12
1
Эфрайимнинг эркаклари йиғилиб, Зафондан ўтдилар ва Йефтаҳга: “Нима учун сен Аммўн ўғиллари билан жанг қилгани бординг, бизни эса сен билан боришга чақирмадинг? Биз сенинг уйингни сен билан бирга ёндириб юборамиз”,- дедилар.
2
Йефтаҳ уларга деди: “Мен ва менинг халқим аммўнликлар билан қаттиқ баҳслашаётган эдик. Мен сизларни чақирдим, лекин сизлар мени уларнинг қўлидан халос қилмадингизлар.
3
Сизлар мени халос қилмаётганларингизни кўриб, мен ўз ҳаётимни хавф остига қўйдим ва аммўнликларга қарши бордим, шунда Раббий уларни менинг қўлимга топширди. Нима учун энди сизлар мен билан жанг қилгани келдингизлар?”
4
Йефтаҳ Гилъаднинг ҳамма аҳолисини йиғди ва эфрайимликлар билан жанг қилди. Гилъаднинг аҳолиси эса: Сизлар – Эфрайимнинг қочқинларисизлар, Гилъад эса Эфрайим ва Манашеҳ орасида, деб эфрайимликларни тор-мор келтирдилар.
5
Гилъадликлар Йорданнинг кечувини эфрайимликлардан тортиб олдилар. Омон қолган эфрайимликлардан кимдир: “Менинг кечиб ўтишимга рухсат беринглар”,- деса, Гилъаднинг аҳолиси унга: “Сен эфрайимлик эмасмисан?”- дер эди. У: “Йўқ”,- деб жавоб берса,
6
улар унга: “Шибболет дегин,”- дейишар эди, у эса: “Сибболет,”- дер эди ва тўғри талаффуз қила олмас эди. Шунда улар, уни қўлга олиб, Йорданнинг кечувида қатл қилар эдилар. Ўша пайтда эфрайимликлардан қирқ икки минг киши қулади.
7
Йефтаҳ Исроилда олти йил ҳакамлик қилди. Сўнг гилъадлик Йефтаҳ вафот этиб, Гилъаднинг шаҳарларидан бирида дафн этилди.
8
Ундан кейин бейт-леҳемлик Ибзан Исроилда ҳакам бўлди.
9
Унинг ўттиз нафар ўғли бор эди. У ўттиз нафар қизини уйидан турмушга чиқариб юборди, ўттиз нафар қизни эса ташқаридан ўғилларига хотинликка олди. У Исроилда етти йил ҳакам бўлди.
10
Сўнгра Ибзан вафот этди ва Бейт-Леҳемда дафн этилди.
11
Ундан кейин Забулун қабиласидан бўлган Элон Исроилда ҳакам бўлди ва Исроилни ўн йил ҳукм қилди.
12
Сўнгра Элон вафот этди ва Забулун еридаги Ойжавлонда дафн этилди.
13
Ундан кейин пиратонлик Хиллелнинг ўғли Абдон Исроилда ҳакам бўлди.
14
Унинг қирқ нафар ўғли ва ўттиз нафар набираси бор эди, улар етмишта ёш эшакда юрар эди. У Исроилни саккиз йил ҳукм қилди.
15
Сўнг пиратонлик Хиллелнинг ўғли Абдон вафот этди ва Амалеқ тоғидаги, Эфрайимнинг еридаги Пиратонда дафн этилди.