11
1
Гилъадлик Йефтаҳ жасур одам эди. Йефтаҳ фоҳишанинг ўғли бўлиб, Гилъаддан туғилган эди.
2
Гилъаднинг хотини унга ўғиллар туғиб берди. Хотинининг ўғиллари кучга тўлгач, улар Йефтаҳга: “Сен бизнинг отамизнинг уйида меросхўр эмассан, чунки сен ўзга аёлнинг ўғлисан”,- деб уни қувиб юбордилар.
3
Йефтаҳ ўзининг биродарларидан қочиб кетиб, Тоб ерида яшай бошлади. Йефтаҳнинг олдига эса бекорчи одамлар тўпланиб, у билан чиқиша бошладилар.
4
Бир оз вақтдан сўнг аммўнликлар Исроилга қарши жанг қилдилар.
5
Аммўнликлар исроилликлар билан жанг қилаётган пайтда Гилъаднинг оқсоқоллари Йефтаҳни Тоб еридан олиб кетиш учун келдилар.
6
Улар Йефтаҳга: “Кел, бизнинг сардоримиз бўлгин ва аммўнликлар билан жанг қиламиз”,- дедилар.
7
Йефтаҳ Гилъаднинг оқсоқолларига: “Мендан нафратланган ва мени отамнинг уйидан ҳайдаб юборган сизлар эмасми? Нима учун энди кулфатда қолганларингизда, менинг олдимга келдингизлар?”- деди.
8
Гилъаднинг оқсоқоллари Йефтаҳга: “Сен бизлар билан боришинг, аммўнликлар билан жанг қилишинг ва Гилъаднинг бор аҳолиси устидан бошлиқ бўлишинг учун биз энди сенинг олдингга келдик”,- дедилар.
9
Йефтаҳ Гилъаднинг оқсоқолларига: “Агар сизлар мени аммўнликлар билан жанг қилиш учун қайтариб олиб борсангизлар ва Раббий уларни менинг қўлимга топширса, мен сизларда бошлиқ бўлиб қоламанми?”- деди.
10
Гилъаднинг оқсоқоллари Йефтаҳга: “Раббий бизнинг орамизда гувоҳ бўлсинки, биз сенинг сўзинг бўйича қиламиз”,- дедилар.
11
Шунда Йефтаҳ Гилъаднинг оқсоқоллари билан бирга борди ва халқ уни ўзининг устидан бошлиқ ҳамда ҳоким қилиб қўйди. Йефтаҳ эса бу сўзларнинг барчасини Миспаҳда Раббий юзи қаршисида айтди.
12
Йефтаҳ аммўнликларнинг подшоҳига элчи юбориб: “Мен билан нима ишинг борки, сен менинг еримга мен билан жанг қилгани келдинг?”- деди.
13
Аммўнликларнинг подшоҳи Йефтаҳнинг элчиларига: “Исроил Мисрдан келаётганида, Арнондан Йаббоқ ва Йордангача менинг еримни олиб қўйди. Шунинг учун уларни тинчлик билан қайтариб бер”,- деди.
14
Аммо Йефтаҳ иккинчи марта аммўнликларнинг подшоҳига элчиларни
15
унга бундай дейиш учун юборди: “Исроил Мўабнинг ерини ва Аммўннинг ерини олган эмас,
16
чунки улар Мисрдан келаётганларида, Исроил саҳро орқали Қизил денгизга ва Қадешга келди.
17
Ўша ердан Исроил Эдўм подшоҳига: Сенинг ерингдан ўтишимга рухсат бергин, деб айтиш учун элчиларни юборди. Лекин Эдўмнинг подшоҳи қулоқ солмади. У Мўабнинг подшоҳига ҳам юборди, лекин у ҳам рози бўлмади. Шунинг учун Исроил Қадешда қолди.
18
У саҳро орқали кетиб, Эдўм ерини ҳамда Мўаб ерини четлаб ўтди. Мўаб ерининг шарқий ҳудудига келиб, Арнондан нарида қароргоҳ қуриб жойлашди. Лекин Мўабнинг чегарасига кирмади, чунки Арнон Мўабнинг чегарасидир.
19
Ўша пайтда Исроил амўрликларнинг подшоҳи, Ҳешбоннинг подшоҳи Сихонга элчиларни юбориб, унга: Сенинг ерингдан ўз жойимизга ўтишимизга рухсат бергин, деб айтди.
20
Лекин Сихон Исроилни ўз ҳудудидан ўтишига рози бўлмади ва Сихон ўзининг бор халқини йиғиб, Йаҳазда қароргоҳ қуриб жойлашди ҳамда Исроил билан жанг қилди.
