ўғли бор эди. Улар ўттизта ёш эшакда юрар эди. Уларнинг ўттизта шаҳари бор эди. Уларни ҳозирги кунгача Гилъад еридаги Йаир қишлоқлари, деб аташади.
5
Йаир ўлди ва Камонда дафн этилди.
6
Исроилнинг ўғиллари Раббий нигоҳида ёвуз нарсаларни қилишни давом эттирар эдилар. Улар Баалларга, Аштаротга, Суриянинг худоларига, Сидўннинг худоларига, Мўабнинг худоларига, Аммўннинг худоларига, Пелиштнинг худоларига хизмат қилар эдилар. Раббийни эса улар тарк этдилар ва Унга хизмат қилмадилар.
7
Шунда Раббийнинг ғазаби Исроилга қарши алангаланди. У уларни пелиштликлар ва аммўнликларнинг қўлларига топширди.
8
Ўша йилдан бошлаб, улар ўн саккиз йил давомида Исроил ўғилларини, яъни Йорданнинг нариги томонида, Гилъаддаги амўрликларнинг ерида яшаган Исроил ўғилларининг барчасини эздилар ва азобладилар.
9
Охири аммўнликлар Яҳудо, Бенямин ва Эфрайимнинг хонадони билан жанг қилиш учун Йордандан ўтдилар. Исроил ўғиллари ўта сиқилдилар.
10
Шунда Исроил ўғиллари Раббийга фарёд қилиб: “Биз Сенинг қаршингда гуноҳ қилдик, чунки ўз Худойимизни тарк этиб, Баалларга хизмат қилдик”,- дедилар.
11
Раббий Исроил ўғилларига деди: “Сизларни мисрликлар, амўрликлар, аммўнликлар, пелиштликлар,
12
сидўнликлар, амолеқликлар, мўабликлар эзган эмас эдими, сизлар эса Менга фарёд қилганларингда, Мен сизларни уларнинг қўлларидан халос қилган эмасмидим?
13
Сизлар эса Мени тарк этдингизлар ва бошқа худоларга хизмат қила бошладингизлар. Шунинг учун Мен сизларни бошқа халос қилмайман.
14
Боринглар, сизлар танлаган худоларингизга фарёд қилинглар, сизларнинг эзилган вақтларингизда улар сизларни халос қилсинлар”.
15
Исроил ўғиллари эса Худога дедилар: “Биз гуноҳ қилдик. Биз билан нима истасанг, шуни қилгин. Фақатгина бу кун бизни халос қилгин”.
16
Улар бошқа худоларни ўзларидан рад қилдилар ва Раббийга хизмат қила бошладилар. Унинг жони эса Исроилнинг азобига чидаб тура олмади.
17
Аммўнликлар йиғилиб, Гилъадда қароргоҳ қуриб жойлашдилар. Исроил ўғиллари ҳам йиғилдилар ва Миспаҳда қароргоҳ қурдилар.
18
Халқ ва Гилъаднинг ҳокимлари бир-бирларига: “Ким аммўнликларга қарши жангни бошласа, ўша Гилъаднинг бор аҳолисининг бошлиғи бўлади”,- дейишди.