21
Исроилнинг Раббий Худоси эса Сихонни ҳамда унинг бор халқини Исроилнинг қўлига топширди ва улар уларни тор-мор этдилар. Шунинг учун Исроил ўша ерда яшайдиган амўрликларнинг ҳамма ерларини мерос қилиб олди.
22
Улар Арнондан Йаббоққача ва саҳродан Йордангача амўрликларнинг ҳамма ҳудудларини мерос қилиб олдилар.
23
Шундай қилиб, Исроилнинг Раббий Худоси Ўз халқи Исроилнинг юзи олдидан амўрликларни қувиб юборди. Сен эса унинг меросини олмоқчимисан?
24
Сенинг худойинг Қемош сенга берганига сен эга эмасмисан? Биз ҳам бизнинг Раббий Худойимиз бизга мерос қилиб берган нарсаларнинг ҳаммасига эгамиз.
25
Ахир сен Мўаб подшоҳи Зиппор ўғли Балакдан яхшимисан? У Исроил билан баҳслашдими ёки у билан жанг қилдими?
26
Исроил Ҳешбонда ва унинг қишлоқларида, Ароэрда ва унинг қишлоқларида ҳамда Арнон яқинидаги барча шаҳарларда аллақачон уч юз йилдан буён яшамоқда. Нима учун сизлар уни ўша вақтларда тортиб олмадингизлар?
27
Мен эса сенинг қаршингда айбдор эмасман ва сен менга қарши уруш қилиб менга ёвузлик қиляпсан. Ҳакам Раббий бугун Исроил ўғиллари ва Аммўн ўғиллари орасида ҳакам бўлсин!”
28
Лекин аммўнликларнинг подшоҳи Йефтаҳнинг унга айтиб юборган сўзларига қулоқ солмади.
29
Раббийнинг Руҳи Йефтаҳга тушди. У Гилъадга ва Манашеҳга бориб, Гилъадга тегишли Миспаҳдан ўтиб, Гилъадга тегишли Миспаҳдан аммўнликларнинг олдига борди.
30
Йефтаҳ Раббийга назр атаб деди: “Агар Сен аммўнликларни менинг қўлимга топширсанг,
31
шунда мен аммўнликларнинг олдидан тинчлик билан қайтганимда, менинг уйимнинг дарвозасидан менга нима пешвоз чиқса, Раббийга тегишли бўлади ва шуни тамоман ёндириш қурбонлигига келтираман”.
32
Йефтаҳ аммўнликлар билан жанг қилиш учун уларнинг олдига келди ва Раббий уларни унинг қўлига топширди.
33
У уларни жуда буюк қирғин билан Ароэрдан Миннитгача йигирмата шаҳарни ва ҳатто Абел-Керамимгача қириб ташлади ва Аммўн ўғиллари Исроил ўғиллари қаршисида бўйсундилар.
34
Йефтаҳ Миспаҳдаги ўз уйига келганида, мана, унинг қизи доиралар ва рақслар билан унга пешвоз чиқди. У унинг ягона қизи бўлиб, унинг бошқа ўғли ҳам, қизи ҳам йўқ эди.
35
У уни кўрганида, ўз кийимини йиртиб юбориб: “Эҳ, қизгинам! Сен мени қулатдинг. Сен ҳам менинг тинчлигимни бузувчилар қаторидасан. Мен сен ҳақингда Раббий қаршисида оғзимни очдим ва ундан кеча олмайман”,- деди.
36
У унга: “Менинг отам! Сиз Раббий қаршисида оғзингизни очдингиз. Раббий сиз орқали сизнинг душманларингиз бўлган аммўнликлардан қасд олган пайтда оғзингиз нимани айтган бўлса, мен билан шуни қилинг”,- деди.
37
У отасига яна: “Менга фақат шундай қилинг: мени икки ойга қўйиб юборинг. Мен бориб, тоққа чиқаман ва дугоналарим билан бокиралигим учун йиғи қиламан”,- деди.
38
У: “Боргин”,- деди. У уни икки ойга қўйиб юборди. У дугоналари билан бирга борди ва тоғда ўзининг бокиралиги учун йиғи қилди.
39
Икки ой ўтганидан сўнг у отасининг олдига қайтиб келди. Йефтаҳ эса ўзи берган назрни унинг устидан амалга оширди ва у эр билан муносабатда бўлмади. Шунда Исроилда шундай удум пайдо бўлди –
40
Исроилнинг қизлари ҳар йили Гилъадлик Йефтаҳнинг қизи учун йиғи қилишга йилида тўрт кун тоққа борар эдилар.